Ўз навбатида, агар бу тенденция давом этса, 2030 йилгача камҳаракатлик кўрсаткичи 35 фоизгача ошиши мумкинлиги ҳам айтилганди.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ушбу таҳлилларга асосланиб, кеча жисмоний фаоллик тарғиботига доир янги қўлланмани эълон қилди.
Ундан ўрин олган кўрсатмалар спорт машғулотлари орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Хусусан, қўлланмада ҳафтасига 150 дақиқа ўртача интенсивликдаги жисмоний фаоллик билан шуғулланиш тавсия қилинган. Ёки 75 дақиқалик кучли жисмоний фаоллик ҳам бунинг ўрнини боса олади.
Акс ҳолда, камҳаракатлик инфаркт, инсульт, 2-тур қандли диабет, деманс, кўкрак ва йўғон ичак саратони каби касалликларнинг ривожланиш хавфини оширади.
Хўш, бюро тавсияларига амал қилиш орқали қандай натижаларга эришиш мумкин?
Янги қўлланмада бу саволнинг жавоби ҳам акс этган.
Қайд этилишича, агар Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ҳафтасига 150 дақиқалик жисмоний фаолликка эришса, 2050 йилгача 11,5 миллионта касалланиш ҳолатининг олдини олса бўлади.
Жумладан, 3,8 миллион киши юрак-қон томир хасталикларига, 400 минг нафар одам саратонга чалиниш хавфидан ҳимояланади.
Қолаверса, бу орқали минтақа бўйича йилига беморлар саломатлигини тиклашга сарфланадиган 8 миллиард евро миқдоридаги харажатларни тежашга эришилади.








