Қайд этилишича, дунё миқёсида инфекцияларнинг дори воситаларига чидамлилиги ҳар йили ўртача 5–15 фоизга ошиб боряпти. Бу антибактериал препаратларнинг ортиқча ва нотўғри қўлланилаётгани билан боғлиқ.
Масалан, E.coli (Escherichia coli) бактерияларининг 40 фоизи, Klebsiella pneumoniae бактерияларининг эса 55 фоизидан ортиғи айни пайтда пешоб йўллари, қон ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволашда кенг қўлланиладиган антибиотикларга чидамли.
Айрим инфекциялар эса ҳозирда мавжуд барча дори воситаларига фаол қаршилик кўрсата олади. Сальмонелла, олтин стафилококк ва E.coli бактериялари сабабли йилига миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда.
ЖССТ вакили Сильвия Бертаньолионинг маълум қилишича, 2021 йилда антибиотикларга чидамли бактериялар туфайли қарийб 8 миллион одам вафот этган.
Шундан келиб чиқиб, ҳисоботда янги авлод антибиотикларини яратиш бўйича илмий тадқиқотларни жадаллаштириш лозимлиги айтилган. Ўз навбатида, бундай воситалардан фойдаланишни камайтириш зарур. Бу орқали бактериялар чидамлилиги ошишини секинлаштириш мумкин.








