Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 40 минг 474 та кам таъминланган эҳтиёжманд оила мавжуд бўлиб, аввало, уларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Зарур тақдирда оилаларга моддий ёрдам ҳам кўрсатиляпти.
Барча шаҳар ва туманлардаги ижтимоий начор оилалар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 9 мингдан ортиқ ҳомий ташкилотларга бириктирилди. Пандемия даврида 49 мингдан зиёд оилаларга жами 20,5 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, вақтинча ишсиз қолган 68 274 нафар аҳолининг 44,5 мингдан зиёдининг бандлиги таъминланди.
Айниқса, бу борада вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Оққўрғон туманининг “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 42-уйда истиқомат қилувчи Муҳаббат Мирзааҳмедованинг уйи ҳомий корхоналар томонидан таъмирлаб берилди.
– Туманимиздаги 29 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида нуроний жамоатчилик раислари фаолияти йўлга қўйилган, – дейди меҳнат фахрийси Мирмуҳаммад Нодиров. – Ҳар бирида 7-8 нафар маслаҳатчилар бўлиб, улар маҳаллаларни айланиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишишади, томорқаларда зарур экинларни экиш юзасидан маслаҳатлар бераётганлиги диқққатга сазовордир. Уйма-уй юриб, камбағал ва кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилиб, мутасадди ташкилотларга етказилмоқда. Илгари кам таъминланганлар кўп эди, ҳозир камайиб бормоқда. Сабаби оилалар томорқадан унумли фойдаланишни йўлга қўйяпти, энг асосийси, ҳунармандчилик билан шуғулланишмоқда. Шу билан бирга, маҳаллаларни обод қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент туманида ҳам бу борада ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўриляпти. Асосий эътибор томорқадан самарали фойдаланишга қаратилаётганлиги натижасини бермоқда. Ҳомийлик тариқасида ихчам иссиқхоналар қуриб берилаётганлиги эса оилалар бюджетига катта ёрдам бўляпти. “Қизғалдоқ” фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилноза Абдуллаева хонадонида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан уч сотихли ерда иссиқхона барпо этилди.
– Бу йил бир марта ҳосил олдик, – дейди уй бекаси Дилноза Абдуллаева. – Энди иккинчи марта экин экишга тайёргарлик кўряпмиз. Оила аъзоларимиз билан ҳамжиҳатликда меҳнат қилаётганимиз боис, натижа ёмон бўлмаяпти. Рўзғоримиз бут. Энг муҳими, оила аъзоларимнинг бандлиги таъминланган. Мутасаддиларга раҳмат, барака топишсин.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бошқа ҳудудларда ҳам бундай тадбирлар изчил олиб борилаётганлиги боис, кам таъминланган, ижтимоий жиҳатдан ночор оилалар сон камайиб бормоқда.