Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалаллари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Бу йўналиш мамлакатимизда 2020 йилда бошланган эди. Ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмасди. Ўтган йилларда 3,5 миллион одамни даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди.

    Аввало, ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра кенгайтирилиб, ўтган йили 12,3 триллион сўм йўналтирилди. Пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар кўпайтирилди.

    Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилди. Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун тарқатилди.

    Яна бир мисол – 2020 йилдан буён 3 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оладиган ишчилар 2 баробар, 5 миллиондан 7 миллион сўмгача олувчилар эса 3 баробар ошди. Буларнинг натижасида камбағаллик даражаси йилига ўртача 3 фоизга камайиб бораяпти.

    Лекин, бу борадаги ишлар ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмас. Масалан, ўтган олти ойда Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган. 15 та туманда камбағаллик 20 фоиздан юқори.

    16 та туманда аҳолига бўлиб берилган ерларда 2-3 мартадан ҳосил олингани ҳисобига камбағаллик 2 карра камайган. Лекин 14 та туманда ўзгариш сезилмаяпти.

    Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзорларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим.

    Бугунги кунда корхоналарда 250 мингта вакант бор. Лекин, камбағал оилаларнинг 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам. Яна айримлари сурункали касалликлар туфайли тайинли ишлай олмаяпти. Камбағал оилаларнинг 83 фоизида томорқа бор, лекин сув, электр ва йўл билан боғлиқ муаммолар қийинчилик туғдираяпти.

    Йиғилишда шу каби масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгиланди.

    Давлатимиз раҳбари кейинги йиллар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётганини маълум қилди. Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистонни навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади.

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳокимликлар билан бирга бу йил ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқади. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади. Иқтисодий комплекс оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланади. Бунда энг катта масъулият туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари зиммасида бўлади.

    Одамларнинг иши юришиши маҳаллалардаги шароитга ҳам боғлиқ. Шу боис келаси йили маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилади. Бунинг бир қисми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.

    Бугун юртимизда камида 50 та иш ўрни яратган 9 минг 200 га яқин тадбиркор бор. Уларнинг режалари қўллаб-қувватланса, фаолиятини кенгайтириб, яна ишчи олиши мумкин.

    Масалан, Андижон вилоятидаги 58 та парранда корхонаси тухум етиштиришга 10 минг эҳтиёжманд аҳолини жалб қилиш, 660 та балиқ хўжалиги кооперация орқали яна шунча иш жойи яратиш ташаббусини билдирган.

    Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳаларни молиялаштириш бўйича янги тизим қилиш ва бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

    Икки йил аввал Президент фармони билан умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорларга ижтимоий солиқдан имтиёз берилган эди. Бунинг натижасида қатор корхоналар Тошкент, Самарқанд ва Андижонда 2 минг одамни ишли қилди. Шу имтиёз яна 2 йилга узайтириб берилса, тадбиркорлар яна ўн минглаб эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр.

    Саноатда энг кўп иш ўрни яратадиган тармоқ – тўқимачилик. Бу соҳа тадбиркорлари ҳам икки йил аввал тайёр трикотаж, бўялган мато ва газлама корхоналарига ижтимоий солиқдан берилган имтиёзни узайтириб беришни сўраган.

    Аҳоли бандлигидаги аҳамиятини инобатга олиб, мутасаддиларга бу соҳаларга имтиёзларни узайтириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

    Агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ўша ишчига ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолади. Ушбу имтиёз нафақат тўқимачиликка, балки барча соҳадаги корхоналарга берилади. Бу орқали тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси, озиқ-овқат, чорвачилик ва қурилиш тармоқларида юз минглаб камбағал аҳолини ишли қилиш мумкин.

    Ўтган йилларда 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончлилик учун ажратилган эди. Энди яна 50 минг гектар ер 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилиши айтилди.

    Ушбу ерларда “компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этилади. Бунда, Хитой тажрибаси асосида, ердан уч хил даромад оладиган тизим қилинади:

    1) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва экспорт қилувчи катта компания камбағал оилалардан ерни иккиламчи ижарага олади.

    2) ёки ер эгалари улушдор сифатида кооперацияга бирлашиб, компаниялардан буюртма олади ва топилган даромад улар ўртасида тақсимланади.

    3) ҳар икки ҳолатда ҳам ушбу аҳоли ерда ўзи маҳсулот етиштириб, бунинг учун ойлик олади.

    Яъни, камбағал оила ўзига берилган ердан янада самарали фойдаланиб, ойлик олиш билан бирга, ижара ёки дивиденддан даромад кўради. Компания эса бир контурда бир маҳсулот етиштириб, сифат ва таннархдан ютади.

    Бандлик лойиҳаларини амалга оширишда микромолия хизматлари ҳам муҳим ва бу борадаги имкониятлар кенгаймоқда.

    Энди 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади. Шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит ажратилади.

    Савдо-саноат палатаси ҳузурида тадбиркорларга ишчи топиб, уларни тайёрлаб берадиган марказ ташкил қилинади. Камбағал оила аъзоларига корхона талабига мос кўникмалар ўргатилиб, ишга жойлаштирилади.

    Ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасида олий маълумотлилар бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун улар фоизсиз таълим кредитлари, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамлар орқали қўллаб-қувватланади.

    Умуман, давлатимиз раҳбари бу мақсад жуда кенг кўламли экани, унга барча ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлади.

    – Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Йиғилишда Бош вазир ўринбосари, вилоят ва туман ҳокимлари ахборот берди. Камбағал оилалар учун ажратилаётган маблағларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш, масъулларнинг бу борадаги ишларини муҳокама қилиб, муаммоларни ҳал этиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.


    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates