Канада – хоккей бўйича Олимпиада чемпиони!

    Пекин-2022 Қишки олимпия ўйинларининг аёллар ўртасидаги хоккей ва тоғ чанғи спортининг суперкомбинация мусобақаси якунланди.

    Хоккейда Канада терма жамоаси амалдаги чемпион АҚШни 3:2 (2:0, 1:1, 0:1) ҳисобида мағлуб этиб, 24-Қишки Олимпиада чемпионига айланди.

    Канадаликлар таркибида Мари-Филип Пулен дубль муаллифига айланди. Яна бир шайба Сара Нурс ҳисобига ёзилди. АҚШ таркибида киритилган голларга Хилари Найт ва Аманда Кессел муаллифлик қилишди.

    Таъкидлаш жоиз, Мари-Филип Пулен 4 та Олимпиада финалида дарвозага шайба киритган тарихдаги биринчи хоккейчига айланди. Пулен шунингдек, Канада терма жамоасининг Олимпиада очилиш маросимидаги байроқдори ҳам бўлганди.

    Тоғ чанғи спортининг суперкомбинациясида эса швейцариялик Мишель Гизин энг яхши натижа билан Олимпиада чемпионига айланди. Унинг ватандоши Венди Холденер кумуш, италиялик Федерика Бриньоне бронза медалини қўлга киритди.