баннер
24 апр 2025
19:09

    Каналларни бетонлаштирсак, сувни тежаймиз, ҳосилга барака киради, фойдамиз кўпаяди

    Сувни тежаш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланган.

    Сўнгги пайтларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш бўйича чоралар кўлами тобора кенгайиб бораётгани ана шу долзарблик ортидаги саъй-ҳаракатлардир. Буни биз Қорақалпоғистондаги ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

    Оқманғит каналининг Нукус туманидаги 9,5 километр қисмини бетонлаш учун 9,5 миллиард сўм ажратилган бўлиб, ушбу жараёнга тайёргарлик кўрилмоқда.

    Оқманғит хўжаликлараро канали ўтган асрнинг 60­йилларида ишга туширилган. Бу канал жиддий эътиборталаб.

    Канал Каттағар магистрал каналидан сув олиб, Нукус туманидаги “Оқманғит”, “Каттағар” ҳамда “Дарсан” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги томорқалар ҳамда 29 та фермер хўжалигининг жами 2850 гектар экин майдонига сув етказиб беради. Канални бетонлаш натижасида эса йиллик ҳисобда 5 миллион 443 куб метр сув тежалиши режалаштирилган. Бу кич-кина рақам эмас.

    Тахтакўпир туманидаги Эски Қуваниш жарма каналининг 6,3 километр оралиғини реконструкция қилиш ишлари ҳам белгиланган бўлиб, унга 9 миллиард сўм ажратилган.

    Канални бетонлаш натижасида тумандаги Даўир, Айдин жол ва Тахтакўпир маҳаллалари томорқаларини суғориш самарадорлиги ошиши натижасида йиллига 5 миллион 443 куб метр сув тежалиши кўзда тутилган.

    Нукус шаҳрининг қоқ марказидан ўтувчи Дўстлик каналини реконструкция қилиш, яъни белгиланган 4 километр қисмида бетонлаш ниҳоясига етказилди. Ушбу ишлар “Кегейлимахсуссувпудрат” корхонаси томонидан бажарилди. У Қорақалпоғистон шимолидаги энг йирик каналлардан бўлиб, узунлиги 25,2 километрни ташкил этади. Канал орқали Нукус шаҳри, Тахтакўпир, Қораўзак, Кегейли, Чимбой ва қисман Нукус туманлари экин майдонларига сув етказилади.

    Дўстлик каналида бетонлаш ишлари якунлангач, кейинги кунларда мазкур каналга секундига 100 куб метргача сув берилиб, ҳудуднинг шимолий туманларида шўр ювиш тадбирлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

    Каналларни бетонлаш орқали сув истеъмолчиларига йўқотишсиз етиб келади, вақт тежалади. Бундан, аввало, халқимиз, фермер ва кластерларимиз манфаатдор.

    Жорий йилга белгиланган режага мувофиқ, Қорақалпоғистонда каналларни реконструкция қилиш, бетонлаш ишлари жадал давом этмоқда.

    Айни кунларда Тахиатош туманидаги Эски Кенагас каналини реконструкция қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу ишлар “VORIS CHINA” қўшма корхонаси қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача объектнинг 1,44 километр қисмида тупроқ ишлари ва 500 метр қисмида бетонлаштириш ишлари бажарилди.

    — Ушбу канални бетонлаштириш лойи­ҳасини ишлаб чиқишда қатор муҳим масалалар эътиборга олинди, — дейди Тахиатош тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Одил Назаров. — Лойиҳада тупроқ ҳажми нисбатан кўпайди, лекин келгусида каналдаги кам сув билан ҳам кўп фермерлар даласи ўзи оқар тизимда суғориладиган бўлади.

    Шунингдек, Тахиатош тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси жамоаси “Найманкўл” овул фуқаролар йиғинидаги Алибек салма ариғига қуруқ бетон тўшамаларини ётқизмоқда. Бу ҳам ички суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтиришга қаратилган тадбирларга янгича ёндашувларнинг бири бўлмоқда.

    Кегейли туманидаги Қуваниш жарма ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларини тозалаш, дамбаларни таъмирлаш, гидротехник иншоотлар, сув ўлчаш постларини жиҳозлаш бўйича ҳам аниқ чора­тадбирлар амалга оширилмоқда. Дўстлик канали дамбасининг 1,7 километр қисми ҳам таъмирланмоқда.

    Нукус туманида жойлашган Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли насос станциясида эски агрегатлар ўрнига замонавий энергия-тежамкор агрегатлар ўрнатилмоқда.

    — Ушбу насос станциясидаги 110 ки-ловатт­соат қувватда ишлайдиган насос агрегати ўрнига замонавий, яъни соатига 22,5 киловатт энергия сарфлайдиган 3 дона қурилма агрегат ўрнатилди, — дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес Сарибоев. — Натижада соатига ўртача 87,5 киловатт электр энергияси иқтисод қилинади. Насос агрегатлари ўртача йилига 2100 соат ишлайдиган бўлса, жами 183 минг 750 кило-ватт электр энергияси, яъни 183 миллион 750 минг сўм тежалишига эришилади.

    Қорақалпоғистондаги сув таъминоти оғир бўлган Тахтакўпир, Қораўзак ва Чимбой туманларида ҳам грант маблағлари асосида соатига 110 киловатт электр энергияси сарфлайдиган насос агрегати ўрнига кам қувватда ишлайдиган 6 дона қурилма ўрнатиш режалаштирилмоқда. Натижада эса йилига ўртача 459 минг 900 киловатт электр энергияси тежалади.

    — Бугун фермерларга, биринчи галда, эски насос агрегатларини янгилаш орқали кам электр энергияси билан олдинги миқдорда сувни чиқаришни таклиф этяпмиз. Қуёш панеллари ўрнатиш орқали каттагина маблағ тежалишига ҳам эришилади. Биз суғориш мавсумидаги қуёшли кунлар, агрегатга сарфланадиган электр энергияси ҳисоб­китобини қилиб, мақбул бўлган ускуналарни ўрнатдик. Электр тармоқларининг туман бўлимлари билан шартнома қилиниб, ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий тармоққа узатилади. Насос агрегатига сарфланган энергия билан ҳисоб­китоби олиб борилади, — дейди Кенес Сарибоев.

    Сув ҳаёт­мамот масаласи экан, биз уни тўғри сарфлашни ўрганишимиз керак. Шу боис, сув ресурсларидан фойдаланишда самарадорликни ошириб, сарфни камайтиришимиз зарур. Бугунги кунда кўпчилик сувнинг ҳисоби борлигини, уни ўз меъёрида ишлатиш кераклигини тушуниб етмоқда. Сувни тежамасак, эртага уни топа олмаймиз.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech