Шу боис, дунё ҳамжамияти, мамлакатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳаёт манбаини тежашга эътибор қаратиб, аниқ мақсадли чоралар ишлаб чиқяпти. Чунки келгуси натижа учун чоралар ҳозир керак.
Ўзбекистонда сув танқислиги 2030 йилга бориб, 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин. Мамлакатимиз ҳудудида ишлатиладиган сувнинг асосий қисми қўшни давлатларда шаклланиб, оқиб келади. Йиллик ёғингарчилик миқдорига қараб сувнинг 15-20 фоизи юртимиз ҳудудида ҳосил бўлади, холос. Афсуски, сўнгги йилларда минтақада ёғингарчилик кам бўлаётгани сабабли йирик дарё ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфи камайиб бораётир. Буни юртимизда илгари ишлатилган йиллик 60-64 миллиард куб метр ўрнига сув таъминоти 51-53 миллиард куб метргача камайганидан ҳам англаш қийин эмас. Бироқ давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли минтақа мамлакатлари ўртасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш руҳида амалга оширилмоқда. Бу эса қўшнилар билан сув хўжалиги соҳасида йиғилиб қолган кўп йиллик муаммоларни осон ҳал қилиш имконини бермоқда.
Қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро объектлардан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки ҳамда кўп томонлама манфаатли ҳамкорлик изчил давом эттириляпти. Хусусан, бу борада ўтган йилда бир нечта учрашув ўтказилиб, муҳим келишувларга эришилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилишларида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида вегетация ва кузги-қишки мавсум учун сув олиш лимити тақсимоти, шунингдек, минтақада трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда сув хўжалигидаги долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
2024-2025 йилларда Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан икки томонлама қўшма ишчи гуруҳлар йиғилишларида қатор муҳим келишувларга эришди. 2024 йил июнда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида Баҳри тожик сув омборини 2024 йил июнь август ойларида ишлатиш бўйича уч томонлама баённома имзоланди ҳамда вегетация мавсумида Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари учун қўшимча 1 миллиард куб метрдан ортиқ сув олинишига эришилди.
Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадаги Катта Ҳисор каналини тозалаш ва таъмирлаш ҳисобига йилига ўртача 350 миллион куб метргача сув олиб келинадиган бўлди.
Ўзбекистон — Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси доирасида кўриб чиқилаётган масалалар ижобий ҳал этилаётгани сабабли бугун Туямўйин сув омборида 5 миллиард куб метрдан ортиқ ёки аввалги йилга нисбатан 500 миллион куб метр кўп сув захираси яратилди.
Қозоғистон билан йўлга қўйилган яқин алоқалар натижасида ўтган йилда Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги экологик вазиятни яхшилаш учун «Чордара» сув омборидан 700 миллион куб метрга яқин сув ташланган бўлса, 2024 йил декабрида Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги билан келишувга асосан Чордара сув омборидан йил бошидан бугунга қадар 1,4 миллиард куб метрдан ортиқ сув олинди. Бундан ташқари, кўллар тизимига коллекторлар орқали кунига 5,5-6 миллион куб метр, йилига ўртача 3,5 миллиард куб метр сув ташланмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан туманларда «Сув етказиб бериш хизматлари» давлат муассасалари ташкил қилинди. Шунингдек, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер майдонини сув билан таъминлаш мақсадида манбанинг сувлилик даражасидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман кенгашларидан сув олиш лимитини тасдиқлатиш бўйича янги механизм йўлга қўйилди.
Бундан ташқари: Солиқ кодексига сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланиши белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ҳамда нуқталарни ўлчаш ускуналари билан жиҳозлаш фойдали эканини ҳисобга олиб, ушбу механизмнинг самараси тўғрисида фермер ва деҳқонлар орасида тушунтириш ишлари бажарилмоқда.
Ўтган йили «Сув етказиб бериш хизматлари» давлат муассасалари томонидан истеъмолчиларга 26,2 миллиард куб метр сув етказиб берилди. 2,3 миллиард куб метр сув шўр ювиш ишлари учун ишлатилди. Фермер ва агрокластерларга 2023 йилда 8,6 миллиард куб метр сув ресурсларининг истеъмолчилар кесимида ҳисоб-китоби солиқ органларига тақдим этилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 1,7 баробар ошиб, 14,3 миллиард куб метрни ташкил қилди.
Яна бир муҳим масала шуки, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга хизмат қиладиган 165,6 минг километр суғориш тармоқлари мавжуд. Шундан 28,7 минг километри магистраль, туманлараро ва хўжаликлараро каналлар ҳамда 136,9 минг километри ички суғориш тармоқлари ҳиссасига тўғри келади.
2023 йилда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 28,7 километр ирригация тармоқларида бетон қопламали каналлар улуши 10,7 километр ёки 38 фоизни ташкил қилган. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 29 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида суғориш тармоқларида сув йўқотишларини кескин камайтириш мақсадида 2024 йил «Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» деб эълон қилинди.
2024 йилнинг ўзида каналларни бетонлаштириш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда халқаро молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағлари ҳисобидан 19 миллион доллар жалб этилди. Хусусан, бюджет маблағи эвазига 437,3 километр ҳамда халқаро молия институтлари ҳисобидан 48,2 километр канал бетонлаштирилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йил 7 ноябрда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар асосида 159 та тумандаги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларига тегишли суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари учун 80 миллиард сўм ажратилди. Бугунга қадар 6,4 миллиард сўмлик 9,2 минг тонна цемент маҳсулоти арзон нархда харид қилинди ва 2,7 минг километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Бундай ислоҳотларга сув истеъмолчилари ҳам бефарқ эмас. Фермерлар ва кластер корхоналари томонидан ҳам ўз ҳудудидаги суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари жадал суръатда бажарилмоқда. Улар 2024 йилда 13,3 минг километр ички тармоқларни бетонлаштирган, жорий йилда 15 минг километр ариқни бетонлаштиришни режа қилган. Ҳозирга қадар 6,8 минг километрда бетонлаштириш ишлари якунига етказилган. Натижада ўтган йили 8 миллиард куб метр сув ресурси йўқотилишининг олди олиниб, такрорий экинларни кафолатли сув билан таъминлаш имкони яратилди.
Қишлоқ хўжалиги сув ва энергия ресурсларини энг кўп истеъмол қилувчи соҳалардан биридир. Бу ўринда, айниқса, насос агрегатларининг улуши катта. Шу боис, жорий йил «Насослар самарадорлигини ошириш йили» деб эълон қилингани қишлоқ хўжалигига ҳам, фермеру деҳқонга ҳам катта фойда келтиради.
Шу ўринда сўнгги беш йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича қатор имтиёзлар ва переференциялар ажратилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айтайлик, 2019 йилгача сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларнинг умумий кўрсаткичи 28 минг гектарни ёки суғориладиган майдонларга нисбатан 1 фоизни ташкил этган бўлса, айни пайтда 1,9 миллион гектарга ёки уларнинг умумий кўрсаткичи суғориладиган ер майдонига нисбатан 46 фоизга етди. 2017-2024 йилларда 560 минг гектарда томчилатиб, 90 минг гектарда ёмғирлатиб, 59 минг гектарда дискрет ва бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди, 1,1 миллион гектар ер лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Сув масаласи устувор аҳамият касб этаётган экан, уни исроф қилмасликни тарғиб қилиш ишларини бир зум ҳам сусайтириб бўлмайди. Юртимиз бўйлаб «Сувчилар мактаби», олий таълим муассасалари тажриба майдонлари ва фермер хўжаликлари дала майдонларида ҳамкорлик асосида «Дала ўқув» тажриба майдончалари ташкил қилингани бунда қўл келмоқда.
Мамлакатимизда 2030 йилга қадар бетон қопламали каналлар улушини 46 фоиз ёки 13,2 минг километрга, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерлар умумий майдонини 2 миллион гектарга етказиш мақсад қилиб олинган. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда 1,35 триллион сўм ҳисобига 586,5 километр канал, 21 километр лоток тармоқлари, 45,3 километр ёпиқ суғориш қувурлари ҳамда 167,9 километр очиқ коллектор, 109,5 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилади. 570,4 километр магистраль каналлар ва 15 минг километр ички хўжалик ирригация тармоқлари бетон қопламага ўтказилади. Сув тежайдиган технологиялар қамрови қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг 55 фоизига яқин ёки 2,4 миллион гектарга етказилади. Пировардида йил якуни билан ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,68 гача ошади ҳамда қишлоқ хўжалигида 10 миллиард куб метр сув иқтисод қилинади.
Шавкат ҲАМРОЕВ,
сув хўжалиги вазири