Касб-ҳунар – фаровон ҳаёт калити

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 1 декабрь сонида журналист Суҳроб Шеровнинг “Касб-ҳунар – фаровон ҳаёт калити” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли уларни касбҳунарга ўқитиш экани мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. Ўтган қисқа вақтда аҳолининг ишсиз қатлами, хусусан, ёшларни касб-ҳунар таълимига жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъи назар, ҳаётида асқатадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада эса мономарказлар фаолияти муҳим аҳамият касб этяпти.

    Ҳозир мономарказга келганларга, аввало, бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Мурожаатчи иш жойига эга бўлмаса, бўш иш ўринлари таклиф этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар доимий квотали иш билан таъминланиши мумкин. Касбий малака талаб этиладиган соҳани танлаганлар эса марказдаги қисқа муддатли ўқув курсларига жалб қилинади. Одатда бундай курслар 1 ойдан 3 ойгача давом этади.

    Ҳар бир курс учун белгиланган ўқитиш муддати ва машғулот соати ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, “World Skills” ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозори талаби, таклиф ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бошқа таълим тизимидан фарқли ўлароқ, машғулотлар 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда олиб борилади. Бу ҳам самарали натижаларга эришишнинг бош омили бўлмоқда.

    Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида тингловчилар 32 йўналишдаги касб-ҳунарга ўқитилади. Айни кунда у ерда мингдан зиёд тингловчи касб-ҳунар ўрганмоқда. Ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар учун қулайликлар яратиш мақсадида олис туманларда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиб, ушбу филиалларга 1300 нафардан ортиқ ёш жалб этилган.

    Туманлардаги ўқув курслари фуқароларнинг келиб кетиши билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, иш берувчилар талабидан келиб чиққан ҳолда ишчи тайёрлаш, кўпроқ амалиёт орқали тажрибали ишчи кучини тезкорлик билан шакллантириш имконини бермоқда. Шу кунга қадар мономарказда 3265 нафар тингловчи ўқиб, сертификатга эга бўлди. Шундан 2403 нафари хотин-қиз. 2644 нафар битирувчи иш билан таъминланди, 350 нафари хусусий тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

    Жаҳон банки ҳисобидан автомобилларга хизмат кўрсатишнинг 4 та соҳаси бўйича 273 турдаги жиҳозлар учун 600 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилгани ҳам мономарказ фаолияти кўламини янада кенгайтирди. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Германия каби давлатлар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, Хитойнинг СРЕСС компанияси билан электрик, пайвандловчи каби 12 та касб бўйича битирувчиларни иш билан таъминлашга келишиб олинди. Шунингдек, мономарказ ҳамда Германиянинг “NoVo Agency” ташкилоти ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига асосан, ГФРнинг тиббиёт муассасаларида ишлаш истагида бўлган тингловчилар учун машғулотлар ташкил этилмоқда.

    — Мономарказ тингловчилари халқаро беллашувларда, жумладан, касб-ҳунар усталарининг маҳорати намойиш этиладиган, янги иқтидор эгалари кашф қилинадиган WorldSkills танловида ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Хусусан, WorldSkills танловининг жорий йил сентябрь ойида Москва шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё босқичида мономарказ тингловчиси Алберт Исхаков сартарошлик санъати бўйича 3-ўринни эгаллади. Бу ҳам марказимиздаги тизимли ишлар самарасидир, — дейди Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори Алихон Умаров.

    Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг натижасида доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинаётган хотин-қизлар сафи кенгайяпти.

    — Шу вақтга қадар уйда ишсиз эдим. Маҳалла фаоллари кўмаги билан “Ишга марҳамат” мономарказига ҳужжат топширдим. Ҳозир тикувчиликни ўрганяпман. Биз учун бу ерда барча шароит яратилган. Яқин орада тегишли сертификатни олиб, ўзим мус тақил иш бошламоқчиман. Ўрганганларим туфайли келгусида моҳир тикувчи бўлиб, оиламга яхшигина даромад келтиришига ишонаман, — дейди марказ тингловчиси Қундуз Маҳмудова.

    Касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қилинаётган ишлар ҳарбий қисмларда Ватан олдидаги бурчини ўтаётган ёшларни ҳам қамраб олмоқда. Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда ҳарбий қисм ўртасида шартнома имзоланиб, унга асосан, 250 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ва аскар етти йўналиш бўйича касб-ҳунар ўрганмоқда. Жумладан, ҳарбийлар пайвандчилик, автосервис, кран машинисти, электрик, маиший техника тузатиш, веб дастурчилик, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия, инглиз ва рус тиллари йўналишларида таҳсил оляпти.

    Ихтисослаштирилган ўқув хоналаридаги шароит аскарларнинг таълим олиши учун қулай ҳамда тезкорлик билан зарур кўникмаларни ўзлаштиришига имкон бермоқда. Натижада аскарлар йигитлик бурчини ўтаб, оилалари бағрига ҳунарли бўлиб қайтмоқда. Ҳунармандлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, айниқса, янгидан фаолият бошлаган ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида Модарихон мадрасаси Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ихтиёрига берилди.

    Ушбу тарихий обида ҳунармандлик маркази мақомини ҳам олди. Бу ерда Бухоронинг 20 га яқин қадимий ҳунар тури билан шуғулланаётган уста-ҳунармандларнинг санъат намуналари билан танишиш мумкин. Ҳар бир устага 10-15 нафар шогирд бириктирилган. Мазкур обидага хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш чоралари ҳам кўриляпти.

    Ушбу маданий мерос инфратузилмасини жадал ривожлантириш, объектдан самарали фойдаланиш, аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, бу ерни салоҳияти юқори туризм масканига айлантириш учун бирламчи ишлар бажарилмоқда. Маълумотларга кўра, камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида 2023 йилда тингловчилар сонини 4700 нафарга етказиш, бу орқали вилоятдаги ишсизликни 6 фоиз қисқартириш режалаштирилган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates