Қадрият ахлоқий талаб сифатида одамларнинг хатти-ҳаракати ва турмуш тарзи, интилиш ва эҳтиёжларини белгилайди, маънавий мезон бўлиб тўғри йўлга солиб туради. Уларни барқарорлаштириш бутун халқ, давлат ёки қавмларни узоқ вақтга қадар аниқ мақсадлар йўлида бирлаштиради, фаолиятининг йўналишини белгилайди. Мана нима учун каттагина даврни қамраб олувчи миллий стратегиялар ишлаб чиқилади!
Қадриятлар муайян давр эҳтиёжининг маҳсули бўлиш билан бирга унинг кўзгуси ҳамдир. Улар ижтимоий тараққиёт жараёнида намоён бўлади. Иқтисодий, сиёсий, маданий муносабатларни ўзида акс эттиради. Ўзгариб, такомиллашиб боради. Тарихий тараққиёт жараёнидаги ўзгаришлар, ривожланишлар қадриятлар мазмунида ўз ифодасини топади.
Жамиятда юз бераётган ҳодисалар шахс онгида янгиланишни келтириб чиқаради. Янгиланиш эса қадриятларнинг туб моҳияти билан боғлиқ. Агар улар сайқалланиб, бойиб бормаса, у тез орада эскириб, тараққиётга тўсиқ бўладиган ҳодисага айланиб қолади.
Ўтган мингйилликнинг ҳар асрида халқимизда қандай миллий қадриятлар шаклланмади дейсиз. Шу билан бирга, тарихимиз мағзи пуч чиққан юзлаб ғоя ва мақсадларга ҳам гувоҳ бўлди. Сулолалар алмашинуви даврига тўғри келган XI аср бошини олайлик. Фан ва маданият гуллаб-яшнаши, ўзига хос Шарқ тамаддунига асос солган сомонийлар салтанатидек кучли давлат қулаш арафасида эди. Шимолдан қорахонийлар, жанубдан ғазнавийлар сомонийлар ва хоразмшоҳлар давлатига ҳужум уюштираётганди. Ғазнавийлар давлати аста-секин кучайиб борди. Кўп ўтмай, қорахонийлар Бухорода ҳокимиятни бутунлай қўлга олди. Шундай қилиб, кучли сомонийлар давлати батамом қулади. Халқ ҳаммасини қайтадан бошлашига тўғри келди. Бор нарсани янгилаш билан қайтадан бошлашнинг фарқи катта. Бир уйдан иккинчисига кўчиб ўтишнинг ўзида қанча ташвиш бор — бир қадриятдан бошқасига ўтишни тасаввур қилаверинг.
XIII асрнинг учинчи ўн йиллигига келиб ёв қўлига ўтган, XIV аср бошларида ҳам мўғуллар ҳукмрон бўлган юрт Амир Темур ва унинг раҳнамолигида қўлга киритилган озодлик, буюк соҳибқирон барпо этган марказлашган ва ўта қудратли давлат билан путур етган қадриятларини тиклаб олди.
XV асрнинг иккинчи ярмида эса жаҳон тафаккур оламида Алишер Навоийдек даҳо пайдо бўлди. У халқ бахти ва келажагини темурийлар салтанати равнақи билан боғлаб, чинакам юксак қадрият яратди. Шоир меросини ҳеч иккиланмай миллий қадрият деб айтаётганимизга сабаб шуки, бобомизнинг серқирра ижоди ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий ва ҳатто ижтимоий-иқтисодий қарашларнинг муайян ва мукаммал тизимга солинган мажмуидан иборат. Ўз даврида Навоий айтмаган гап қолмаганди. Бу ижод намуналарида умуминсонийлик билан миллийлик шу қадар уйғунлашиб кетганки, айнан шунинг учун асрлар ўтгани сари у илгари сурган ғоялар аҳамияти асло камаймайди, аксинча, ортиб бораверади.
Таассуфки, тарих саҳифаларида қонли изини қолдирган икки бетайин уруш муқаддас қадриятларнинг муҳташам обидалар каби нурашига сабабчи бўлди. Кутилмаган қатағонлар, сургунлар, қўзғалонларнинг шафқатсизларча бостирилиши аср одамларини яшаш эмас, омон қолиш илинжида ҳаёт кечиришга мажбур қилди. Ўтмиш учунгина муҳим аҳамият касб этиб қолмай, ҳозирги ва келажакдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатадиган, кишилар шуурига сингиб, ижтимоий аҳамият касб этадиган моддий, маънавий, табиий, диний, ахлоқий, фалсафий ва бошқа бойликлар мажмуи — қадрият ўрнини жуда кам ресурс билан кулранг ҳаётини иложи борича бошоғриқсиз давом эттиришнинг арзон истаклари, кўникишлари, таслимлари эгаллади.
Бу руҳий жароҳатлар инсониятни келажакдаги ёмон кунларга, фожиаларга тайёр бўлишга ўргатди. Исталган вақтда қўрқинчи ҳодиса юз бериши мумкинлиги, кимдир қамалиши, кимдир умуман алоқаси йўқ ишда айбдор деб топилиши, кимдир қўққисдан йўқ бўлиб қолиши — буларнинг ҳамма-ҳаммаси одамларни доимий зўриқишда, босим остида ушлаб турди. Бундан ташқари, шўро замонида одамларнинг ҳар доим меҳнат билан банд бўлиши, чарчоқ туфайли фарзандларига эътибор бера олмаслиги, болаларнинг ўз ҳолича, урилиб-сурилиб катта бўлиши кабилар ҳимоясизлик ҳиссини кучайтирди.
Пандемиянинг бир неча ойлик ёки йиллик ваҳимаси бизни мавҳумлик қўрқуви ичида яшашга ўргатиб қўйганди. Энди уруш йилларида яшаган одамларнинг ҳолатини бир ўйланг: бир неча йиллик уруш оддий чўпоннинг руҳиятини қай даражада зўриқтирган?! Яқин одамларидан бирини йўқотиш, эртага нима бўлиши ноаниқлиги қўрқуви одамлар онгостида йиллаб сақланиб турган.
Ўзини доим иккинчи даражага қўйиш, хоҳишларини ҳимоя қилиш бефойдалигини ҳис қилиш, ҳолдан тойган бўлса-да, бошқаларга кучли бўлиб кўриниш истаги, бир сўмни ҳам тежаш, қора кунга йиғиш, қулаш даҳшатли бўлмаслиги учун баланд парвоз қилмаслик, исталган муаммо қаршисида ёлғиз ўзига, ўзининг кучига суяниш, яшалмаган ҳаётининг юкини фарзандларга ортиш, уларнинг эҳтиёжлари ва истаклари, кучи намоён бўлишига йўл қўймаслик каби хусусиятлар, феъл-атворлар уруш ва урушдан кейинги авлоднинг руҳий оғриқлари, қадрият аталмиш кемтигини ваҳима билан тўлдирган қуруқ, совуқ одатлар, амаллардир. Натижада улар ҳам ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга қийналди. Боиси, омон қолиш режими ижодкорликка ўрин қолдирмади. Миллат учун қилинадиган ишлар, шонли мақсадлар эса, шубҳасиз, қўрқув таъсирида амалга ошмайди.
Мустақилликка эришилганидан сўнг жамият тараққиётидаги бурилиш, ислоҳотлар ривожи қадриятларнинг ўзгаришига туртки бўлди. Охирги саккиз йилда қадриятларнинг янгиланиш суръати ошди.
Бугун инсон ҳуқуқлари ва эркинлигининг тўла-тўкис таъминланиши назарда тутилаётган ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, қонунлар, Президент қарорлари ва фармонларини амалиётга татбиқ этиш ва бажариш самарасини ошириш, бу борадаги вазифаларга янада масъулиятли ёндашиш янги қадриятлар тизимини такомиллаштириш жараёнининг ижтимоий-сиёсий соҳадаги асослари бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз аҳолиси кўп миллатлилиги ва асосий таркибини ёш авлод ташкил этиши, уларда умуминсоний, миллий қадриятлар уйғунлигини таъминлаш ва шахс қадрини оширишда муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, ўзаро ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватловчи қадриятларга алоҳида эътибор бериш долзарблашиб бормоқда.
Ушбу қадрият тизимларининг моддий асоси иқтисодий жараёнлар, уларда рўй бераётган қалқишлар билан боғлиқлигини, албатта, инкор этмаймиз. Иқтисодиёт, меҳнат ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзгаришларни тадқиқ қилиш иқтисодий ислоҳотларнинг қайси қадриятларга қаратилгани, уларнинг истиқболи қандай қадриятларни барқарорлаштириши ва келажакда қай тарздаги қадриятлар тизимини вужудга келтириши мумкинлигини ўрганиш имконини беради.
Иқтисодий ислоҳотлар орқали қадриятлар таъсири ошади. Натижада келажак одами янги мезонларга мослашади. Ўз эҳтиёж, қадрият ва интилишларини замон талабларига мослаб ўзгартиради. Бунинг учун муайян вақт ажратилади.
Янги қадриятларни шакллантириш воситаси бўлган бозор муносабатлари ҳозирнинг ўзидаёқ иқтисодий жараёнларни бошқаришнинг замонавий усулларини самарали қўллаш имконини берди. Ишлаб чиқаришда фаоллик, ижодий ёндашув ва очиқ рақобат пайдо бўлишига олиб келди. Ташаббускорликни ривожлантирди ва боқимандалик кайфиятини кескин камайтириб, шахснинг иқтисодий соҳадаги имкониятларини кенгайтирди.
Маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг нарх-наво белгилашдаги монополиясини буткул йўқотиш, ишлаб чиқаришни истеъмолчилар талабига мослаб ўзгартиришга уриниш жараёнларга сунъий идрок технологияларини қўллашни тезлаштирди. Меҳнат билан машғул кишиларни бу янгиликлар талабига монанд ўз иқтидори, кўникмаларини такомиллаштиришга ундади.
Бугун иложи бўлса, барчани иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ўзгаришларнинг истиқболига кўпроқ ишонтириш, одамларнинг руҳиятида, қарашларида, иқтисодий тафаккурида туб бурилиш ясаш янги қадриятнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади. Шундай экан, биз шитоб билан кириб бораётган янги дунёга нисбатан хавотиримиз анча камаяди, янги тўлқин тамаддунига ишонч уйғотади. Ушбу тамаддунга қўшиларканмиз, шунчаки бир қувват тизимидан иккинчисига ёки бир технологик асосдан бошқасига ўтмаётганимизни англаймиз. Биз айни чоғда ички оламимизга ҳам инқилобий руҳ олиб кираётганимизни ҳис қиламиз.
Эртанги шахслар бир-биридан, шубҳасиз, бугунгидан кўра кўпроқ фарқ қилади. Уларнинг кўпи тезроқ балоғатга етади, зиммасига масъулиятни эртароқ олади, тез ўзгарувчи муҳитга тузукроқ мослашади ва ўзига хос жиҳатларини кўпроқ намоён қилади. Улар пулга муҳтож бўлади. Ўша пулни ишлаб топади ҳам, бироқ фақат пул учун меҳнат қилмайди.
Келажак одамлари ҳар нарсадан аввал ҳаётда мувозанатга интилади — меҳнат билан кўнгилхушлик, ишлаб чиқариш билан истеъмол, ақлий ва жисмоний ҳаракат, мавҳумлик билан муайянлик ўртасидаги мувозанат катта аҳамият касб этади. Улар ўтмиш одамларига қараганда ўзини мураккаб тушунчалар орқали таҳлил қилади ва тавсифлайди. Ниҳоят инсоний деб аташга муносиб тамаддунни яратади.
Бироқ энг сўнгги бир заруратни қабул қилмас эканмиз, бундай муносиб тамаддунга эсон-омон ўтиб олишда қийналамиз. Бу зарурат дунёқараш, савиянинг буткул ўзгариши ва сунъий интеллект билан уйғун янги қадриятларнинг ривож топишидир. Чунки келажак қадрияти келажак одамига мос келиши керак.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









