Келажакка ишонч бизни янада фаолликка ундайди

    Биз, ёшларни юртнинг келажаги, бугунги ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи сифатида талқин этишади

    Ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини баркамол авлод эгалари — сафдошларимиз ташкил этишини ҳисобга олсак, янги Ўзбекистон тараққиёти кўп жиҳатдан биз каби навқирон ўғил-қизларга боғлиқ эканини янада теранроқ тасаввур этамиз.

    Ҳозир қайси тенгдош билан гаплашманг, қайси даврага борманг мамлакатимизда биринчи бор ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари форуми ҳақида сўз боряпти. Кечаги кун, айниқса, ёшлар ҳаётида тарихий воқеа сифатида муҳрланди. Айниқса, анжуманда давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши ва нутқ сўзлаши, бизларга билдирган ишончи, мамлакатимизда баркамол авлодни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ҳақидаги фикрлари кучимизга куч қўшди. Албатта, халқимиз олдидаги масъулият туйғуси бизни янада фаолроқ бўлишга ундайди.

    Халқ депутатлари Когон тумани Кенгаши депутатиман. Ёшим 23 да. Ёш депутатлар қаторида мазкур форумга иштирок этганимдан юрагимда ҳаяжон туйган бўлсам, Президентимиз нутқларини юзма-юз тинглаб туриб зиммамдаги масъулият ҳиссини ўн карра қалбимга жо этдим. Давлатимиз раҳбари нутқи аввалида “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, дея таъкидлаб ўтди. Бу ишонч мамлакатимиздаги барча йигит-қизларни катта мақсадлар сари руҳлантирди. Албатта, Ўзбекистон ёшлари билим, куч ва салоҳият жиҳатидан ҳеч кимдан кам эмас.

    Учрашувда Президентимиз икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш ва кредит тўловини дипломни олгандан сўнг ишга жойлашиб кредит маблағини қайтариш тартиби йўлга қўйилишини айтиб ўтдилар. Бу ёшларимизга олий таълимда ўқиш имкониятларини янада кенгайтиради.

    Ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз, сўнгги йилларда ёшлар таълим-тарбиясига эътибор тубдан ўзгарди. Ўқиш учун барча шароитлар яратилмоқда. Бугун ёшларимизга таълим олиш, олий ўқув юртларининг бир эмас, бир нечтасига ҳужжат топшириб, иқтидорига қараб, олий ўқув юртларида ўқиш имконияти берилди.

    Президентимиз нутқларида қайд этилган “Ёшлар” каналида вазирлар, ҳокимлар ва мансабдор шахслар ҳамда ёшлар иштирокида очиқ мулоқот, ток-шоулар ўтказиш, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказлари ташкил қилиш, ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш, яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшни компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитиш кабилар эса бизга тақдим этилаётган навбатдаги имкониятлардир.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилдилар. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади, дея таъкидланди. Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиши ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиши, жамғарма томонидан ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда кредитлар тақдим этилиши, бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилиши ҳақидаги сўзлар ёш тадбиркорларимизнинг янги режаларига қанот бағишлади.

    Форумда кейинги йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилиши, жорий Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилиши ҳам иқтидорли, билимга чанқоқ ёшларимизга берилган яна бир имкониятдир.

    Бир сўз билан айтганда, Ёшлар форуми биз, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, ёруғ келажакка ишонч ҳиссини янада кучайтириб, мен каби йигит-қизларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Катта таассуротлар оғушида янги марраларга интилаверамиз. Биз ўз билим ва салоҳиятимизни она-Ватанимиз, халқимиз истиқболи йўлида сарфлашга тайёрмиз.

    Нозигул Жўраева,
    Когон туманидаги “Оққош Бўрон” фермер хўжалиги раҳбари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates