Келажакни соғлом авлод бунёд этади

    Вақт — оқар дарё. кўз очибюмгунча ўқувчилар ёзги таътилининг бир ойи ҳам ортда қолди. бу фурсатларни ҳар бир болажон ўзига хос тарзда: кимдир спорт машғулотларига қатнаб, кимдир китоб ўқиб, яна бошқалар ҳунар ўрганиб, уй ишларига қарашиб ўтказмоқда.

    Айрим ўғил-қизлар юртимизнинг сўлим гўшаларида жойлашган оромгоҳларга йўл олган. энг муҳими, 9 ой давомида билим олган болалар энди ҳордиқ чиқармоқда. Мутахассислар ўсаётган организмнинг ҳар томонлама соғлом ривожланиши учун, албатта, мароқли дам олиш кераклигини таъкидлайди. бу эса ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлашда, янги ўқув йилига куч йиғишда асқатади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук шахс этиб тарбиялаш, уларнинг билим олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар салмоқли натижалар бермоқда. Мамлакатимизда болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ишлари ёзги мавсумдагина эмас, бутун йил давомида олиб борилаётир. Бунинг натижасида турли ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи ўғил-қизлар ҳам сўлим оромгоҳларда ҳордиқ чиқармоқда. Умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилаётган ёзги соғломлаштириш майдончалари ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.

    Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 237-мактаб қошида ташкил этилган “Қувноқ ёз” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи 2-мавсумда 100 дан ортиқ ўғил-қизни ўз бағрига олди. Бу ерда ўқувчилар “Моҳир қўллар”, “Happy English”, “Ёш созанда”, “Эртаклар оламида”, ментал арифметика, тас вирий санъат, таэквондо, шашка-шахмат, сузиш, стол тенниси, гимнастика ва рақс каби тўгаракл арга жалб қилинган.

    — Ёзги таътилда 4 мавсум давомида болаларни қарши оламиз, — дейди мактаб директори Феруза Шарипова. — Илк мавсумда 100 дан ортиқ ўғил-қизни қабул қилган бўлсак, иккинчи мавсумда яна шунча ўқувчи дам олмоқда. Асосан, Олтин в одий, Қумариқ, Авиасозлар маҳаллаларида яшовчи болалар келяпти. Доимий ишлайдиган кўплаб ота-оналарнинг бошланғич синф ёшидаги болалари уйда ёлғиз, назоратсиз қолади. Табиийки, аксарият болажонлар бундай шароитда телевизор ёки компьютер қаршисида ўтириб вақт ўтказади. Ёзги соғломлаштириш оромгоҳида эса ўғил-қизларимиз ўз вақтида ўйнайди, вақтида дам олади, қизиқарли машғулотлар билан банд бўлади.

    Соя-салқин мактаб ҳовлиси, замонавий синф хоналар ўғил-қизлар билан гавжум. Уларда болалар ўз қизиқишига қараб, тўгаракларга жалб қилинган.

    Камола 11 ёшда. Унинг айтишича, 4-синфни “яхши” баҳоларга битирибди. “Келажакда шифокор бўлмоқчиман. Бунинг учун яхши ўқишим, соғлом бўлишим керак. Кунимизнинг ярми шу ерда ўтади, асосан, китоб ўқийман. Кутубхонамиз китобларга бой. Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Марк Твен каби ёзувчиларнинг асарларини, энциклопедияларни ўқиймиз. Яна мактабимиз ҳовлисидаги ҳовузда сузишни ўргандим”.

    Зиёвуддин Сотволдиевга компьютер саводхонлиги тўгараги маъқул келибди. У компьютерда самолёт макетини ясамоқда. Шакллар мутаносиблиги,

    рангини танлашга ҳам алоҳида ёндашмоқда. Зиёвуддин келажакда учувчи бўлишни мақсад қилган. Шунинг учун ҳам тасвирий санъат тўгарагида бўладими, моҳир қўллар тўгарагидами — самолёт чизишни, ясашни яхши кўради.

    — Ойим аэропортда ишлайди. Катта бўлсам мен ҳам ўша ерда ишлашни хоҳлайман, — дейди болакай. — Бу ерга эрталаб барвақт келамиз. Ҳар куни бадантарбия машғулотлари бўлади. “ Қувноқ стартлар” ўтказилади. Кейинги мавсумда ҳам машғулотларга қатнашмоқчиман.

    Ёзги соғломлаштириш оромгоҳининг йўлга қўйилишидан ота-оналар ҳам мамнун. Сабаби, ҳар бир ота-она фарзандининг болалар билан мулоқот қилишини, мақсадли машғулотлар билан банд бўлишини истайди. Уйда эса барча ота-она ҳам болалар учун тўлақонли муҳит яратиб бера олмайди. Бундан ташқари, ота-она ишда бўлган пайтда оромгоҳ бола учун ишончли жой.

    — Ўғлим Абдусалим 1-синфни аъло баҳоларга битирди. Тенгдошлари қатори айни пайтда ёзги соғломлаштириш оромгоҳига қатнамоқда, — дейди Венера Умарова. — “Аёллар дафтари”га киритилганим боис, ҳозир давлатимиз кўмаги билан тикувчилик курсида ўқияпман. Болалар улғайяпти, рўзғорга қўшимча даромад керак. Ҳадемай тикув машиналари олиб беришмоқчи. Эрталабдан тушгача дарсда бўламан. Ўғлим уйда қолса, катталар назорат қилгани билан барибир зерикади. Телевизор кўргиси, кўчага чиқиб ўйнагиси келади. Оромгоҳнинг ташкил этилиши унга вақтини мазмунли ўтказиш имконини бермоқда. Бу ерда кинозалда қизиқарли фильм ва мультфильмлар томоша қилади. Жисмоний фаол бўлади. Турли тўгаракларда вақти қизиқарли ўтади. Шахматни, сузишни ўрганяпти. Тушда, ўқишдан қайтаётганда уни ўзим билан олиб кетаман. 1-мавсумда ҳам машғулотларга келгандик. Энг маъқул жиҳати, бу ерда вақтини синфдош дўстлари билан бирга ўтказади.

    Болаларнинг вақтини мазмунли ташкил этишда турли-туман танловлар ўтказилиши самарали. Оромгоҳда “Мен ҳам куйлай оламан”, “Соғ танда — соғлом ақл”, “Эртаклар — яхшиликка етаклар”, “Кичкина дизайнер”, “Ажойиб санъат”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Мўйқалам сеҳри” каби кўнгилочар танловлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Танловларда болалар ёшига қараб алоҳида ёки гуруҳларга бўлинган ҳолда беллашади. Бугунги кичкина танловлар эртага халқаро миқёсдаги катта мусобақаларга қўйилган илк одимлар саналади, аслида. Бу болалар келажакда мамлакат ва миллат шарафини ҳимоя қилади.

    Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилшод Юсуповнинг таъкидлашича, айни пайтда болалар 2-мавсум ёпилишига тайёргарлик кўрмоқда. 1-мавсумдан фарқли ўлароқ, бу мавсум ёпилишида деярли болалар томонидан тўгаракларда ясалган безаклардан фойдаланилади. Куй-қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари, ёш спортчиларнинг чиқишлари ташкил этилади. Шунингдек, танлов ғолиблари ҳам шу куни рағбатлантирилади. Кейинги мавсумда янада қизиқарли машғулотлар билан болалар вақтини мазмунли ўтказиш режа қилинган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates