Ким Нам Сок Ўзбекистоннинг IT йўналиши бўйича Жанубий Кореядаги фахрий элчиси бўлди

    Жаноб Ким Нам Сеок 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистонда АКТ вазиринг ўринбосари бўлиб фаолият юритган биринчи чет эл фуқароси. Корея тажрибаси асосида электрон ҳукуматни юртимизда ривожланишига ҳисса қўшган.

    Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Корея Республикаси хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирининг биринчи ўринбосари (2012 йилгача) ҳамда Ўзбекистон Республикаси АКТ вазирининг собиқ ўринбосари Ким Нам Сок билан учрашди.

    Учрашувда ҳамкорликда IT соҳасинини янада ривожлантириш, Кореядаги етакчи IT компанияларни юртимизга жалб қилиш, масалалари муҳокама қилинди.

    Ким Нам Сок жорий йилнинг апрель ойида Сеул шаҳрида бўлиб ўтган «Uzbekistan Outsourcing Conference» тадбирида сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоқалар ҳар соҳада мустаҳкамланиб бораётгани, ушбу алоқаларнинг мустаҳкамлиги икки давлат учун жуда катта фойда эканлиги ҳамда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди.

    Шу билан бирга, бугунги учрашув давомида Ўзбекистонда IT соҳасида амалга оширилаётган ишлар, IT компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар, жорий этилган имтиёзлар ҳақида суҳбатлашилди ҳамда IT ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликни янада ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

    Шунингдек, Ким Нам Сокка Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг IT бўйича Жанубий Кореядаги фахрий элчиси бўлиш таклиф этилди. Ким Нам Сок нутқи давомида Ўзбекистонни IT хабга айлантириш бўйича мамлакат Президенти қўллаб қувватлаши натижасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади ҳамда ушбу шарафли вазифани қабул қилди.

    Маълумот учун: жаноб Ким Нам Сеок 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистонда АКТ вазиринг ўринбосари бўлиб фаолият юритган биринчи чет эл фуқароси. Корея тажрибаси асосида электрон ҳукуматни юртимизда ривожланишига ҳисса қўшган.