Кластер — бир неча йўналишларни жамлаган йирик тузилма

    “Tashkent Сotton Textile Cluster” (“ТCT Сluster”) масъулияти чекланган жамияти томонидан журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

    Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “Tashkent Сotton Textile Cluster” (“ТCT Сluster”) МЧЖ қалдирғоч кластерлардан ҳисобланади. У кўп тармоқли — пахта ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган “ТСТ Agro Cluster”, шоличиликка ихтисослаштирилган “TCT Rice”, балиқчиликка ихтисослаштирилган “TCT Fish” кластерларини бирлаштирган.

    “TCT Rice”да кластер усулида шоли етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг тўлиқ саноат занжири яратилган. Натижада шу пайтгача, асосан, қўл кучи ва қўлбола ускуналардан фойдаланиб келинган шоличилик тармоғи саноатлаштирилди. Бунда инвестор томонидан умумий қиймати 25 миллиард сўмлик зиёд лойиҳа амалга оширилиб, Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси бунёд этилгани айни муддао бўлди.

    Туманнинг “Сурум” МФЙ ҳудудидаги қаровсиз бўлиб қолган ҳудудда ташкил этилган мажмуанинг умумий майдони 6 гектарга тенг. У ўзида хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда шолини қайта ишлаш замонавий заводини бирлаштирган.

    Кластер томонидан 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шоли парваришланиб, олинган ҳосил шу ерда қайта ишланади.

    Шолини қайта ишлаш заводи Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Бир мавсумнинг ўзида 40 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга.

    “ТСТ Agro Cluster” кластерида дастлабки пайтда фақат пахта етиштирилган бўлса, 2020 йилдан ғаллачилик ҳам йўлга қўйилди. Жорий йилда 13 400 гектарда ғалла парваришланиб, жами 54 минг тоннадан ортиқ сара дон ўриб-янчиб олинди. 11 461 гектарда етиштирилган пахта ҳосили эса йиғиб-териб бериб олинмоқда. Бунда нафақат қўл терими, балки 75 та юқори унумли пахта териш машиналари кучидан фойдаланилмоқда. Мавсум якунлари бўйича 45 850 тонна пахта хом ашё йиғиштириб олиниши, ўртача ҳосилдорлик гектарига 40 центнердан ортиши кутиляпти.

    Таққослаш учун келтирамиз, фермер хўжалиги даврида, айниқроғи, 2018 йилда ўртача ҳосилдорлик 11,8 центнерни, ялпи ҳосил эса 13 054 тоннани ташкил этган, холос.

    Бугунги кунда кластер томонидан тайёр тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қиймати 140 миллион евролик ушбу лойиҳа доирасида “Tashkent Cotton Textile” МЧЖнинг биринчи босқичини бунёд этиш ишлари деярли якунланди.

    Тўқимачилик мажмуаси ип йигириш, бўяш, тўқимачилик, пардозлаш ва тикувчилик фабрикаларидан иборат бўлади. Бу ерда йилига 20,6 минг тонна мато ва 65,0 миллион дона тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

    “ТСТ Fish Cluster” кластери Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги тегишли қарори билан Қуйи Чирчиқ туманидаги “Балиқчи” акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган.

    Сув ҳавзаларининг умумий майдони 2385 гектар бўлиб, шундан 1750 гектарида товар балиқ парваришланади. Шунингдек, балиқ чавоқлари олиш ва ўстириш учун она балиқлар парваришлаш, қишлаш ҳовузлари мавжуд. Бундан ташқари, кластер таркибида балиқни қайта ишлаш цехи, инкубация цехи, махсус лаборатория ишлаб турибди.

    Кластер томонидан зоғорабалиқ, оқ дўнгпешона, оқ амур каби балиқ турлари парваришланиб, йилига 4 500 тоннагача балиқ овланмоқда.

    “TCT Fish Cluster” кластерида балиқ генофонди яхшилаш, генетик материалини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, балиқ наслини яхшилаш мақсадида Беларусь Республикаси ва Россия Федерациясининг илғор балиқчилик хўжаликлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, 9 млн. дона балиқ личинкалари келтирилди. Бу эса 3-5 йил ичида кластерда балиқ генофондни тўлиқ янгилаш (балиқ турига қараб) имконини берди.

    Кластерда балиқ касалликларини тез аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, сув сифати ва таркибини баҳолаш хизматларини ташкил этиш бўйича замонавий лаборатория мажмуасини яратиш қаратилган икки босқичли лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан биринчи босқичда ихтиопатология, гидрокимё ва гидробиология йўналишлари бўйича янги замонавий лаборатория мажмуасини, иккинчи босқичда микробиология кафедраси ташкил этилади. Айни пайтда лаборатория биноларини лойиҳалаштириш ишлари якунланмоқда, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари жорий йилнинг ноябрь ойида бошланади.