Князь Романов саройи пойтахтимизнинг туристик масканларидан бирига айланади

    Маданият 3 октябр 2021 1960

    Бугун Тошкентдаги Князь Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш ва бинонинг асл меъморий қиёфасини қайтариш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова ҳамда мазкур соҳа мутахассислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ноёб тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, уни халқаро майдонда оммалаштириш ва мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш сиёсати доирасида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси князь Романовнинг собиқ қароргоҳини реставрасия қилиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Реставрация ишларини молиялаштириш давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Ушбу йўналишда Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатимиз маданияти ва санъатини янада ривожлантиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган фундаментал қарорлар қабул қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1019-сонли қарори шулар жумласидан бўлиб, унга кўра Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига Тошкентдаги Князь Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш ва бинонинг асл меъморий қиёфасини қайтариш ишониб топширилган. Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

    Романов қароргоҳининг тарихи

    Сарой 1891 йилда меъморлар А.Бенуа ва В.Геинселман лойиҳалари асосида ўз замонига мос «модерн» услубида қурилган. Икки қаватли нафис бино ўйма панжаралар, ғайриоддий шаклдаги деразалар, миноралар ва бошқа безак элементлари билан бойитилган. Саройда кутубхона, иссиқхона ва қишки боғ бўлган. Бинонинг орқа тарафидан машҳур тошкентлик ботаник ва фармасевт И.И.Краузе томонидан қурилган катта боғга чиқиш йўли бўлган. Сарой заллари қуюқ эман билан қопланган, ўйма карнизлар ва тилла картиналар билан безатилган. Унинг ички безакларини яратишда анъанавий ганч ўймакорлиги билан шуғулланувчи маҳаллий усталар қатнашган.

    Сарой залларидан бири шарқона услубда безатилган. Бу хонада шарқшунослик услубидаги машҳур рангтасвир усталарининг расмлари жойлашган бўлган. Князь Санкт-Петербургдан олиб келган Европа ва рус рангтасвир санъати асарлари тўплами 1919 йилда Тошкентда Санъат музейини (кейинчалик Ўзбекистон Давлат санъат музейи) яратилишига асос бўлди.

    1918 йилда Николай Константинович Романов вафотидан олдин ўз саройида музей ташкил этиш шарти билан бутун коллекциясини Тошкент шаҳрига совға сифатида мерос қилиб қолдирган. Унинг ўлимидан сўнг, саройда санъат музейи ташкил этилган. 1940-1970 йиллар давомида саройда Республика пионерлар саройи жойлашган эди. 1980 йилларда бинода Ўзбекистон антиквар буюмлари ва заргарлик санъати музейи жойлашган. ХХ аср охирида Сарой реставрасия қилиниб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қабул уйи сифатида хизмат қилган.

    Экспозиция

    Саройнинг ўзи, архитектураси ва бадиий безатилган интерерлари билан мустақил бир экспонатдир. Коллекция буюмлари мавзувий бўлинмаларга гуруҳланади ва турли хоналар контекстида намойиш этилади. Бу буюмлар сарой тарихини қайта тиклайди ва бир вақтлар саройда князь ҳаёти даврида қандай бўлган бўлса хоналарга шундай жойлаштирилади. Замонавий кўргазма технологиялари ва интерактив майдонлар сарой подвалларида намойиш этилади. Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондларидан санъат асарлари коллекцияларидан 500га яқин экспонат янгиланган музейнинг доимий кўргазмасига киритилади. Бир вақтлар саройни безаб турган мармар ва бронза ҳайкаллардан ташқари, 120дан ортиқ рангтасвир ва графика, 75 та ҳайкал, 20 та мебель ашёси музейга қайтарилади. Саройнинг заллари ва хоналари асл қиёфасини тиклайди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов:

    «Сўнгги беш йил ичида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимиз тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва оммалаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Князь Романов саройи биносини реставрасия қилиш ана шундай йирик лойиҳалардан биридир. Мазкур ноёб лойиҳа ишига архитектура ва реставрация соҳасининг халқаро профессионаллари жалб қилинган. Мақсадимиз – бу бетакрор меъморий ёдгорлик ва унга туташ бўлган хиёбон майдонини сақлаб қолган ҳолда, у ерда жамоатчилик вақт ўтказиши учун шароит яратишдир. Меҳмонлар Марказий Осиё меъморчилиги учун ғайриоддий бўлган бу жой билан танишишлари мумкин бўлади. Умид қиламизки, бўлажак музей пойтахтимизнинг асосий диққатга сазовор туристик жойларидан бирига айланади.

    Бугунги кунга келиб бинони реконструкция қилиш ва музей дизайнининг дастлабки концепцияси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Қайта қуриш лойиҳасига асосий бино ва унинг қанотларини тарихий мақсадига мувофиқ реконструкция қилиш ва тиклаш бўйича меъморий ва муҳандислик ечимлари, эски дарахтларни асраб қолиш ва қўшимча кўкаламзорлаштиришни назарда тутувчи ҳовли ҳудуди дизайнини, мавжуд фаввораларни реставрасия қилиш, ва энг муҳими, князь Романов коллекциясидаги санъат асарларидан иборат бўлажак экспозисия режасини ўз ичига олади.

    Лойиҳани амалга ошириш Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг патронажи остида амалга оширилади:

    «Бизнинг энг асосий умумий вазифамиз – бу мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказишдир. Шу билан бирга, музейлар ва бошқа маданий муассасаларни яратиш, такомиллаштириш ва ривожлантириш зарур. Биз маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида халқаро меъморлар ва тарихчилар гуруҳини бирлаштирган ҳолда, Романов қароргоҳини тиклашга алоҳида эътибор билан ёндашамиз. Ишончим комилки, қайта тикланганидан сўнг, Сарой ижодий илҳом ва тарихий-маданий маърифат масканига айланади».

    Лойиҳалаштириш ишларидан аввал маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва тарихчилар томонидан сарой хоналарининг асл тартиби ва уларнинг мақсади борасида архив тадқиқотлари ўтказилди, шунингдек илгари олиб борилган реставрация ишлари билан боғлиқ маълумотлар ўрганиб чиқилди.

    Қўллаб-қувватловчи тузилмалар тадқиқотлари ва техник экспертизаси асосида қилинажак ишлар хронологияси тузилди, бунда бинонинг асл тузилиши тўлиқ сақланиб қолади. Ҳайкалтарошлик, декоратив элементлар, рампа каби тарихий элементларни тиклаш орқали бинонинг асл қиёфаси қайтарилади.

    Лойиҳанинг асосий урғуси сифатида жамоатчилик учун очиқ бўлган, шунингдек, ижтимоий ва маданий тадбирлар учун мўлжалланган кўргазма майдонини яратиш бўлади.

    Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова:

    «Мамлакатимиз Президентининг топшириғи — маданий мерос объектларини асраш ва улардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишдан иборат. Тарихий бино ва меъморий ёдгорликнинг асл қиёфасини тиклаш бўйича ушбу ноёб лойиҳа музей иши соҳасидаги илғор кўргазма технологияларини жорий этиш билан бирлаштирилади. Янги музей Тошкент шаҳрининг яна бир безагига айланиши муқаррар».

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates