баннер
1 апр 2025
03:55

    Кўкатнинг боғлами қанча?

    Бир неча йил олдин Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги машҳур Ниёзбошда бўлгандим. Ўшанда ёшларга ер ажратилганида уларнинг аксари ўзига берилган майдонда пиёз ва бошқа кўкатлар экишга киришганди.

    Бир қарашда нега сердаромад бошқа маҳсулотлар туриб, айнан кўкатчиликка қизиқаётганларини тушунмаганман. Кейин билсам, ниёзбошликлар азалдан кўкат етиштириш билан шуғулланар экан. Янгийўл тумани эса “кўкатчилар ҳудуди” сифатида танилган, шу йўналиш драйвер ҳисобланади. Аксар аҳолининг асосий даромади шундан — томорқада, иссиқхонада, далада ҳам пиёз, кўкат етиштирилиб, юртимиз бозорларига тарқатилади, катта-катта юк машиналарида хорижга экспорт қилинади.

    Тонналаб кўкатлар айнан аҳоли хонадонларидан йиғиштириб олинади. Қизиғи, бу уйлардаги томорқалар унчалик катта ҳам эмас. Бир неча сотихли ерга четдан қараганда, рўзғорни таъминлайдиган маҳсулотлар етиштирилса ҳам катта гапдек кўринади. Аммо аҳолининг айтишича, ҳамма даромад шу томорқада. Бўлса бордир, ҳар ҳолда юртимизда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича яхшигина тажриба шаклланиб бор­япти. Бу борада ўз тажрибасини яратаётган ҳудудлар ҳам бор.

    Шу йилнинг 30 январь куни давлатимиз раҳбари томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бў­йича ўтказилган йиғилишда озиқ-овқат етиштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини оширишда томорқанинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Ўнлаб туманларда одамлар томорқадан 2-3 марта ҳосил олиб, бир сотихдан ўртача 15-20 миллион сўм даромад топаётгани таъкидланди. Ўша ҳудудлар қаторида Янгийўл тумани ҳам бор. Ҳудуд аҳли томорқадан яхшигина даромад топиш мумкинлигини исботлаб келяпти. Яна қандай маҳсулот денг — кўкатчиликдан.

    Айни йиғилишда яна бир масала ўртага ташланди. Маълум қилинишича, янгийўллик деҳқонлар ўзимизнинг кўкат уруғлари йўқолиб кетгани, сифатли нав етишмаслигини айтган. Булар бўйича вазиятни ўнглаш, аҳоли ташаб­бусларини амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилган.

    Ҳадеб яхши тажрибаларни мақтайвермасдан, анашу муаммони ўрганишга аҳд қилдик. Масала жиддий эканига кўра, журналист суриштируви ҳам ўтказмоқчи бўлдик. Шу мақсадда Янгийўл туманига йўл олдик. Манзилимиз — ўша машҳур Ниёзбош ҳудуди. Бу ер Янгийўл туманининг бир қисми бўлиб, унда 9 та маҳалла жойлашган. Айтишларича, ана шу маҳаллалар аҳлининг бари фақат кўкат етиштириш билан шуғулланади. Томорқаси-ку, майли, ҳатто кўчасида озроқ бўш ер қолса ҳам кўкат экиб қўяверади. Кимлардир буни асосий ишга айлантирган бўлса, бошқалар қўшимча даромад манбаи, дейди.

    Кам харажат қилиб, кўп даромад олиш мумкин

    Бир неча қадам юриб, йўлимиздан чиққан биринчи хонадон эшигини қоқдик. Ёши катта аёл кутиб олди. Мақсадимизни айтганимиз ҳамон дарров “Иссиқхонада ҳали етилган экинлар йўқ, пиёз экилган, холос, у ҳам кичикроқ”, деса бўладими?! Ўзимизча биринчи ҳаракатдаёқ раисни шошириб қўйгандек бўлдик. Жаҳонгир ака эса барибир иссиқхонага киришимизни айтди. Қуруқ ерни кўрамиз, деб ўйлагандик аёлнинг ваҳимасидан. Йўқ, иссиқхонага экилган пиёз кўкариб, анча етилиб қолибди. Опанинг камтарлик қилганини шунда тушундик. Саволларимизга ҳам ийманибгина жавоб берди.

    — Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга 35 йилдан ошган бўлса, ўшандан бери томорқада кўкат етиштирамиз, — дейди Дилфуза Қўчқорова. — Рўзғоримиз ҳам, даромадимиз ҳам шундан. Икки ўғлим давлат ишида ишлайди. Уларнинг ойлик маошини тўплаймиз. Кунлик харажатларимиз эса томорқадан қопланади. Йил бўйи ерни бўш қолдирмай, кўкат экамиз. Пиёз, руколло, пет­рушка, ўсмани аралаш қилиб экаверамиз. Харидорларнинг ўзи олиб кетади, бўлмаса бозорга олиб чиқамиз. Кунлик даромадимиз бор, дастурхонимиз тўкин. Иссиқхона майдони 2 сотихлар бўлса керак, аниғини билмайман. Авваллари булғор қалампири ҳам экканмиз, лекин ер хоҳламай қолган, харажати ҳам катта унинг. Кўкат эса кам харажат талаб қилади, меҳнати ҳам оғир эмас, аммо даромади яхши. Ҳар ҳолда доим истеъмол қилинадиган маҳсулотда.

    Фаровон маҳалласи аҳли кўкатларни иссиқхонада етиштиради. Чунки қишда бу анча қулай. Ҳудудда 679 та хонадон бўлса, шундан 647 тасида иссиқхона бор. Яна бир ўзига хослиги, охирги йилларда кўкатни сақлаш, экспорт қилиш ҳам ривожланиб бораётир. Аҳоли етиштирган пиёз, кўкатларни экспортчи тадбиркорларнинг ўзи сотиб олиб, музхоналарга жойлайди ва нарх қимматлаган пайтда хорижга жўнатиб, даромад қилади. Ҳозирги кунда Фаровон маҳалласининг ўзида 3 та музхона бор. Бошқа маҳаллаларда ҳам музхоналар кўпайган. Тадбиркорларга музхоналарни имтиёзли кредит асосида олишда ҳоким ёрдамчилари кўмакчи бўляпти. Кўкатлар асосан, Россия, ­Қозоғистонга экспорт қилинади. Аммо Европа бозорларига чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Фақат Европа талаби юқорироқ, унга мос маҳсулот етиштириш керак, етказиб бериш яна алоҳида масала.

    Маҳаллада ишсизлар ҳам йўқ эмас. Аммо бари ўзини ўзи банд қилиб, томорқасини юргизишда ёрдам сўраб келади. Ойлик маош тўланадиган ишларни кўпи рад этади, чунки кунлик даромадга ўрганган. Имтиёзли кредит олгани ҳам дарров томорқасига кўкат экади. Ҳам томорқадан унумли фойдаланяпти, ҳам шу йўналишни бизнесга айлантирган.

    Суҳбатимиз қизиб, нав­батдаги хонадонга кирдик. Иссиқхона ичидан бир аёл чиқиб келди. Ташқарида тозаланган пиёз пўстлари. Демак, маҳсулот етилиб, сотила бошлаган. Хонадон эгаси Шаҳло опа буни тасдиқлади. Пиёзни йиғиштириб, харидорга тайёр қилиб қўйибди. Қизиғи, бу аёл ҳам бирданига “Пиёзларнинг бир қисмини узиб бўлдик, томорқада деярли кўкариб турган экин йўқ”, деди. Бу гал ҳам унга ишонмай, тўғри иссиқхонага кирдик. Пиёз бир текис, шундай чиройли кўкариб турибдики, ташқарида қиш экани одамнинг ёдидан чиқади. Фақат меҳнаткаш қўлларгина шундай совуқ ҳавода ҳам маҳсулот етиштира олади.

    Шаҳло опа 56 ёш бўлишига қарамай, томорқадаги асосий ишни ўзи уддалар экан. Турмуш ўртоғи ёрдамлашиб туради, қарамоғида қолган набираси эса ҳали кичик. Ёлланма ишчи ишлатмайди, даромад ўзимизга қолсин дейди. У ҳам келин бўлиб тушганидан буён кўкатчилик билан шуғулланади. Ҳозир оиланинг асосий даромади шундан.

    — Одам ишлатсак ҳам харажатни қоплайди, лекин истамайман. Барибир уйда ўтирсам, ўзим ишлайвераман томорқада, — дейди Шаҳло Йўлчиева. — Эр-хотин ҳали нафақа олмаймиз, даромадимиз шу ердан. Иссиқхона майдони 2 сотих атрофида. Қишин-ёзин тиндирмай кўкат экамиз. Ёзи билан райҳон сепилади, кузда пиёз. Параллел тарзда кашнич ва бошқа кўкатлар ҳам етиштираверамиз. Пиёз ҳам, кўкатлар ҳам иссиқда бир ойларда, совуқда 40 кунларда тайёр бўлади. Иссиқхона термос қилиниб, икки қават плёнка ёпилган. Авваллари газ, кўмир ёқардик, ҳозир унинг харажати катта. Плёнкада иситиш қулай, экин сал кечроқ етилса ҳам харажати кам. Пиёз ва кўкатларга ортиқча иссиқ шарт эмас, жуда борса, ёйсимон усулда экинларнинг устидан бир неча метр баландликда яна плёнка ёпилади. Кўкатлар узилиши билан янгидан экилаверади. Тайёр маҳсулотни харидорларнинг ўзи олиб кетади. Бошқа маҳсулот етиштириш ҳақида ўйлаб кўрмаганмиз, чунки ҳудудимиз азалдан кўкатчиликка мослашган. Тўғри, ўзига яраша меҳнати бор, аммо фойдаси яхши. Масалан, 5 минг боғ пиёз боғининг бир донаси 1000 сўмдан сотилганда ҳам 5 миллион сўм бўлади. Камида 3 баробар фойда қоляпти. Ана шу кўкатчилик ортидан ўғил уйлантириб, қиз узатдик. Бировдан қарзимиз, муҳтожлигимиз йўқ, рўзғоримиз бут, шукр.

    Маҳалланинг бир неча хонадонига кирдик ҳамки, бўш турган томорқага кўзимиз тушмади. Ҳаммасида ёки пиёз, ёки кўкат ўсиб турибди. Туш пайти бўлса-да, ҳеч бир киши уйининг ичидан чиқиб келмади. Аксари томорқасидан чиқиб, кутиб олди. Бири экинларни парваришлаётган бўлса, бошқалари ҳосилни узиш билан банд. Ҳаво эса анчагина совуқ. Биз ҳатто қўлимизни чўнтагимиздан чиқаришга эринаётган бундай ҳароратда янги­йўлликлар енг шимариб томорқада меҳнат қиляпти. Қизиғи, ҳеч бири бундан нолимади, аксинча, кунлик даромади яхши экани, шунга ўрганиб қолганини айтди.

    Сифатли уруғ — экспортбоп маҳсулот

    Ота-боболаримиз томорқа — хазина деб бежиз айтмаган. Буни халқимиз кейинги йилларда янада яхшироқ тушуниб етяпти. Чунки борган сари кичик ер майдони ҳам иқтисодий активга айланиб, одамлар ундан қўшимча даромад топиш ҳадисини оляпти.

    Ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд хонадонда 508 минг гектар томорқа, аввал ташкил этилган деҳқон хўжаликларида 17 минг гектар ва сўнгги йилларда аҳолига тарқатилган 260 минг гектар ер бор. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг катта захира. Асосийси, одамлар ер билан ишлашни, замонавий агротехнологияларни қўллашни яхши ўрганди. Илгари томорқада гектаридан ўртача 18 тонна маҳсулот олинган бўлса, энди бу 2 карра ошиб, 38 тоннага етди.

    Фаровон маҳалласида яна бир неча хонадонга кирдик. Уй эгаларининг кўпи томорқасида етилган пиёзларни йиғиб, харидорга тахт қилиб қўйган. Бу инсонларнинг ҳар бири билан гаплашиб завқ олдим, очиғи. Содда, камтар, қилган меҳнатини арзимас ҳисоблар экан. Маҳалладаги файз ҳам ўзгача. Кўчалар тартибли, йўллар текис. Гап орасида бизга ҳамроҳлик қилаётган раисга “Маҳалланинг йўллари яхши экан, ичкари қисмлари ҳам таъмирталаб, ўнқир-чўнқир бўлиб кетмаган?” десак, бунга жавобан, “Йўқ, нотекис йўлларимиз ҳам бор, сизга кўрсатаман”, деса бўладими?! Одатда бирор ҳудудга борсак, нотекис йўлларни кўрсатмасликка уринишади, Жаҳонгир ака эса ўзи кўрсатмоқчи бўлди. Бир кўчага бошлаб, “Мана, шундай йўл”, дейди. Фотомухбир шеригим билан кулиб юбордик. Чунки раис ёмон, деб айтаётган йўл ҳам текис, фақат озгина чуқурликлари бор. Анча ичкарига кирдик ҳамки, йўллар жуда яхши эди. Раиснинг айтишича, кўчалардаги йўлларнинг кўпига тадбиркорлар ўз ташаббуси билан асфальт ётқизиб берган. Аввалроқ раиснинг “Маҳалла одамларининг кўпи яхши яшайди, ҳаммаси шу кўкатчилик ортидан” деган гапига энди ишондик.

    Аммо Ниёзбош ҳудуди фақат шу маҳалладан иборат эмас. Бошқа маҳаллаларда ҳам худди шундай кўкатчилик ривожланган. Озгина юриб, қўшни Гулистон маҳалласига ўтдик. Маҳалла раиси Ҳамидилла Суннатовнинг айтишича, бу ерда 774 та хонадон бўлиб, 4742 киши истиқомат қилади. Ҳаммаси кўкатчилик билан шуғулланади. Одамлар маҳаллий кўкат уруғларини ҳам экади, аммо хорижникига талаб кўпроқ экан. Чунки хориж уруғи анча сифатли, кўриниши чиройли, бозорбоп. Қолаверса, хориж навлари нисбатан чидамли бўлади, кашнич барглари эса шапалоқ бўлиб чиқади, ўзимизники каби қайчибарг бўлиб қолмайди. Нархи маҳаллий уруғларга нисбатан бир неча баробар қиммат бўлса ҳам аҳоли сотиб олади. Маҳсулот етилгач, харажатини бемалол қоплайди. Аммо маҳаллий кўкат навларининг ҳам сифати ёмон эмаслиги, ички ва ташқи бозорда талаб борлигини айтишди.

    Уруғ навлари ҳақида сўраганимиз бежиз эмас. Боиси, юқорида таъкидлаганимиздек, Президент раислигида ўтган йиғилишда ўзимизнинг кўкат уруғлари йўқолиб кетгани, сифатли нав етишмаслиги масаласи кўтарилиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган. Туманга келиш мақсадимиздан бири ҳам ана шу масалани ўрганиш эди. Ҳамидилла аканинг айтишича, бир неча кун олдин Республика агрохизматлар миллий маркази (AKIS)дан мутасадди келиб, шу бўйича кўрилаётган чоралар, қилинадиган ишлар ҳақида гапирган. Суҳбатимизни чала қолдириб, биз кириб борган хонадон эгасини чақирдик. Кутиб олган киши иссиқхонага кираверишимизни айтиб, йўл кўрсатди. Иссиқхонанинг ўртасида бир аёл ўтириб, кўкат боғлаяпти. Ичкари ям-яшил, турли кўкатлар ўсиб турибди. Бир томонда шпинат (исмалоқнинг бир тури), бошқасида кашнич. ­Дарров нарх-наво ва даромади билан қизиқдик.

    — Шпинатнинг битта боғлами 5-6 минг, кашнич эса 5 минг сўмдан олиняпти. Кунига 30-40 боғлам сотяпмиз ҳар биридан. Харидорларнинг ўзи келиб, олиб кетади, — ­дейди “Гулистон” МФЙда яшовчи Гулнора Бадирова. — Иссиқхона майдони 3 сотихлар бўлса керак. Қишин-ёзин кўкат етиштирамиз. Оилада 11 кишимиз, ўғилларим давлат ­ишида. Томорқа қўшимча даромад манбаимиз, рўзғоримиз шундан. Кўкатчиликдан яхши фойда олса бўлади, доимий парвариш қилинса кифоя. Асосан, хориж уруғларини экамиз. Озгина қимматроқ бўлса ҳам бозорда тез кетади. Масалан, хорижий шпинат уруғининг килоси 700-800 минг сўм бўлса, маҳаллий уруғ 30 мингдан 100 минг сўмгача. Менга 300 грамм уруғ етарли, 150 минг сўмга айланади. Бу харажат иссиқхонадаги битта полнинг ўзидан чиқиб кетади.

    Хонадондан чиқа туриб, яна бояги масалага қайтдик. AKISнинг маҳаллага келган вакили Ниёзбош ҳудуди марказига контейнер қўйилиб, ўзимизнинг маҳаллий уруғлар арзонлаштирилган нархларда олиб келиниши, ернинг қувватини ўлчайдиган аппаратлар ўрнатилиши ва бошқа вазифаларни айтган. Тошкентга келибоқ, улар билан боғландим. Қўшимча маълумотлар олдим.

    — Мутахассислар ва илмий ходимлардан иборат ишчи гуруҳ Янгийўл тумани Ниёзбош қишлоғида бўлдик, — дей­ди Республика агрохизматлар миллий маркази директори Бунёд Мамараҳимов. — Жараёнда аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳолати, уларни етиштиришдаги муаммолар ўрганилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш орқали аҳоли даромадини кўпайтириш юзасидан илмий тавсиялар берилди. Бундан ташқари, айни кунларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, талаб этиладиган моддий-техник ресурсларини етказиб бериш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Ниёзбош ҳудудида кўчма агрохизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш режалаштирилган. Уларда маҳаллий ва янги навларнинг сифатли уруғликлари арзон нархларда сотилади.

    Доим бозори чаққон маҳсулот

    Шаҳардан бир неча ўн дақиқали йўл юриб, ҳудуддаги Фаровон маҳалласига кириб бордик.

    — Маҳалламиздаги хонадонлар томорқаларида бўш ернинг ўзи йўқ, аҳолининг ҳаммаси кўкатчилик билан шуғулланади, иссиқхоналарда қишин-ёзин кўкат етиштирилади, — дейди “Фаровон” МФЙ раиси Жаҳонгир Абдуқаюмов. — Ўзингиз танлаб, исталган кўча, исталган хонадонга киринг, томорқасида, албатта, экин бўлади. Баҳорда келинг, ёзда келинг демайман. Ҳозир бирма-бир хонадонларга кирамиз, пиёз, кўкат ўсиб ётганига гувоҳ бўласиз. Шу ўринда бир воқеани эсласам. 2019 йил май ойлари — маҳалла раиси сифатида иш бошлаганимга 5 кунгина бўлган. Тўсатдан катта бир ташкилотдан масъул келди. Қаттиқроқ оҳангда хонадонларга олиб киришимни талаб қилди, агар томорқалар бўш турган бўлса, жиддий чора кўришларини айтди. Қайси кўча, қайси хонадонга киришни ўзи танлади. Барига кирдик ва ҳаммасида экин экилганини кўриб уялиб қолди. Яъни одамларимиз томорқани сира бўш қолдирмайди, кетини узмасдан кўкат етиштиради. Масалан, пиёз йигирма кун — бир ойда тайёр бўлса, унинг орқасидан бошқа кўкатлар экилади. Ёз ойларида помидор, булғор қалампири етиштирадиганлар бор. Ёки салат барглари экилади. Хуллас, ниёзбошликлар томорқадан кунига даромад топиб, аксари шунинг орқасидан рўзғор тебратади, тўй қилади, уй қуради. Келинг, кичик ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Масалан, икки метрли жойга кашнич экилса, 25-30 кунда тайёр бўлади. Сотганда 300-400 минг сўм тушади. Ҳар бир иссиқхонада шундай ҳажмдаги полдан 15-16 та бор. Ана энди, даромадни ҳисоблайверинг. Одамларимиз ана шу кунлик даромадга ўрганган. Ҳатто бошқа касбда ишлайдиганлар ҳам қўшимча даромад сифатида кўкат етиштиради. Мақтаниш бўлмасин-ку, Тошкент шаҳри ва бир қанча вилоятлардаги кўплаб деҳқон бозорларини ниёзбошликлар кўкат билан таъминлайди. Ҳатто қўшни давлатларда ҳам ҳудуд номи машҳур. Бир ойда Ниёзбошнинг ўзидан хорижга 5-6 та юк машинасида кўкат чиқиб кетади. Мавсум вақтлари 30-40 тагача етади. Ҳар бир фурага 15-16 тонна маҳсулот кетади. Экспорт ­қилинмаган кўкатлар маҳаллий бозорда сотилади. Нарх жуда пастлаб кетган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаганда, харажатини қоплайди.

    Жаҳонгир ака билан суҳбатимиз қизиб кетди. Тезроқ хонадонларга киришни истаётган бўлсам ҳам аввал саволларимга жавоб олиш зарурати кучлироқ келди. Уларни тинглаганим сари “Нега бу ерда фақат айнан кўкат етиштирилади, одамлар қачон бунга ўрганган” деган савол ўйлантирарди. Маҳалла раиси шу билан боғлиқ ота-боболаридан эшитган бир воқеани айтиб берди: “Авваллари янгийўлликлар узумчилик билан шуғулланган экан. Ростми-ёлғонми, бир пайтлар Жамбил маҳалласида бир хорижлик одам ҳовлисида кўкат ўстиради. Ҳар куни халтасига кўкат солиб, бозорга олиб чиқади. Қизиғи, одамлар узумни хорижга мавсумда экспорт қилса, ўша киши деярли йил бўйи кўкат сотиб, даромад топган. Шундан бош­қаларда ҳам кўкатчиликка қизиқиш пайдо бўлган, дейишади”.

    Бу воқеа қанчалик ҳақиқат, билмаймиз, аммо ҳозир Янгийўлнинг кўкат етиштириш тажрибасига қизиқувчилар кўп. Кичик ер майдонида ҳам, бунинг устига, йил давомида яхшигина даромад қилиш чиндан самарали усул. Шунгами, тажрибани ўрганаётган ҳудудлар сони ошиб боряпти. Айтишларича, Бекобод, Сурхондарёнинг кўп туманларида аллақачон кўкатчилик оммалашди. Янгийўлда ер танқисроқ бўлгани сабабли туб аҳоли бошқа ҳудудларга бориб кўкат етиштираётгани ортидан уларни ҳам шу ишга қизиқтириб, ўргатяпти. Сурхондарёдаги катта далаларда шивит экиляпти. Янгийўлдаги томорқаларнинг ўзида эса кўкатнинг исталган тури — кашнич, пиёз, руколло, розмарин, салат барглари етиштирилади. Одамлар мавсумга қараб ерга уруғлик сепаверади.

    Маҳалла раиси яна ўша гапни такрорлади: “Шу ердан чиқиб пиёда юрамиз ва сиз истаган хонадонга кирамиз, томорқаларини ўзингиз кўрасиз. Бирорта хонадонда бўш турган ер йўқ!”. Бунга ўзимизнинг ҳам ишончимиз ортиб бораётганди. Фотомухбир шеригим ва маҳалла раиси билан биргаликда хонадонлар томон юрдик. Йўлда ободонлаштириш ходимларини кўрганимизда баҳор яқинлиги ёдимизга тушди. Аммо бунга ҳали вақт бор. Ҳаво эса анча совуқ. Ҳатто сал олдин қор ҳам ёғиб ўтди.

    “Ҳамма пул кўкатчиларда(ми)?!”

    Ҳамроҳимиз Жаҳонгир ака яна бир неча хонадонга олиб кирди. Барининг томорқасида ўша манзара — пиёз ёки кўкат экилган. Хонадон эгалари эса иссиқхона ичида. Фаровон маҳалласида яшаётган Муҳаббат опа Маҳкамованинг турмуш ўртоғи тадбиркор. Оилада 10 киши яшайди, деярли ҳаммалари оилавий ошхона, дўконларида ишлашар экан. Шунга қарамай, томорқалари ҳам бўш қолмаган. Кириб борганимизда турли кўкатларга кўзимиз тушди. Томчилатиб суғориш технология­си ҳам ўрнатилган. Хонадон эгасининг айтишича, томорқа қўшимча даромад манбаи, қолаверса, болаларни меҳнатга ўргатади.

    Биз кирган охирги хонадон эгаси Акбар ака Муҳаммедов эса анча дангал, очиқ одам экан. 2 сотихлар чиқадиган томорқасидан яхши даромад олиши, кетини узмай пиёз етиштириб, бунинг ортидан уй кўтаргани, чорва моллари олиб, иссиқхона қургани, яқинда “Дамас” автомашинаси харид қилганини ҳам яширмади. Аммо барибир содда, камтарлиги бор. Мени олиб чиқманглар, расмга олманглар, пиёзларнинг бир қисмини йиғиб олиб, сотиб бўлдик, иссиқхонада кўп нарса йўқ деб туриб олди. Аммо ичкарига кирсак, бунинг мутлақо акси. Пиёз шунақа чиройли, бир текис кўкариб турибдики, одамнинг ҳаваси келади.

    Шуларни кўриб, бир хулосага келдим. Бу ерлик аҳолининг кўпи ойлик маошга ишлай олмайди, ишлайдигани ҳам томорқасини қўшимча даромад манбаига айлантириб олган. Меҳнат қилса, тўғри фойдаланса, томорқадан яхшигина даромад қилса бўлади. Буни улар ўз ҳаёти, меҳнати мисолида кўриб, билиб турибди.

    Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари топшириғи билан эндиликда томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экиш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда молиялаштириш бўйича янги ташаббуслар қўлланилади. Жумладан, томорқа хизматларини йўлга қўйган тадбиркорларга 7 йил муддатга 17,5 фоизли имтиёзли кредит ажратилади. Ердан самарали фойдаланиб, бир сотихда 5 миллион сўмдан юқори расмий даромад олаётган деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи кэшбек сифатида қайтариб берилади. Аксинча, томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилади.

    Янгийўлда кўкатчилик ривожлангани, ҳар бир хонадон томорқасида кўкат етиштириши ҳақидаги гаплар рост экан. Одамлардаги бир неча жиҳат эътиборимни тортди: аксари аёллар келин бўлиб тушганидан бери хонадонида кўкатчилик қиларкан, кўп хонадонлар иссиқхонаси ҳажми қанча эканини ҳатто билмади, энг эътиборлиси, деярли барча қилаётган ишидан завқланади ва бировга мақтанмайди. Улар доим меҳнатда экани, бировга қарам эмаслиги учун ҳам ҳаммадан бойроқ.

    Умуман, Янгийўлдаги томорқадан унумли фойдаланиш, кўкат етиштириш тажрибасини худди Сайхунобод, Ғиждувон ва бошқа ҳудудлар тажрибаси каби оммалаштирса бўлади, назаримизда. Айниқса, Ниёзбош ҳудудида бўш турган томорқа майдонини топа олмайсиз. Тан бердик. Қайтишда ҳовлимиздаги деярли бўш ётадиган томорқамиз кўз олдимдан ўтиб, ўзимдан уялдим. Энди ундан фойдаланмасак бўлмайди. Акс ҳолда, яхшигина солиқ тўлашимиз аниқ!

    Ирода Тошматова,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech