Ерга экин экиб, ундан озми-кўпми ҳосил олиш — кўпнинг қўлидан келадиган иш. Тўғри, кенг томорқаси бўла туриб, фойдаланмайдиганлар қанча. Аммо ҳовлида яшайдиганларнинг кўпи, ҳеч бўлмаса, рўзғорга ярайди, деган мақсадда ерга бирор экин экиб қўяди. Ўзимиз ҳам йиллар давомида томорқадан фақат оила эҳтиёжи учун фойдаланиб келганмиз. Етиштирган маҳсулотларимиз мавсумий, аниқ тартиб асосида экилмагани боис, сотувга деярли чиқарилмаган, қўшимча даромади ҳам бўлмаган. Ҳозир эса 10 сотих томорқадан йилига 105-110 миллион сўм даромад топяпман.
Давлатимиз раҳбари мендек оддий инсонни «Дўстлик» ордени билан мукофотлаганини эшитганимда ана шулар хаёлимдан ўтди. Томорқачиликни ривожлантиришда намуна кўрсатаётган шахсий томорқа ер эгаси сифатида эътироф этилдим. Куни кеча Президент ўтказган видеоселектор йиғилишида иштирок этганим ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди.
Асли касбим — ўқитувчилик. Мана, ўттиз йилдирки, мактабда физика фанидан дарс бераман. Ишдан бўш вақтларда оилам билан хонадонимиздаги 10 сотихли томорқада деҳқончилик қиламиз. Юқорида айтганимдек, етиштирган маҳсулотимиз рўзғорга асқатган, ортганидан олинган даромад ҳам оиладаги кам-кўстга ишлатилган. Шукр, шунинг ортидан кам бўлмадик, болаларни катта қилдик. Аммо томорқадан бундан-да кўп даромад олиб, уй-жойли, машинали бўлиш мумкинлигига ишонч ҳосил қиляпман.
Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод туманига ташрифи давомида томорқадан самарали фойдаланиб, йилига 3 мартагача ҳосил олиш бўйича берган тавсияси кўплар қатори мени ҳам руҳлантирди. Бунинг имкони борлиги, шу орқали оддий деҳқончиликни тадбиркорликкача олиб чиқиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб, хонадонимдаги 10 сотих ерга бошқача ёндаша бошладим. Авваллари фақат сабзи, дуккакли экинлар етиштирган бўлсам, энди йилига 3 марта ҳосил олишни йўлга қўйдим. Даромад ҳам бир неча баробар ошди. Иссиқхонамдаги биринчи ҳосил — сабзидан 35 миллион сўм, иккинчи ҳосил — бодрингдан 20 миллион сўм, ундан кейин картошкадан 26 миллион сўмгача даромад олдим. Маҳсулотларимиз бозорда харидоргир, ҳосилни асосан Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларига олиб чиқамиз. Буюртма асосида ҳам маҳсулотлар етиштирилади, тадбиркорлар ўзи келиб олиб кетади.
Томорқамизда 17 қути асалари ҳам бор. Асаларининг бир нечта турини кўпайтирамиз. Бир йилда 180-200 килограмм тоза асал олиб, 24 миллион сўмгача қўшимча даромад топяпмиз. Аввалига бир қути асаларимиз бор эди, кейин қутилар сони кўпайди. Асалари қутиси далага қанча яқин бўлса, шунча кўп асал олиш мумкин. Хонадонимиздан далагача масофа бир неча километр бўлгани учун асал олиш имкониятимиз кўпроқ. Умуман, бу ишдан яхши даромад топса бўлади. Ўтган йили Оққўрғон тумани ҳокими ташаббуси билан 10 га яқин кам таъминланган оилага 3 қутидан асалари тарқатилди. Очиғи, бу улар учун яхши имконият бўлди, оилалар шундан даромад қилди.
Кўпчилик Тошкент вилоятидаги хонадонларда томорқадан деярли фойдаланилмайди, деган фикрни айтади. Бу гап тўғри эмас. Масалан, туманимизда деярли ҳамма оила томорқасида маҳсулот етиштиради. Одамлар жуда меҳнаткаш, томорқадан самарали фойдаланади, ҳалол меҳнат қилади. Маҳалламиздаги деярли ҳамма хонадонда иссиқхона бор. Лекин кейинги йиллардаги амалиётга кўра, деҳқончиликда меҳнат билан бирга, билим, янгича ёндашувлар ҳам зарур. Сайхунобод ва бошқа ҳудудлар тажрибаси оммалашгани сари одамлар йилда бир марта ҳосил олишга кўнмаяпти. Энди ҳамма томорқадан доимий фойдаланиб, бозорбоп маҳсулот етиштиришни ўрганиб, йил давомида даромад қилишга ўтяпти.
Ҳозир тўкин, фаровон яшайман, деган инсон ҳаракат қилса, бир неча ишнинг бошини тутиб, яхшигина даромад топадиган даврда яшаяпмиз. Бир пайтлар тадбиркор деган таъриф камдан-кам одамга бериларди. Бугун эса ҳар соҳанинг тадбиркорига айланиш, асосий фаолиятдан ташқари қўшимча даромад манбаига эга бўлиш одатий ҳол, ҳатто заруратга айланмоқда.
Мен учун ҳам қилаётган ишим тадбиркорликнинг бир кўриниши. Томорқадан йилига 100 миллиондан зиёд даромад топяпман. Шунинг ортидан Тошкент шаҳридан 2 хонали уй ва янги автомобиль сотиб олдим. Уч фарзандимнинг барчаси олий маълумотли. Катта ўғлим қурилиш соҳасида ишлайди, кичиги менга ёрдамчи. Етиштирган маҳсулотларимизни пойтахтдаги деҳқон бозорларидан ташқари, ҳудуддаги савдо дўконларига ҳам етказиб берамиз.
Сайхунобод тажрибаси орқали юртимизда яна бир яхши анъана шаклланди — маҳаллаларда «уста деҳқон» тамойили асосида хонадонларга агрономлар бириктирилиб, одамларнинг маҳсулот етиштиришдан сотувга чиқарилишигача кўмаклашиляпти. Бу деҳқончилик, томорқачилик аниқ билим ва тажриба асосида ривожлантириляпти, дегани. Мен ҳам «Агробанк» АТБнинг Оққўрғон туман филиали томонидан агроном сифатида шартнома асосида ишга қабул қилиндим. Ҳудуддаги 25 та хонадонга асалари боқиш ҳамда 80 та хонадон томорқасида сабзи етиштиришга кўмаклашяпман. Ҳатто бунинг учун менга 5 миллион сўм ойлик маош ҳам тайинланган. Бундан ҳам оиламга йилига 60 миллион сўм даромад киради.
Ўз даромадим ортиши билан бирга, бошқаларнинг ҳам қўшимча пул топишига кўмаклашаётганимдан қувонаман. Одамларимиз нафақат меҳнаткаш, балки азалдан тадбиркор ҳамдир. Уларга давлат томонидан берилаётган шароит, йўл-йўриқ ва ёрдам имкониятдан кенгроқ фойдаланишга йўл очяпти. Мен ҳам бунга ҳиссамни қўшишда давом этаман. Келгусида ҳудудимиз аҳолисининг ҳар бири ўз хонадонидаги томорқадан унумли фойдаланиб, юқори даромад олиши учун бор билим ва тажрибамни ишга соламан.
Тўлқин МАНСУРОВ,
Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги
шахсий томорқа ер эгаси,
«Дўстлик» ордени соҳиби