Яхшиям унга эргашиб кетмагани. Бўлмаса, ким билади, ҳозир қайларда юрарди. Олис ўлкада иш топишнинг ўзи бўлмаса керак. Ўртоғи ҳам шу пайтгача тайинли бирор жойга жойлашолмай юрганини тунов куни унинг отаси айтиб қолди.
Ёш деҳқон шуларни ўйларкан, ўтган йили ҳосилдорлик чўғи зўр бўлганидан мамнунлик туйғуси юзига урди. Лекин бу билан ишни тўхтатиб бўлмайди. Ҳали режалари бисёр. Бу ёғи уй-рўзғорга ҳам ёрдам қилиши керак. Бунинг учун фақат томорқадан янада унумли фойдаланиш лозим.
Беҳрўз Абдураҳимов 24 ёшда. Қамаши туманидаги Боёвут қишлоғида яшайди. У болалигидан деҳқончилик сирларини яхши ўрганган. Шу сабаб ҳовлисига кирган кишининг дили яйрайди. Боиси, бир қарич бўлсада, бўш ернинг ўзи йўқ. Қишлоқдаги ота-оналар фарзандларига, кўпчилик ёшларга уни намуна сифатида кўрсатади. Аслида, ёш йигитнинг қилган ишлари ўрнак олса арзигулик. У ерга кам харажат қилиб, кўпроқ фойда кўриш йўлини қидиришдан, изланишдан чарчамайди. Малакали миришкорларнинг кўп йиллик тажрибаларини ўрганишга ҳаракат қилади. Айниқса, ҳовлисига оқар сув келиши мушкуллиги боис, шуни қандай қилиб осонроқ ҳал этиш чораларини излайди.
Икки йил аввал отаси билан маслаҳатлашиб, 5 сотихли иссиқхона қурди. Ичига биринчи йили бодринг экди. Лекин бодрингни ҳосилдор қилиш учун доимий равишда суғориб туриш керак эди. Бу осон эмасди. Қийналиб бўлсада, эплади. Дастлабки йили натижа ёмон бўлмади. Аммо сув масаласини ҳал этмаса, иши кейинги йилда оғир кечиши аниқ эди. Тезда ишга киришиб, ҳали Боёвут қишлоғида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ёмғир сувидан фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бунинг учун беш сотихли иссиқхона томидан тушаётган ёмғир ва қор сувини бир жойда тўплаш керак эди. Шунинг ҳаракатига тушди. Иссиқхона ёнида ҳовуз қуриб, қувурлар орқали ёмғир суви йиғиладиган қилди.
— Шундан сўнг ишимиз анча осонлашди, — дейди Беҳрўз Абдураҳимов. — Илгари ариқдан сув келгунга қадар кўп вақт сарфланарди. Бир кун сув келса, ҳафталаб келмасди. Айни пайтда иссиқхонамизда помидор экилган. Суғоришда умуман муаммо йўқ. Ҳовуздаги сувдан томчилатиб суғориш орқали ниҳоллар тагига намлик доим бориб туради. Иссиқхоналарга экин совуқ кунлар тушгандан сўнг экила бошланади. Бу пайтда кузги-қишки ёғин мавсуми бўлади. Демак, кунлар исиб кетгунга қадар сув муаммоси ҳал этилади. Мутахассислар фикрича, ҳосилдорлик ортишида ҳам ёмғир сувининг ҳиссаси катта.
Ёш деҳқоннинг яна бир усули кўпчилик учун қизиқ. Иссиқхонада бўшаган қоплар ичига картошка экиш ҳадисини олган. Шу кеча-кундузда қопга ёғоч қириндиси, чорва гўнги ва тупроқдан аралашма солиб, ҳар бирига бир донадан картошка уруғини экиб чиққан. Айтишича, бу усул анча унумдор. Ҳосилнинг кўп бўлишини таъминлайди. Бир дона картошка ўртача беш кило ҳосил беради. Бир дона уруғлик картошкадан беш кило олинадиган бўлса, ўртача олти минг сўмдан ҳисоблаганда 30 минг сўм даромад келтиради. Ҳозир нақ 200 та қопга шу усулда картошка экилган. Демак, бир тонна ҳосилдан олти миллион фойда нақд, дегани. Бу иссиқхонадаги бўш жойдан унумли фойдаланиш орқали келаётган даромад. Яна бир жиҳати, бозорга картошка эртароқ чиқади.
Бундан ташқари, тез орада ҳосилга кирадиган помидор ҳам камида бир ярим минг тоннадан ортиқ ҳосил бериши кутиляпти. Бу маблағга чақиладиган бўлса, камида 15-20 миллион сўмга бориб қолади. Умумий ҳисобда битта иссиқхона бир мавсумда ўртача ўттиз миллион сўмдан ортиқ фойда келтирмоқда.
У фақатгина иссиқхона билан чекланиб қолгани йўқ. Ҳовлисидаги 10 сотих жойга картошка экишга ҳозирлик кўрмоқда. 20 сотих ерда эса тўқсонбости усулида экилган пиёз уруғлари етилмоқда. Эрта баҳорда томорқадан чиққан сабзавот маҳсулотлари ички бозорга чиқарила бошланиши аниқ. Шу билан бирга, боғдаги 30 туп олма дарахтидан яхшигина даромад олинади.
— Ҳалол меҳнатнинг нони ширин. Фақат буни англай олсак бўлгани, — дейди Беҳрўзнинг отаси кекса деҳқон Низомиддин Турсунов. — Аслида, барчаси ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Шундоққина эшигинг олдидаги имкониятни вақтида илғай олмасликнинг ўзи хато. Ҳовлидан туриб, турмушини фаровон қилиб яшаётганлар кам эмас. Биз ҳам кўп йиллардан бери деҳқончилик, боғдорчилик ортидан кун кечирамиз. Бировдан кам жойимиз йўқ. Шукрки, ҳовлининг ўзидан яхши даромад топяпмиз. Фарзандларимизни ўқитиб, яшаш тарзимизни яхшилаб олдик. Ҳозир ўғлим Беҳрўз ишларимни давом эттиряпти. Унга доим керакли маслаҳатларни бериб боряпман. Ростини айтсам, деҳқончиликда у мендан олдинлаб кетди. Ёшларнинг интилгани яхши.
Айни пайтда боғда дарахтларга шакл бериш бошланган. Беҳрўз боғдорчилик сирларини ҳам пухта ўзлаштириш ҳаракатида. Шу сабаб ҳар бир ниҳолни парваришлаш жараёнларини диққат билан ўрганиб бормоқда. Отаси қайси новда кесилиши, қайсини қолдириш ҳақида тушунча беришдан чарчамайди. Ҳар бир ҳолатга эътиборли бўлган ёш йигит ҳаттоки қимматли маслаҳатларни ёндафтарчасига қайд қилиб бормоқда. Мақсади эса янги ғоялар устида ишлаш. Келгусида боғ ҳосилдорлигини ошириш учун нималарга диққатли бўлиш лозимлиги ҳақида бош қотирмоқда.
Бундан ташқари, ёш йигитнинг ҳовлисида ўттиз бош қўй, ўндан ортиқ қорамол боқилмоқда. Сигирлардан кунига ўн беш-йигирма литр сут соғиб олинади. Харидорлар ўзи келиб олиб кетади. Бу ҳам рўзғорга наф келтирмоқда. Ҳар йили 20 та қўчқор боқиб, гўштга топширмоқда. Сирасини айтганда, бир йилда ҳовлининг ўзидан ўртача икки юз миллион сўмдан зиёд даромад топмоқда. Ушбу мавсумда эса буни янада ошириш истагида.
Дарвоқе, у хирмон кўтарилиб, янги машина мингач, ўртоқларини меҳмонга чақирмоқчи. Шунчаки мақтаниш учун эмас, балки ҳаракат қилган одам томорқасидан унумли фойдаланиб, шу ернинг ўзида ҳам яхши даромад топиши мумкинлигини исботламоқчи. Қолаверса, дўстлари билан ўз тажрибаларини ўртоқлашиш ниятида.
Акбар РАҲМОНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири