Шу боис, азалдан бу фаслнинг чиқиши Наврўз кунига қадар давом этиши ҳисоб қилинган. Лекин деҳқончилик ҳадисини олган миришкорлар ҳар дақиқани ғанимат билиб, ўз тақвимлари бўйича аллақачон иш бошлаб юборган. Шу пайтда кенг далаларда деҳқончилик қилаётган кишилар заҳматига бир кунгина шерик бўлган одам уларга тасанно айтади.
Адоқсиз кенглик. Олисдан кўриниб турган иссиқхоналарга яқинлашамиз. Машинадан тушгач, қишнинг тафти сезилади. Совуқ шабада кўз очиргани қўймайди. Лекин қишни писанд қилмагандек, деҳқонлар тинимсиз ҳаракатда. Ҳар ким ўз даласида нимадир билан машғул. Аслида, бу ҳудудда ҳамма бирдек эртапишар тарвуз экиш билан шуғулланади. Шу боис, кимдир ер ҳайдаш, яна бирови иссиқхона устини ёпиш билан банд. Хуллас, атрофга қарасангиз, бекор ўтирган одамнинг ўзи йўқ.
Яхшимурод Қобилов тажрибали миришкорлардан бири. Фермер хўжалиги ташкил этиб, 15 йилдирки далада тарвуз экиб, мўл ҳосил олиб келади. Қайси пайтда кўчат ўтқазиб, қачон ўғитлашу сув беришни яхши билади. У жорий йил Кўкдала туманида биринчилардан бўлиб эртапишар тарвуз экишни бошлаб берди.
— Бу йил мавсумда 20 гектар майдонга тарвуз экмоқчимиз, — дейди Яхшимурод Қобилов. — Февраль ойи бир оз совуқ келгани учун сал иккиланиш бор эди. Шундай бўлса-да, кунлар исиши билан ишни бошладик. Айни пайтда ўзимиз етиштирган ниҳоллар иссиқхона усулида ерга қадалмоқда. Албатта, меҳнати осон кўрингани билан буни етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Гоҳида тушунмайдиган савдогарлар келиб, маҳсулотимизни ярим пулига олишга ҳаракат қилади. Шундай пайтда ҳеч бўлмаса экиш вақтида икки кун бўлса-да далага келиб, ўз кўзлари билан жараённи кўришни тавсия этаман. Деҳқончиликнинг ўзи бўлмайди. Ўн кундан ошди. Ҳар куни шу ердамиз. Қишни қиш демай, ҳаракатдамиз. Мақсадимиз — эл дастурхонини тўлдириш. Меҳнат қилсак, албатта, роҳатини кўрамиз.
Фермернинг таъкидлашича, хўжаликда олти нафар доимий, 30 дан ортиқ мавсумий ишчи меҳнат қиляпти. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, сувни иқтисод қилишга ҳам катта эътибор қаратилган. Плёнка остига ёй усулида экилаётган ҳар бир ниҳол томчилатиб суғорилади. Қудуқ суви ҳовузга ташланиб, насослар ёрдамида ҳайдалади. Бир томчи сув беҳуда ишлатилмайди.
— Даромадимни ҳисоблашни унчалик маъқул кўрмайман, — дейди Яхшимурод ака. — Санасанг, баракаси учади деган гап бор. Гектаридан ўртача ўттиз тоннага яқин ҳосил оламиз. Бировдан кам бўлаётганимиз йўқ. Шунинг ортидан машина олдик, уй қилдик, фарзандларимиз контрактини тўлаяпмиз. Нархига келсак, бошида қимматроқ, кейин арзонроқ бўлади. Бир хил нархда сотиб бўлмайди. Энди бу йилги ҳосил, насиб этса, апрель ойи охирларида пишиб етилади.
Кўкдала тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, жорий йилда жами 20 минг гектар ерга тарвуз экиш режалаштирилган. Айни кунда эса миришкорларнинг асосий қисми эртапишар нав экиш тараддудида. Ҳар бир далада иш қизғин.
Ўзгача услубдаги «музлаткич»
Кўкдала тумани марказий кўчаси икки томонида қатор териб қўйилган тарвузларга кўзингиз тушади. Қизиғи, бу ҳолатга йилнинг исталган пайтида гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ҳосилни янги узилгандек сақлашнинг ўзи бўлмайди. Ҳайратланарлиси, ҳудуд деҳқонлари нафақат ҳосил етиштириш, балки уни сақлашга ҳам уста. Қандай дейсизми? Биз ҳам шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Буни тумандаги ҳар бир қишлоқ ёки маҳаллада учратиш мумкин. Айниқса, Шўрқудуқ маҳалласи одамлари бу борада катта тажрибага эга. Хусусан, табиий усулда қилинган «музлаткич»ларда тарвуз ҳатто бир йил давомида ҳам сифатини йўқотмай туради. Яъни ертўла шаклида ичкарига қараб ковланиб, эшик қўйилади.
— Аслида, бу ота-боболаримиздан қолган усул, — дейди Нурум қишлоғидан Сайдулла ота Яхшибоев. — Илгари боболаримиз лалми тарвузни ертўлада сақлашиб, экиш пайтига қадар асраган. Уруғ қадайдиган палла бошлангач, ташқарига олиб чиқиб, тарвузни сўйиб, унинг уруғини олган. Бир оз қуритиб, кейин экишган. Мен ҳам анча йилдан бери шу омборхонада тарвуз сақлаб келаман. Октябрь ойида ҳосилни киритиб оламиз. Декабрь ойидан эса сотувга чиқарамиз. Ҳосилни палакдан узилган жойини тепага қилиб териб чиқамиз. Шунда яхши туради. Ертўламизнинг узунлиги йигирма, эни уч, баландлиги эса икки метр. Қишда илиқ, ёзда салқин бўлади. Бу ерда нафақат тарвуз, балки чорва моллари гўштини ҳам сақласангиз, камида йигирма кун ҳеч бир ўзгаришсиз туради.
— Фарзандларим ҳосил пишган пайти келтириб, ертўлани тўлдириб қўяди, биз, чол-кампир фақат савдо билан шуғулланамиз, — дейди Сайдулла ота. — Фойдаси ёмон бўлаётгани йўқ. Ҳар йили декабрь ойидан бошласак, апрель ойига қадар сотамиз. Ундан сўнг янги тарвуз чиқади. Бир сўз билан айтганда, туманимизда доим тарвуз топиш мумкин.
Бир қарашда ертўлада тарвуз сақланиши оддий кўринади. Лекин Шўрқудуқ маҳалласи аҳли бундан нафақат сақлаш учун, балки даромад манбаи сифатида ҳам фойдаланмоқда. Сайдулла отага тегишли учта ертўла мавжуд. Ҳар бирига ўртача икки минг донадан ҳосил жойлаштириш имкони бор. Агар аниқ ҳисоб юритадиган бўлсак, пишиқчилик даврида ўртача беш минг сўмдан сотиб олинган тарвузларнинг жами суммаси 10 миллион сўмга яқин бўлади. Декабрь ойига келиб, 25-30 минг сўмдан сотилади. Биттагина ертўладаги маҳсулотнинг ўзи нақ эллик миллион сўмга айланади. Қирқ миллион сўми эса даромад. Энди учта омборхонани ҳисоблайдиган бўлсак, жами бир мавсумда 120 миллион сўм соф фойда, дегани. Бундай омборхоналарни эса маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда учратиш мумкин.
Экспорт ҳажми ортмоқда
Ҳозир Кўкдала тумани экспорт маҳсулотлари ҳажмининг асосий қисмини тарвуз ташкил этади. Мисол учун, туманда фаолият юритувчи экспортёр корхоналар томонидан 2024 йил давомида 9,8 миллион долларлик саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Шундан саноат маҳсулотлари 1,9 миллион долларни ташкил этган, 7,9 миллион долларлик тарвуз сотилган.
— Жорий йилда ҳам режани юқори олганмиз, — дейди Кўкдала тумани ҳокимлиги мутахассиси Ўктам Абдухалилов. — Хусусан, 50 миллион долларлик экспорт белгиланган. Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 696 миллиард сўмга тенг 23 та лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Бунинг натижасида 1243 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, 312 миллион долларлик жами 22 та манзилли ва истиқболли лойиҳа шакллантирилиб, 213,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режа қилинган.
Бугун тарвуз етиштиришни туманнинг асосий драйверига айлантиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Сабаби бунинг ортида заҳматкаш деҳқонларнинг катта меҳнати бор. Натижада эса аҳолининг турмуши яхшиланиб, туман фаровонлик ва ободликка юз тутмоқда. Муҳими, янги туман янгиликлар сари дадил ҳаракатланмоқда.
Акбар РАҲМОНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири