ЖССТ маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,3 миллиондан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади. Шунга қарамай, ривожланган мамлакатларда 40 ёшдан ошган аёллар ўртасида бу касалликдан ўлим кўрсаткичини 90 фоизга камайтиришга эришилмоқда.
Аммо баъзи кам даромадли давлатларда ушбу хасталикдан омон қолиш даражаси 50 фоиз ва ундан кам. Ваҳоланки, БМТ 2040 йилга келиб, кўкрак бези саратонидан 2,5 миллион нафар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш ташаббусини илгари сурган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Лола Алимхўжаева ушбу хасталикнинг олдини олиш ва самарали даволаш юзасидан ўз тавсияларини берди.
— Бу патология асосан 45-65 ёшда ривожланади, — дейди мутахассис. — Шу сабабли айни ёшдаги аёлларни режали маммографик текширувлардан ўтказиб туриш зарур.
Юртимизда ушбу йўналишда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимиз бўйлаб 45-65 ёшдаги аёллар кўкрак бези саратони скринингидан ўтказилиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, ҳар йили 1,5 миллионга яқин 45-65 ёшдаги опа-сингилларимизни шундай текширувлар билан қамраб олиш чоралари кўрилмоқда.Чунки кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш орқали бемор ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун шифокорлар 50 ёшдан ошган аёлларга ҳар йили маммографиядан ўтишни тавсия қилади.
Ўзбекистонда ушбу ёш тоифасидаги қарийб 3 миллион аёл истиқомат қилади. Бу хасталикнинг тарқалиш кўрсаткичи ҳар 100 минг нафар аҳолига нисбатан 12 нафарни ташкил этади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, кўкрак бези саратонининг эрта — 1-2 босқичларида 10 тадан 9 та ҳолатда хасталикдан халос бўлиш имкони бўлади.
Шу боис маммографик текширувлар қамровини кенгайтириш бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 17-мақсадида ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланган.
Бунга кўра, кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш тизими жорий қилиниб, туман тиббиёт бирлашмалари 14 та маммограф ускунаси билан жиҳозланади ва улар республика ягона ридинг тизимига интеграция қилинади.
Мобил ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун 4 та врач радиолог ва 175 та рентген-лаборантлар учун штат бирликлар ажратиш чоралари кўрилмоқда.