Шу фикрнинг мағзини чақадиган бўлсак, китобнинг буюклиги, ҳа, айнан буюклиги, қадри ниҳоятда баландлиги аён бўлади ва ўз-ўзидан унга ҳурматимиз ошади. У шунчаки қоғоз эмас, балки турли ёшдаги, турфа характерли, турли замон ва жамиятда яшаган, ҳар хил касбдаги ўнлаб, юзлаб инсонлар жамланган маскан эканини англаймиз. Ҳа, шундай. Бу “маскан”да бугунги кун одамларини ҳам, ўтган аср, ундан олдинги, ҳатто бир неча юз йиллар илгари яшаган инсонларни учратамиз. Уларнинг турмуш тарзи, феъл-атвори билан танишамиз. Бу мўъжизами? Албатта, мўъжиза! Аллоҳ таоло инсонга ато этган улуғ, бебаҳо неъмат – тафаккур маҳсули булар. Китобнинг фазилатлари, қудрати хусусида теранроқ ўйлаганимиз сари унинг янги-янги қирралари намоён бўлаверади. Унга ошно бўлиб, уни яхши кўриб қолганимизни ўзимиз ҳам билмай қоламиз. Бунинг натижасида ўша оддий варақлар қатидаги одамларни кўрамиз, уларнинг ўзаро суҳбатларини эшитамиз, қадди-қомати, кийиниши кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу аснода ўша одамлардан қайси бирига ҳавас қиламиз, қайси биридан нафратланамиз, қай бири билан дўстлашиб, бировини севиб қоламиз.
Масалан, менда шундай бўлади. Ўзим яхши кўрадиган, қайта-қайта ўқийдиган китобларим қаҳрамонларини тирик инсон каби тасаввур қиламан, наинки гап-сўзларини, ҳатто қадам товушларию нафас олишларини ҳам эшитаман.
Баъзи мисоллар келтираман. “Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожининг нуроний чеҳраси, оғир-вазмин гаплари, Ўзбекойимнинг фақат ўзини ўйлаб айтадиган ўринли-ўринсиз сўзлашлари ёки Отабекнинг сиртдан босиқ, аммо ички шиддати, мулоҳазакор гаплари (Аббос Бакиров, Марям Ёқубова, Ўлмас Алихўжаев ижросида эмас, йўқ, менинг шахсий тасаввуримдаги Юсуфбек ҳожи, Ўзбекойим, Отабек) кўз олдимда намоён бўлади, қулоқларим остида жаранглайди.
Ўлмас Умарбековнинг “Севгим севгилим” қиссасини ўқувчилик пайтларим ўқиганман ва Ойпопукни яхши кўриб қолганман. Бу ҳақда ёзувчига хат ёзганман. Ҳамлетни қадрдон дўстимдек кўраман. Унинг изтиробларига ачинаман, онасини бўғиб ташлагим, амакисини ўлдиргим келади. Горацио каби унинг ёнида туришни хоҳлайман. Лев Толстойнинг “Тирилиш”, “Анна Каренина” романлари қаҳрамонлари Катюша Маслова ва Анна Каренинани севиб қолганман. Ҳа, тўғри таъкидладингиз, уларнинг иккаласи ҳам ахлоқий жиҳатдан нотўғри қадам босади, аммо уларнинг ички дарди бор, виждони бор. Қилаётган иши нотўғри эканини ҳам билади. Лекин ишқ деган буюк неъмат олдида ўзини тия олмайди. Айни чоғда виждон азобига бардош беролмай, ўзини поезд тагига ташлайди (Анна Каренина). Ишқ кимларни асир этмаган. Лоақал Шайх Санъонни эсланг.
Энди ўйлаб кўринг, нега айрим китобларни ўқисак йиғлаймиз, баъзи китобларни ўқиб, куламиз. Атрофимизда ҳеч ким йўқ, ёлғиз ўқияпмиз – беихтиёр кулиб юборамиз. Ёхуд кўзимиздан жимиллаб ёш оқаверади. Нега шундай? Абдулла Қаҳҳорнинг бир ҳикояси қаҳрамони ярим кечаси хотинидан носим қаерда, деб сўрайди. Хотини нима қиласиз, дейди. Миниб бозорга бориб келаман, нима қилардим носни, чекаман-да, дейди эр. Хўш, шу сатрларни ўқиганда кулмайсизми? Мен кечаси бир ўзим хонада ётиб ўқиётган эдим, беихтиёр хохолаб кулиб юборганман ва ўзимнинг овозимдан ўзим ҳайратга тушганман...
Булар қанчалар завқ, қанчалар роҳат бағишлайди инсонга. Ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Китоб ўқимаган одам шундай бебаҳо неъматлардан бебаҳра қолади.
Умр ўтаверади. Китоб ўқимай ҳам яхши, тўқ, китоб ўқигандан кўра бадавлат яшаш мумкин, дегувчилар бор. Афсуски, уларга эътироз билдириш қийин. Сабаби – кўриб турибмиз, умрида бирорта китобни очиб ҳам кўрмаган қанча-қанча одамлар данғиллама уйларда яшамоқда, хорижий машиналарда юрмоқда, дамба-дам дунёнинг машҳур курортларига боради. Аммо инсон ҳаёти фақат еб-ичишу айшу ишлардан иборатми? Аллоҳ ато этган энг буюк неъмат умрни самарасиз ўтказиш тўғрими? Ахир одам боласи бу дунёда ўзидан нимадир қолдириши керак эмасми? Биламан, бу гаплар бугунги кунда, афсуски, кўпчиликнинг энсасини қотиради. Лекин одамга алам қилади – нега бунақа бўлиб қолдик, нима учун молу дунёга муккамиздан кетяпмиз? Нега илмимизни оширишга, дунёқаришимизни кенгайтиришга, бу дунёда маданият, маърифат, гўзаллик, нафосат, инсоф, диёнат, алалоқибат виждон деган нарсалар – туйғулар ҳам борлигига аҳамият бермаймиз, эътиборсиз, ҳатто беписанд қараймиз? Аждодларимиз, ота-боболаримиз бундай бўлмаган-ку! Фаровон яшашга, замонавий уй-жойлар қуриб, энг сўнгги русумдаги автомобилларда юришга ҳеч ким қарши эмас, жумладан, мен ҳам. Аксинча, қўллаб-қувватлаймиз, хурсанд бўламиз, халқимиз шундай тўкин-сочин замонда яшаётганидан Аллоҳга шукроналар айтамиз. Бизга шуям бўлаверади, деб пахса уйларда кун кечирадиган замонлар ўтди. Халқимиз барча шароитлари мавжуд уйларда яшашга, замонавий машиналар минишга ҳақли, аллақачон шундай бўлиши керак эди.
Шу билан бирга, илмни, адабиёт ва санъатни унутишга ҳам ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буларсиз инсон ҳаёти тўкис бўлмайди, инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи қолмайди. Китоб ўқиган одам фикр юрита олади, тафаккур олами кенгаяди, маданиятли, маърифатли, одобли бўлади. Ҳолбуки, кўпларимиз элементар маданиятни ҳам билмаймиз, энг ёмони, билишни истамаймиз. Масалан, кийиниш, овқатланиш, муомала, давраларда ўтириш-туриш, издиҳомда ўзини қандай тутиш маданияти каби юзаки қараганда оддий, аслида жуда муҳим масалалар булар. Гапирсангиз нима дейди? Ҳа, биз ўзбекмиз, ота-боболаримиз шундай қилган, шундай юрган. У ҳолда костюм-шим киймайлик, салла ўраб, чопонда юрайлик, овқатни қошиқ-санчқида эмас, қўлда ейлик. Яратганга шукрлар бўлсинки, бугун дунё билан гаплашяпмиз, манаман деган давлатлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Демак, ҳар тарафлама ўшалар қаторида бўлмоғимиз зарур. Бизнинг кимдан кам жойимиз бор? Ҳеч кимдан! Фақат ўзимиз ўзимизни тартибга солиб, тез-тез кўзгуга қараб турсак, бас.
Китоб қудрати
Китоб катта қудратга эга. У инсон тафаккурини кенгайтиради, оқ-қорани танишга, мустақил фикр юритишга, ҳар бир воқеа-ҳодисани таҳлил қилишга ўргатади. Шулар қаторида муаллиф мансуб миллатнинг урф-одатлари, тарихи, ўша юрт табиати, бойликлари ҳақида ҳикоя қилади. Стендаль, Мопассан, Бальзак асарлари француз халқининг, Пушкин, Лев Толстой, Достоевский, Герцен китоблари рус халқи турмушининг инъикоси эмасми?!
Шолохов асарлари бўлмаганида Дон казаклари шу қадар машҳур бўлармиди! Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов асарлари халқимиз тарихи, чеккан азоб-уқубатлари, орзу-умидларининг бадиий ифодаси эмасми?!
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Бир дўстим Доғистонга борган экан. “Махачқалъада автобусда кетаётсам, бир рус киши асабий ҳолда сўкиниб кетяпти, – дейди. – Ора-чора Расул Ҳамзатовни ҳам қўшиб қўяди. Ҳайрон бўлиб ёнига бордим-да, нега бунча асабийлашиб кетяпсиз, ҳатто Расул Ҳамзатовни ҳам ҳақорат қиляпсиз, дедим. Ҳа, айнан шу Ҳамзатовни сўкяпман, деди у. Нега, нима бўлди, сўрадим қизиқиб. Мен шу Расул Ҳамзатовнинг асарларини, айниқса, “Менинг Доғистоним” китобини ўқиганимдан сўнг шу юртни кўриш истаги пайдо бўлди. Жуда ҳавасим келди. Қандай гўзал жойлар экан, албатта, бораман Доғистонга, деб пул йиғдим, меҳнат таътили олдим. Келдим, Махачқалъани ҳам, бошқа жойларни ҳам кўрдим, эринмай айландим. Аммо бирор мўъжиза кўрмадим. Шу ўзимиздагига ўхшаган кўчалар, уйлар, тошлар... Фавқулодда янги, гўзал нарсани учратмадим. Вақтимга, пулимга ичим ачияпти, деди”.
Дўстимнинг ҳикояси мени узоқ ўйлантирди. Расул Ҳамзатовга ҳавасим келди. Ўз юртини, ватанини бу қадар кўкларга кўтарган, дунёнинг ҳавасини келтира олган ёзувчилар кам. Расул Ҳамзатов уларнинг энг олдинги сафида турган бўлса, ажаб эмас.
Бошқаларга ҳавас қиламиз, уларнинг ибратли ишларидан ҳайратланамиз. Аммо улардан ўрнак олиб ўзимиз шу ишларни қилишга ҳафсаламиз келмайди. Грузинлар келин-куёв никоҳдан ўтаётганда Шота Руставелидан ўқиб бериши, келиннинг сепида “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китоби бўлиши шартлигини биламиз, ҳавас ва ҳайрат билан гапирамиз, лекин ўзимиз амал қилмаймиз. Никоҳдан ўтаётган ёшлар Навоийданми, Бобур, Машрабданми, замондош шоирларимизданми бир ғазал ёки шеър ўқиб берса қандай гўзал иш бўлади. Келинларимиз сепида фалон мамлакат мебелию пистон юртнинг қимматбаҳо кийим-кечаклари қаторига Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” китобини қўшиб қўйиш қийинми? Ахир ёр васфини, ишқини Навоийдан ошириб таърифлаган шоир борми? Куёв келинга:
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
деса нақадар мароқли, ёқимли бўлади. Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Китоб безак эмас
Ёши улуғ ўқитувчилар яхши билади, собиқ шўро замонида обуна бўлиб олинадиган китоблар бўларди. Москвада нашр этиладиган бу китоблар орасида рус ва жаҳон классик ёзувчиларининг кўп жилдликлари бор эди. Мазкур китобларга обунани райком партия берар, шу боис пиёдалар у ёқда турсин, унча-мунча отлиқ ҳам ололмас эди. Тан олиш керак, китоблар ниҳоятда чиройли безалган, сифатли қоғозларга босиларди. Афсусланарли жойи шунда эдики, бу китобларга обуна бўлганларнинг аксарияти китоб ўқимас, китобларни уйининг кўринарли жойига териб қўярди, гўёки китоб уйнинг безагидай. Шундай хонадонлардан бир-иккитасини кўрганман. Китобнинг ҳақиқий мухлислари учун эса бу кўпжилдликлар орзу эди. Шўрлик китоблар чиройли жавонларда йиллаб очилмай турар эди. Бу ҳолат менга “олтин қафасдаги булбул” каби туюларди. Кўряпсизми, кимдир китобга зор, кимнингдир қўлида китоб хор. Илмга, гўзалликка ташна қанча-қанча одамлар, айниқса, ёшлар шу китоблардан лоақал биттасини олиб ўқигиси келади, иложи йўқ. Бу ёқда қанча китоблар ўқувчисига мунтазир.
Демак, китобни ҳақиқий эгасига етказиш жуда муҳим. Зеро, китобга жонли мавжудот сифатида қарамоқ керак. Ахир уларнинг саҳифалари қатида юзлаб инсонлар ўз дардини тўкиб, ўзининг чинакам дўстини кутиб ёхуд севгилиси васлига интизор бўлиб ётибди. Уларни қийнамаслик лозим, уларга шафқат қилиш зарур. Бошқача айтганда, китоб ўқилиши керак. Акс ҳолда китобнинг оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Энг ёмони, қанча қоғоз, қанча сўз исроф бўлади, бунинг уволи тутади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда китобга эътибор кучайди. Китоб нашр этиш, китобат санъатимиз халқаро талаблар даражасига чиқди, десак хато бўлмайди. Асосийси, китобхонликни, китобга меҳр қўйишни тўғри ташкил этиш тизими яратилди. Китобларни ўз эгаларига, яъни ҳақиқий китобхонларга етказиш чоралари кўрилмоқда. Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази каби ташкилотлар жойларга китоб карвонлари жўнатмоқда ва бу иш изчил давом этмоқда. Бу карвонлардаги китоблар асосан ёшларга берилмоқда.
Қувонарли жиҳати шундаки, одамларни китобга қайтариш, мутолаага ўргатиш ишларига энг юқори даражада аҳамият берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қарорлари қабул қилинди. Ёш китобхонлар танловлари ўтказилмоқда. Ғолибларга турли қимматбаҳо совғалар, биринчи ўринни эгаллаганларга автомобиль берилаётир. Яна қайси давлатда китоб тарғиботига шу даражада эътибор бор? Масалан, мен билмайман.
Шу ўринда савол туғилади: жойларга етказилаётган китоблар ўқиляптими ёки қаердадир жавонларда саф тортиб турибдими? Ҳар бир ишнинг натижаси муҳим. Бошланган хайрли иш ярим йўлда қолиб кетмаслиги лозим.
Ёш китобхонлар танловларида ғолиб бўлиб, мукофотлар, ҳатто машина олганларнинг кейинги тақдири қандай кечмоқда? Ҳозир ҳам китоб ўқияптими? Танловда ғолиб бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топдими? Жамиятга, элу юртга қандай хизмат қилаётир? Ёки энг катта орзуси автомобиль олишдан иборат бўлиб, изланишдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтадими? Шулар ҳақида, яъни ёш китобхонлар танлови ғолибларининг кейинги фаолияти, улар яна қандай ютуқларга эришаётгани тўғрисида матбуот, ижтимоий тармоқлар орқали маълумотлар бериб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ёшлар учун ўзига хос мотивация беради. Акс ҳолда одамларда турли ўринли-ўринсиз фикрлар, қарашлар қалқиб чиқади.
Китобхонлик ниманингдир илинжида бўлмаслиги керак! Агар асосий мақсад танловда ғолиб чиқиш ва қимматбаҳо совға олиш бўлса, у ҳақиқий китобхон бўлмайди. Китоб ўқиш кўнгил эҳтиёжига айланиши керак. Яшаш учун овқат ейиш қанчалар зарур бўлса, китобхонлик, мутолаа ҳам шу даражадаги заруриятга айланиши шарт.
Мактабдаги ўқитувчиларимиз китобни ёдлаб олманглар, дерди. Баъзи ўқувчилар берилган вазифани ёдлаб олиб айтиб берарди. Ўқитувчимиз бундан қайтарарди. Ўқиётган нарсангнинг маъносини тушун, мазмунини чақ, дерди. Ўқиган китобининг маъно-мазмунини ўзи тушунганча айтиб берадиган ўқувчиларга юқори баҳо қўярди.
Дарҳақиқат, маъносини тушунмай ёдлаб олган одамда китобга қизиқиш уйғонмайди, аксинча, китобдан безади. Агар муайян асарнинг ичига кирса, ўзи билмаган ҳолда воқеалар иштирокчисига айланади. Шунда асар қаҳрамонлари билан гаплашади, қайсидир қаҳрамон ёки персонаж билан дўст тутинади, кимдандир ғазабланади, кимнидир севиб қолади.
Кампаниябозлик самара бермайди
Китоб тарғиботи, одамлар, хусусан, ёшлар китоб ўқиши учун турли воситалардан фойдаланилмоқда, ҳар хил чоралар кўрилмоқда. Президентимиз раҳбарлар ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилсин, деган таклифни айтди. Шундан китоб тарқатиш кампанияси бошланиб кетди. Вазирлик ва идорлар раҳбарлари, ҳокимлар мактабларга китоблар олиб борди. Бу ишлар телевизорда кўрсатилди, вақтли матбуотда, ижтимоий тармоқларда ёритилди. Қанақа китоблар олиб борилди, уларнинг савияси қанақа, китоблар мактаб ўқувчиларига мосми, деган масалаларга ҳеч ким эътибор бермади. Ҳолбуки, ҳар бир китобнинг ўз ўқувчиси бўлади. Айтайлик, “Декамерон”, ҳатто “Анна Каренина”ни мактаб ўқувчиларига тавсия этиш мумкин эмас. Илгари китобларга қайси ёшдаги ўқувчиларга мўлжаллангани ёзиб қўйилар ва бу бежиз эмас эди.
Шу кампанияни кузатиб, бир фикр келган эди хаёлимга. Мактабларга китоблар совға қилаётган айрим раҳбарлар бу ишни худди топшириқни бажараётгандай, мажбурият юзасидан қилаётгандай таассурот қолдирган. Ваҳоланки, ўзи таълим олган мактабга китоб олиб бориш (нечта китоблигининг аҳамияти йўқ) виждон иши, шарафли вазифа бўлмоғи керак. Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси замирида эзгу, жуда олижаноб мақсад мужассам: вазир ёки ҳоким ўзи ўқиган мактабга китоб олиб борса, ўша мактаб ўқувчиларига мотивация бўлади. Яхши ўқисам мен ҳам вазир, ҳоким, прокурор, хуллас, эл танийдиган одам бўламан, деган ҳавас, орзу пайдо бўлади уларда.
Афсусланарлиси, бу ишлар бир муддат давом этди, сўнг тўхтади. Мана шунинг ўзи китоб тарқатиш ишлари муайян кампания бўлганини кўрсатиб турибди. Ҳолбуки, бундай хайрли ишлар тизимли бўлмоғи зарур, изчил давом этмоғи даркор. Ҳозир бирор раҳбар ўзи ўқиган мактабга китоб олиб боряптими? Агар шундай бўлганида телевизорда кўрсатиларди, ижтимоий тармоқларда сурати билан қўйилар эди. Йўқ! Чунки кампания тугади! Китоб совға қилиш, китоб тарғиботи, китоб ўқиш, дейлик, пахта териш кампаниясига ўхшаган мавсумий иш эмас, у узлуксиз давом этиши шарт. Зеро, янги-янги китоблар чиқяпти. Нашриётлар ҳар йили неча ўнлаб китоб нашр этмоқда.
Дарвоқе, нашриётлар ҳақида. Ҳозир нашриётлар кўп, аксарияти хусусий. Бу яхши. Бутун мамлакат ёзувчи ва шоирлари тўрт-бешта нашриётнинг оғзига қараб ўтирмайди. Ҳар бир нарсанинг ўзига хос яхши-ёмон томони бор. Бундан хусусий нашриётлар ҳам мустасно эмас. Бугун китоб чиқариш осон бўлиб қолди, айниқса, пулдор кимсалар учун. Бировга пул бериб, китоб ёздиради, нашриётга пулини тўлаб, оппоқ қоғозларда чиройли безаклар билан чиқаради китобини. Хусусий нашриётларнинг айримлари китобнинг савиясига, маъно-мазмунига эътибор бермайди. Оқибатда саёз, ўқувчи дидини, савиясини оширишга эмас, аксинча, дидсиз бўлишига хизмат қиладиган китоблар чиқмоқда. Бу адабиётга, сўзга, маърифатга, алалоқибат миллатга, унинг келажагига хиёнат. Чунки китобхонлар, айниқса, ёшлар яхши-ёмон китобни ажратиши қийин, китобга ишонади. Лицензияси бор нашриёт чиройли муқоваларда чоп этган. Ана шу дидсиз, мазмунан саёз (бадиийлигини қўя турайлик), ҳатто тарбия нуқтаи назардан зарарли китобларни ўқиган ёш китобхон фикри шу тарзда шаклланади, ривожланади. Бу жуда ёмон ҳолат. Бунга бефарқ қараш, жараёнга лоқайдлик қилиш мумкин эмас. Оқибати хунук бўлади. Зотан, бу ишлар миллатимиз, халқимиз, Ватанимиз тақдири ва келажагига дахлдор масала.
Гап ўзани адабиётшуносликка келиб тақалади. Адабий танқидчиларимиз, адабиётшуносларимиз нега ўша саёз китоблар тўғрисида бонг урмайди? Индамаган сари бундай китоблар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетаверади-да. Танқид ҳеч кимга ёқмайди, деймиз. Тўғри, вазирга ҳам, ҳокимга ҳам ёқмайди танқид. Ёзувчи ва шоирлар ҳам, ноширлар матбачилар ҳам бундан мустасно эмас, уларга ҳам ёқмайди. Аммо бугун замон бошқа, талаб бошқа. Катта-катта вазирликлар, ҳокимликлар, нуфузли идоралар танқид қилинмоқда-ку. Буни Президент талаб қилаётир. Танқиддан холи ҳеч бир соҳа, бирор кимса йўқ. Танқидсиз тараққиёт бўлмайди. Бу аксиома адабиётга ҳам дахлдор. Устоз адибларимиз, танқидчи ва адабиётшуносларимиз ижодига назар солсак, қандай кескин мунозаралар, танқидлар бўлганини кўрамиз. Ғафур Ғулом, Уйғун каби шоирларни ҳам аяшмаган. Озод Шарафиддиновнинг 1962 йилда чиққан “Замон. Қалб. Поэзия” китобини бир варақлаб кўринг-а. Ғафур Ғуломнинг Ленин ҳақидаги шеъри танқид қилинган. Танқид Ғафур ёки Уйғунга ёққанми? Мирмуҳсин, Жуманиёз Жабборов каби шоирлар О.Шарафиддинов танқидидан хурсанд бўлганми? Адабиётни, миллат тақдирини, ёшлар келажагини ўйлаб беғараз, холис танқид қилинган уларнинг шеърлари. Зотан, ҳар қандай танқид ҳалол, адолатли, холис, ҳеч қандай тарафкашликка берилмай, миллат, элу юрт манфаати нуқтаи назаридан ёзилса, ҳеч ким малол олмайди. Қолаверса, танқид ва таҳлил муайян асар ёки китобнинг ўзига хос тарғиботи ҳамдир. Газета ва журналдами, радио ёки телевидениеда, ижтимоий тармоқлардан бирон-бир янги китоб ҳақида фикр айтилса ўқувчилар янги китоб чиққанидан хабардор бўлади. Шу билан бирга, ўқувчилар, айниқса, ёшлар китоб танлашида танқидчи ва адабиётшуносларнинг фикри ёрдам беради. Бинобарин, оқ-қорани ажрата олиш даражасига етмаган ёшлар қўлига тушган китобни ўқийвериши мумкин. Худо кўрсатмасин, уларнинг қўлига енгил-елпи, миллий менталитетимизга ёт китоблар тушиб қолса нима бўлади?! Афсуски, бунақа китоблар ҳозир бисёр.
Умри боқий, беминнат дўст
Бу дунёда энг қадимий, айтиш мумкинки, ўлмас нарсалардан бири китобдир. Инсоният пайдо бўлибдики, китоб бор. “Гилгамиш”, “Одиссея”, “Илиада”, “Шоҳ Эдип” каби асарлар яратилганига неча асрлар бўлди. Улар ҳамон “тирик”, ҳамон инсоният ардоғида. Ўзимизнинг буюк аждодларимиз Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Ал-Хоразмий, Имом Бухорий, Термизийлар, Улуғбек, Навоий, Лутфий, Атоий, Бобур каби кўплаб алломаларимизнинг илм-фаннинг турли соҳаларига бағишланган китоблари, ғазаллари ва достонларини ҳануз ўқиймиз, ўрганамиз. Бу китоблар инсоният бор экан, ўқилади, ўрганилади. Зеро, китоб ҳеч қачон “ўлмайди”.
Яхши китоб учун на сиёсатнинг, на тузумнинг, на даврнинг аҳамияти бор. Умри боқий китоблардан ҳар бир замон кишиси ўзи учун керакли нарсаларни олаверади.
Китобнинг яна бир хислати — у беминнат, таъмасиз дўст, суҳбатдош. У бизга олам-олам билим, маслаҳат беради, йўл-йўриқ кўрсатади, аммо эвазига ҳеч нарса сўрамайди. Барчамизни эзгуликка бошлайди, имонли-эътиқодли, аҳил-иноқ бўлишга, хайрли амаллар қилишга даъват этади.
Ана шундай буюк қудратга эга улуғ неъмат — китобни ардоқлайлик, қадрига етайлик. Унинг саҳифалари қатида яшириниб ётган мард, жасур, эл-юрт учун жонидан ҳам кечган фидойи инсонлардан ўрнак олайлик, улар билан дўстлашайлик, гўзалларни севайлик...
Азиз ўқувчи! Китоб қаҳрамонларидан дўстингиз борми? Китоб қатидаги соҳибжамоллардан кимни “севиб” қолгансиз? Агар шундай бўлса, сиз бахтли одамсиз...
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
ёзувчи








