2025 йил 6 ноябрь куни Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Туронбанк” АТБ, Транспорт вазирлиги ҳамда Тошкент метрополитени ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур “Турон китоб бекати” лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Алишер Навоий ва Пахтакор метро бекатларининг ўтиш қисмида ўрнатилган махсус китоб жавонлари ёнида ташкил этилди.
Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, “Туронбанк” АТБ Бошқарув раиси Чори Мирзаев, Транспорт вазирлиги ва Тошкент метрополитени масъуллари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, журналист Шерзодхон Қудратхўжа, шунингдек, шоирлар ва фаол китобхонлар иштирок этди.
Лойиҳа аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш ва ўқишга бўлган қизиқишни кучайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Турон китоб бекати” жавонларидаги асарлар “Ишонч асосидаги китоб алмашинуви” тамойилига асосланади: йўловчи китобни олиб, манзилига етгунча ўқийди ва уни бошқа бекатдаги жавонга қайтаради. Шу тариқа метро йўловчилари ўртасида ўқиш, фикрлаш ва билим алмашиш маданияти шаклланади.
Тадбирда сўз олган “Туронбанк” АТБ Бошқарув раиси Чори Мирзаев ушбу ташаббус ҳақида шундай деди:
“Банк фақат молиявий хизмат кўрсатувчи муассаса эмас, балки жамиятда маънавий ва маданий қадриятларни ривожлантирувчи кучли ижтимоий платформадир. “Турон китоб бекати“ орқали биз ҳар бир йўловчини ўқишга ундайдиган, фикрлашга чорлайдиган, маънавий бойлик улашадиган муҳит яратмоқдамиз.”
“Турон китоб бекати” лойиҳаси орқали “Туронбанк” ўзининг ижтимоий масъулиятли ташаббусларини давом эттирмоқда. Бу лойиҳа нафақат китобхонлик маданиятини ривожлантиради, балки жамоат жойларида маънавий муҳитни бойитиб, ёш авлодда ўқишга муҳаббат уйғотади.
Зулхумор АКБАРОВА
Ҳамкорлик материали







