Зеро, буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур таъкидлаганларидек, қаердаки қонун ҳукмронлик қилар экан, ўша жойда эркинлик бўлади. Кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни эса беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Конституциямизда оилага оид қатор нормалар ўз ифодасини топган. Алоҳида бир бобнинг оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини кўрсатади. Конституциямизнинг 77-моддасига мувофиқ, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.
Мамлакатимизда оила институтини, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга ошириб борилмоқда.
Xотин-қизлар ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланганлиги, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари сифатида маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланганлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини беради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номлаган 592-моддасига кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Хулоса сифатида шуни қайд этиш керакки, оилага нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш, инсон ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат қонун билан жазоланади.
Азизахон АЛЛАНОВА,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи,
криминология ва коррупцияга қарши курашиш
кафедраси доценти