Конструктив мулоқот, кўп томонлама ҳамкорлик

    Фикр 14 сентябр 2022 849

    Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли

    12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи мамлакатимиз ҳамда қатор етакчи хорижий давлатларнинг нуфузли газеталари ва интернет-нашрларида, хусусан, Кувайтнинг етакчи “Ал-Анба” газетаси ва оммабоп “Q8 Press” электрон нашри веб-саҳифасида, “Arab News” нашрида, “Янги Ўзбекистон”, “Daily Islamabad Post”, “Iran Daily” ва шу сингари бошқа кўплаб газеталарда чоп этилди.

    Ўзбекистон Давлат раҳбари мақолада бугун мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч глобал даражада чуқур таназзулга юз тутганини, халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ҳамда нормаларга асосланган, неча ўн йилликлардан бери томонлар тарафидан бекам-кўст амал қилиб келинган тизими издан чиқиб бораётганини ҳақли таъкидлайди. Натижада геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганини, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта вужудга келиши хавфи туғилаётганини қайд этади.

    Ана шундай мураккаб бир шароитда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг турли блоклардан холи мақоми, унинг очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки турли ҳарбий, ҳарбий сиёсий ёхуд иқтисодий халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, тузилмада барча иштирокчи давлатларнинг тенглиги, суверенитетининг ҳурмат қилиниши, уларнинг ички ишларига аралашмаслик, томонлар ўртасида турли-туман сиёсий қарама-қаршиликлар ва ихтилофларга, носоғлом рақобатга йўл қўйилмаслиги сингари принциплари қатъиятини жаҳон афкор оммасига яна бир карра кенг намойиш қилиш зарурати юзага келмоқда.

    Зеро, ҳеч кимга сир эмас: бугун дунёнинг айрим мамлакатларида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти НАТОни тийиб турувчи, мувозанат сақловчи тузилма бўлади, дея кутаётганлар, ҳаттоки, бунга чин дилдан ишонаётганлар ҳам кўп. Масалан, Россия Федерацияси Коммунистик партияси етакчиси Геннадий Зюганов 8 сентябрь куни россиялик журналистлар билан учрашувда “БРИКС и ШОС станут противовесом НАТО” (“БРИКС ва ШҲТ НАТОга қарши мувозанатга айланади”) (ҳавола: https://ria.ru/20220908/zyuganov-1815393240.html) дея баёнот берди. Унинг бу баёноти эса, ҳеч шубҳасиз, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хартиясида 2001 йилдаёқ ёзиб қўйилган Ташкилотнинг турли блоклардан холилик мақомига мутлақо зиддир.

    Бундан ташқари, айрим хорижлик журналистлар ва сиёсий экспертлар ҳам бугун ШҲТ сон ва сифат жиҳатидан ўсиб бораётганига, умумий аҳоли сонига (Ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида 3 миллиард нафардан зиёд киши истиқомат қилади), ялпи ички маҳсулот ҳажмига (жаҳон иқтисодиётининг қарийб 20 фоизи ШҲТ таркибидаги давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Бу йилига 15 триллион АҚШ доллари деганидир), ҳудудий жиҳатдан улканлигига (Евроосиё қитъасининг 60 фоиз майдонини эгаллаган) аҳамият қаратиб, унинг таркибидаги аъзо-давлатларнинг тўрттаси ядро қуролига эга мамлакатлар гуруҳига киришини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган бугунги ўзига хос “тарихий эврилиш” палласи – бир тарихий давр ниҳоясига етаётган, башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланаётган паллада ШҲТнинг мақомини ўзгартиришга, унинг кўпроқ сиёсий-ҳарбий мақом касб этишига сабаб бўлиши мумкин.

    Албатта, Ўзбекистон Президентининг бугунги мақоласи ушбу мулоҳазаларнинг барчаси хато эканлигини, Ташкилот ва унга аъзо-давлатлар ШҲТ Хартиясида белгилаб қўйилган қоидаларга содиқлигини кўрсатди.

    Қолаверса, Давлатимиз раҳбари турли қуролли можаролар туфайли издан чиқаётган савдо ва инвестиция оқимлари озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни янада кескинлаштираётганини, шу билан бирга, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бераётганини алоҳида таъкидладилар. Бу муаммолар, ҳеч шубҳасиз, инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган қадриятлар ва неъматларнинг емирилишга олиб келмоқда. Одамлар ҳаёти ҳамда фаолиятига таҳдид соляпти, даромад манбаларини қисқартирмоқда.

    Шавкат Мирзиёев мазкур мақолада тўғри қайд этганидек, “Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас”.

    Шу маънода, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти юқорида айтиб ўтилган глобал таҳдидларга қарши тура оладиган, барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётни таъминлайдиган самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатишга, замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат, ўзаро келишиб ҳал этишга, янги хавф-хатарлар ва таҳдидларнинг, турли ижтимоий ларзаларнинг олдини олишга хизмат қиладиган энг мақбул ва самарали тузилма бўлиши табиий.

    Бинобарин, конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли эканлигини замоннинг ўзи тасдиқламоқда.

    Жалолиддин УСМОНОВ,

    Халқаро пресс-клуб раиси.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates