баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Коррупцияга қарши курашишда янги тизим ва янги механизм яратилади

    Коррупция – жамият кушандаси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

    Жумладан, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

    Бугун фуқароларимиз томонидан агентлик фаолиятига доир турли фикрлар  билдирилмоқда, саволлар туғилмоқда. Кенг жамоатчилик ўртасида юзага келаётган турфа қарашларга ойдинлик киритиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал БУРХОНОВ билан суҳбатлашдик.

    – Яқинда агентлик бошқарув аппаратига 10 нафар ходим танлов асосида ишга қабул қилинганидан хабаримиз бор. Улар орасида хотин-қизлар йўқлиги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Танловнинг қандай ўтказилгани, умуман, ташкилотга ходимларни саралаш билан боғлиқ жараён ҳақида гапириб берсангиз? 

    – Президентимизнинг агентликни ташкил этиш тўғрисидаги фармонида ташкилот бошқарув ходимларини халқаро мезонлар асосида танлов йўли билан ишга қабул қилиш белгиланган. Бу жараёнда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар тажрибаларини ўргандик, улар билан музокаралар ўтказдик, тавсияларини инобатга олдик. Дастлаб танлов комиссиясини ташкил қилдик. Комиссия аъзолигига ­Президент Администрацияси, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг қатъий тавсиясига кўра жамоат ташкилотлари вакилларини, психологларни жалб қилдик.

    Комиссия аъзолари ёрдамида танловнинг халқаро стандартларга асосланган низомини ишлаб чиқдик. Танловнинг биринчи босқичида 13 186 талабгордан онлайн шаклда аризалар келиб тушди. Улар орасидан 146 номзод саралаб олинди ва тест синовлари босқичига ўтди. Тест саволлари орқали қонунчиликни билиш, халқаро ҳаётдан, коррупция билан боғлиқ тенденциялардан хабардорлик даражаси, тарих, фалсафа каби фанларни ўзлаштиргани ва психологик қобилияти синалди. Тест жараёни тўғридан-тўғри “Фейсбук” ижтимоий тармоғи орқали трансляция қилинди, ОАВ ва жамоат ташкилотлари вакилларини ҳам кузатувчи сифатида таклиф қилдик.

    Тест натижаларига кўра, 23 номзод тўртинчи босқичга йўл олди. Бу босқичда талабгорнинг касбига лаёқатлилиги, тайёрлигини кўрсатувчи психофизиологик тест бўлди. Жараёндан барча ўтди. Бешинчи босқичда танлов комиссияси аъзолари талабгорлар билан бирма-бир суҳбатлашди. Суҳбатда уларнинг малакаси, ўзлари танлаган лавозимга мос ёки аксинча экани, коррупцияга қарши курашиш бўйича салоҳияти баҳоланди. Пировардида 10 нафар номзод агентликка ишга қабул қилиш учун тавсия этилди.

    Нима учун таркибда хотин-қизлар йўқ, деган саволингизга жавобан айтишим мумкинки, аввало, бу мен учун ҳам кутилмаган натижа бўлди. Агентлигимиз бошқарув аппарати ходимлари сони 50 кишидан иборат. Биз танловни 30 лавозим учун эълон қилгандик. Талабгорларнинг 10 фоизга яқини хотин-қизлар эди. 1200 дан зиёд хотин-қиздан учинчи босқичга 15 нафари, тўртинчи босқичга эса 2 аёл ўтди. Улар ҳам суҳбат чоғида маъқул кўрилмади. Албатта, бу бизнинг хоҳишимиз эмас эди. Ҳаммага бир хил имконият берилди...

    Шу ўринда танловдан ўтиб, яқинда иш бош­лаган мутахассисларимиз таржимаи ҳолига эътибор қаратсак, улар турли соҳада фаолият юритганига гувоҳ бўламиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, молия-иқтисод соҳасида, жамоат ташкилотларида ишлаганлар, тадбиркорлик билан шуғулланганлар ҳам бор. Бир сўз билан айтганда, ўз соҳасини мукаммал билган, етарли билим ва тажрибага эга, коррупция­га қарши курашиш механизмини тушунадиган ­кадрлар танлаб олинди.

    Энди 20 та бўш иш ўрнимизни тезроқ тўлдиришимиз керак. Бунинг учун, аввало, учинчи босқичга ўтган, нисбатан яхши натижа кўрсатган талабгорларнинг айримларини суҳбатга таклиф қиляпмиз. Улар орасида аёллар ҳам бор, албатта. Шу боис, агентликка аёллар ишга олинмади, деган хулосага келишга ҳали эрта. Қолаверса, вазирлик ва идоралардан ҳам танловимиз талабларига жавоб берадиган аёллар номзодини тавсия қилишни сўраяпмиз.

    Лекин талаб ва қоидалар ўзгармай қолади, асло юмшатилмайди. Бунга ҳаққимиз йўқ. ­Комиссия аъзолари талабгорлар қобилиятини қатъий ирода билан кўриб чиқади. Агар биз талабларимизни хотин-қизлар учун истисно қиладиган бўлсак, бошидан йўналишимизни нотўғри танлаган бўламиз.

    Бугун барча бошқармаларимизда вакиллар ишлаяпти. Бундан ташқари, бизда техник ва ёрдамчи персоналлар бор. Ҳозиргача 20 га яқин ходимни ишга қабул қилдик. Яъни биз тўлақонли иш ­бошладик.

    – Бу жуда яхши, албатта. Яна бир мулоҳазали савол туғилади – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз зиммасидаги вазифа ва йўналиш­ларни бажариши учун қай даражада ҳуқуқий асосга эга. Таъсир механизми борми? Ёки шунчаки мониторинг юритувчи, мамлакатда коррупция ҳолатларини таҳлил қилувчи, шу асосда тегишли ташкилотларга маълумот етказувчи ташкилот бўлиб қоладими? Умуман, янги тузилма коррупцияга қарши қандай курашади, демоқчимиз.

    – Тўғри айтдингиз. Агентлик ташкил этилганига яқинда 3 ой бўлди ва халқимиз биздан кўп нарса кутяпти. Шахсан ўзимга ҳам мурожаатлар бўляпти, ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдиришимизни, қайсидир жиноий хатти-ҳаракатларга баҳо бериб, уларга тегиш­ли чоралар кўришимизни сўрашяпти. Ҳатто агентликдан ҳали натижа кўрмадик, деган ­фикрлар ҳам йўқ эмас.

    Мен бугун “Янги Ўзбекистон” газетаси орқали айтмоқчиманки, нормал демократик-ҳуқуқий мамлакатда битта сиёсий давлат тузилмасининг ташкил этилишига бир неча ой, баъзан йиллар керак бўлади. Бизда Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил қилиш ғояси шу йил бошида Президентимиз Мурожаатномасида айтилган эди. Кўп тайёргарлик кўрилди. Бунинг учун фармон тайёрлаш, ташкилот фаолият механизмини ишлаб чиқиш, бунда бошқа бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган фаолиятини такрорлаб қолмаслик ёки ўхшаш ваколатлар бўлмаслиги каби тамойил ва мезонлар ҳисобга олинди. Ниҳоят, орадан 6 ой ўтиб Президент фармони эълон қилинди. Агентликнинг ташкил этилиши катта ишнинг дебочаси, холос. Энди агентлик тўлақонли чоралар кўриши, у ёки бу вазифаларни бажариши, турли масалаларга муносабат билдириши, реакция қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос керак. Бу фармонда ҳам кўрсатиб ўтилган.

    Шунинг учун ҳам биз ҳозир агентлик фаолиятини бевосита тартибга солувчи қонун лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Бу қонунда фуқароларимиз томонидан кўтарилаётган, турли гап-сўзларга мавзу бўлаётган муҳокамаларга чек қўямиз. Муҳими, ҳар бир мурожаат, ҳар бир коррупцион ҳолат четда қолмаслиги, давлат идоралари, биринчи ўринда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан охиригача етказилиши, жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминловчи механизмга асос бўладиган қонун маромига етказиляпти. Жумладан, қонун лойиҳасига кўра, бизда давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг қарорларини, агар агентликда шу қарорга доир коррупцион ҳолатлар бўйича шубҳа бўладиган бўлса, тўхтатиб туриш, вазирлик ва идораларга тақдимнома киритиш ваколати бўлади. Коррупцион жиноятларни фош этиш жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бирга агентлигимиз вакиллари иштирок этишини ҳам таъминлаймиз.

    Ҳозирда бу қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

    Таъкидлаш жоизки, бу қонун фақатгина агентлик фаолиятини тартибга солади. Агентлик фаолиятининг тўғри йўлга қўйилиши, умуман, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашда янги тизим, янги механизм яратиш учун эса яна бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам тамомила қайта кўриб чиқиш керак. Шу кунларда амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.

    Агентлик фаолияти доирасида мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида янги йўналиш­лар очиляпти. Демоқчимизки, олдимизда давлат харидларини, давлат хизматчилари фаолиятини назорат қилиш вазифаси турибди. Давлат хизматчилари даромадларини декларациялашни биз яқин йилларгача ривожланган давлатларда кузатардик. Президентимиз топшириғига кўра, бу амалиётни Ўзбекистонда ҳам тез орада йўлга қўямиз. Ҳар бир вазирлик, идора фаолият мезонлари асосида одоб-ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш масаласини кўтарамиз. Булар бўйича алоҳида қонунлар ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, коррупцион жиноятлар бўйича тергов, суриштирув ҳаракатларини олиб бориш, умуман, жиноят-процессуал қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилмоқда. Чунки янги тузилма ташкил этилди. Унинг самарали иш юритиши, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашда янги тизим яратиш учун бизда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлмоғи керак.

    Ҳозирдан айтиш мумкинки, янги қонун қабул қилиниши билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тегишли мажбурлов чораларини  кўришга, тегишли процессуал ваколатларга эга, энг асосийси, коррупцион жиноятларга жазо муқаррарлигини таъминловчи идорага ­айланади.

    – Бугун Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ вазият қандай?

    – Яқин-яқингача мен ҳам Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари жуда кўплигини билардим. Лекин янги лавозимга ўтганимдан кейин мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳали олдимизда катта ишлар борлигини тушуниб етдим. Муаммолар жуда кўплиги, коррупция илдиз отиб кетгани, бунга оддий фуқаролар ҳам, давлат идоралари раҳбарлари ёки давлат хизматчилари ҳам, керак бўлса, қонунчиликда ҳам, маиший ҳаётда ҳам, давлат хизматчилари билан фуқаролар ўртасидаги муносабатларда ҳам яққол амин бўлишимиз шу фикрга келишимга асос бўлди. Айниқса, қонунчилигимизда яширин коррупциоген омиллар мавжудлиги барча соҳаларда бу иллат илдиз отишига замин яратяпти. Яъни, айтмоқчиманки, масала жуда жиддий. Бугун биронта соҳада коррупция йўқ, деб айтолмаймиз. Ўзбекистонда кейинги йилларда жуда катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Баъзи вазирлик ва идоралар “бизда коррупция йўқ, унга барҳам бердик” деб мақтанишяпти ҳам, кўкрак керишяпти. Йўқ, аслида бундай эмас. Афсуски, оддий фуқародан сўрасангиз, “ҳали коррупция ҳамма жойда бор”, дей­ди. Биз вазиятга комплекс ёндашиш кераклигини тушуниб етяпмиз.

    – Коррупцияга қарши курашишда дунё мамлакатлари тажрибаси билан танишган, бевосита таҳлил қилиб бораётган мутахассис сифатида айтинг-чи, сиз қайси мамлакатларнинг бу борадаги стратегияси, саъй-ҳаракатларини маъқуллайсиз, муваффақиятли деб санайсиз?

    – Ҳаттоки энг ривожланган, биз учун коррупция бегона, дея бонг ураётган давлатларда ҳам у ёки бу йўналишда бўшлиқлар бор. Коррупция­га тўлиқ барҳам берилмаган. Биз, албатта, энг илғор тажрибаларни ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Европа, Осиёнинг ривожланган давлатлари – Сингапур, Япония ва Жанубий Корея ҳам бу борада илдамлаяпти. МДҲнинг айрим давлатлари тажрибасини ҳам ўрганяпмиз.

    Булардан хулоса қилиш мумкинки, коррупциянинг олдини олишга комплекс  ёндашмасак, ҳеч қачон биз бу иллатни енга олмаймиз. Фақатгина битта соҳани танлаб, бир йўналишда, масалан, қонунчилик йўналиши бўйича курашадиган бўлсак, коррупция занжирини узиб бўлмайди.

    Шу ўринда ўрганишларим хулосаси асосида алоҳида таъкидламоқчиман, барча мамлакатларда коррупциянинг ўчоғи давлат хизматчиси экан. Коррупцияга йўл очиб берадиган ҳам, унга йўл қўядиган ҳам, биринчи навбатда, давлат хизматчиси бўлиб чиқяпти. Шунинг учун ҳам биз, аввало, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқига алоҳида урғу беришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун нима қиламиз?

    Биз коррупцияга қарши курашишни фақатгина ДХХ, прокуратура ёки ички ишлар идораларининг вазифаси, деб билар эдик. Президентимиз таклифига кўра, энди барча идораларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасини ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда. Чунки барча идораларда, аксарият давлат хизматчиларида коррупцион мойиллик бор.

    Бу жараённи бошлаб юборганмиз. Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бош­қа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг 26 тасида коррупцияга қарши ички назорат тизимини (“комплаенс назорат”) жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқдик.

    Ўрни келганда, коррупцияга замин яратаётган яна баъзи омилларни ҳам айтиш керак. Бу ерда фақат давлат хизматчиларини айблаш ҳам адолатдан эмас. Демак, омиллардан асосийси – ойлик маошнинг камлиги, фуқароларимиз учун ижтимоий ҳимоя, ижтимоий имкониятлар етарли эмаслиги. Оддийгина аҳолига тиббиёт, таълим тизимидаги имкониятларини таъминлаб бера олмас эканмиз, ҳеч қачон коррупцияни енга олмаймиз. Буни хориж таж­рибаси ҳам кўрсатиб турибди.

    Бу каби чора-тадбирларни амалга ошириш учун халқаро ташкилотлар кўмагида Жанубий Корея, Словения ва Сингапурдан эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилганмиз. Бугунги кунда улар қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда, агентлик фаолиятини тўғри йўлга қў­йишда бизга ёрдам беряпти.

    – Агентлик ташкил этилганидан бугунги кунгача қандай ишлар амалга оширилди?

    – Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг 26 тасида коррупцияга қарши ички назорат тизимини йўлга қўйганимизни айтдик. Ҳозир бир қатор қонун лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлари тўқнашувини дек­ларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисидаги қонун лойиҳалари шулар жумласидан.

    Президентимиз бизга халқаро ташкилотлар грант ва кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш вазифасини ҳам юклаган. Бу бўйича иш бошланди. Ишчи гуруҳ тузилди.

    Таъкидлаш керакки, энг кўп коррупцион жиноятлар халқаро грант ва кредит маблағлари сарфланишида кузатилади. Ўғрилик ҳам шу ерда, талон-тарожлик ҳам шу маблағ атрофида кечади. Бу борада жуда кўп имкониятлар, кўп жиҳатларнинг назоратсиз қолганини кўрдик.

    Кўпчилик билади, 100 миллионлаб доллар маблағ аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашга, йўлларни таъмирлашга ажратилган. Лекин сиз биронта вилоят ёки туман мисолида аҳоли тўлиқ тоза ичимлик сув билан таъминланган, барча йўллар таъмирланган, қурилган, деб айта оласизми? Йўқ. Демак, бу ерда маблағлар талон-тарож қилинган, коррупцияга йўл қўйилган. Агар ажратилган маб­лағ 100 фоиз ўзлаштирилганида, ҳеч бўлмаса олисдаги битта туман аҳолисининг барчаси тоза ичимлик суви ичаётган, табиийки, халқимиз соғлом, авлодларимиз бақувват бўлар эди. Биз энди буни қатъий назоратга оламиз ва аниқ механизм яратамиз.

    Жамоатчилик билан ишлаш бўйича янги механизмни жорий қиляпмиз. Шу мақсадда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунинг­дек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дас­турлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини ишга туширмоқчимиз. Бу платформа орқали давлат идораларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти мониторинг қилиб борилади. Шунингдек, фуқароларимиз коррупцион ҳолатлар бўйича бизга тезкор мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу платформа яқин кунларда ишга тушади.

    “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари тизимида дастурлар ишлаб чиқишни бошладик. Йирик инвестицион дастурлар, лойиҳалар назоратини йўлга қўйиш бўйича ҳам аниқ режаларимиз бор.

    Энг асосийси, ҳамма йўналишда шаффоф­ликни таъминламоқчимиз. Бун­да ўзимиз ўрнак бўлмоқчимиз. Биз ҳали моддий-техник базамизни мустаҳкамлаб олишимиз керак, бунинг учун компьютер техникалари, бошқа жиҳозлар сотиб оламиз. Барча харидларимизни интернет тармоғида очиқ амалга оширамиз. Қандай тендер ўтказдик, қайси ташкилотдан қанча пулга нима олдик – ҳаммаси шаффоф бўлади. Барча вазирлик, идоралар давлат бюджетидан сарфлаётган пулини жамоатчилик билиб турадиган тизим ­яратамиз.

    Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан яна бири – кейинги йилдан бошлаб коррупция­нинг даражасини баҳоловчи миллий индексни ишлаб чиқиш. Хабарингиз бўлса, бу борадаги халқаро индексда ҳозирча 180 давлат ичида Ўзбекистон 153-ўринда турибди. Энди биз ўзимизнинг миллий индексимизни ишлаб чиқамиз. Шу тариқа мамлакатдаги қайси вазирлик, қайси идорада, қайси соҳада коррупцион ҳолатлар кўплиги, қайси давлат хизматчилари коррупция­га кўпроқ мойиллиги тўғрисида жамоатчиликни таништириб борамиз. Бу жараёнда давлат идоралари раҳбарларининг рейтинги ҳам шаклланади.

    – Бу механизм қандай амалга оширилади, қайси мезонлар асосида?

    – Биз аниқ индикатор ишлаб чиқамиз. Масалан, ташкилот фаолиятининг жамоатчиликка очиқлик индикатори. Ҳозир аксарият ташкилотлар битта брифинг ўтказиб, фаолиятимиз очиқ, дейди. Бу очиқлик эмас. Очиқ бўлиши учун ташкилот фаолияти ҳам очиқ бўлиши керак. Иккинчи индикатор давлат хизматчилари манфаатлари тўқнашуви билан боғлиқ. Биз биламиз, битта вилоят ҳокимининг жиянлари, қариндош­лари қайсидир туман миқёсидаги бирор ташкилот раҳбари бўлиб ишлайди. Ҳаттоки вилоят миқёсидаги ташкилот раҳбарлари ҳам бор. Бу ҳам рейтингга таъсир қилади. Ёки республика даражасидаги давлат идораси раҳбари қайсидир қариндошининг фирмасидан давлат харид­ларини амалга оширади. Бу ҳам битта рейтинг натижаси сифатида қайд этилади. Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатлари ҳам битта индикатор бўлади. Дейлик, йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги ҳам индикаторда ўз аксини топади. Худди шунақа жуда кўп индикаторлар бўлади. Ҳозир БМТ ва Жаҳон банки аниқ индикаторларни ишлаб чиқишда бизга ёрдам беряпти.

    Рейтинг натижалари халқаро ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлади. Халқаро ташкилотлар  ҳам ўз ҳисоботини эълон қилишда бу маълумотдан фойдаланиши мумкин. Баъзан халқаро ташкилотларнинг бу рейтинги нотўғри, деймиз. Чунки улар расмий маълумотни ололмаганидан кейин норасмий манбалардан сўрайди. Улар берган маълумот қай даражада ҳаққоний эканини ким билади дейсиз.

    Таъкидлаш жоиз, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганини ҳам алоҳида таъкидлади. Бу йўлда биз собитқадамлик билан зиммамиздаги вазифаларни бажаришдан сира тўхтамаймиз, албатта.

    Улуғбек АСРОРОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири