Бу жараён молиявий секторда ҳам ўз аксини топаётир. Хусусан, краудфандинг каби инновацион молиялаштириш усуллари пайдо бўлиб, тез суръатларда ривожланмоқда. Статистик маълумотларга кўра, глобал краудфандинг бозори 2023 йилда 20,34 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. Ушбу бозор 2024 йилдан 2032 йилгача йиллик ўртача 18,24 % ўсиш суръатида ривожланиши ва 2024 йилдаги 24,05 миллиард АҚШ долларидан 2032 йилга келиб 91,88 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Бу жараён технологиялар ривожи ва глобал миқёсда онлайн платформалар кучайиши фонида янги босқичга кўтарилиб, анъанавий молиявий институтлардан ташқарида янги молиявий экотизим шаклланаётганидан далолат беради. Краудфандинг жамоавийликка асосланган бўлиб, унда кўплаб инвесторлар ёки оддий фуқаролар кичик миқдордаги маблағ ажратиш орқали бирор лойиҳа ёки ғояни молиявий қўллаб-қувватлайдилар.
Сўнгги йилларда краудфандинг орқали маблағ йиғиш даволаниш ва реабилитация, истиқболли тижорат лойиҳаларини, сиёсий фаолиятни молиялаштириш, ободонлаштириш, хайрия, илм-фан, шунингдек, адабиёт ва санъат, спорт каби асосий йўналишлар бўйича амалга оширилмоқда.
Эҳсонни краудфандинг турларига, шу билан бирга, инвестицияни амалга ошириш усулларига киритиш имконияти масаласи қонунчиликда белгиланган инвестиция тушунчасига асосланади, бу ерда мақсад нафақат фойда олиш, балки бошқа муҳим натижаларга эришиш бўлиши мумкин. Амалдаги қонунчилик нуқтаи назаридан инвестор кўчмас мулк объектларини харид қилиш, қуриш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни сотиб олиш, акциялар, устав фондидаги улушлар, тижорат ташкилотларининг мол-мулкидаги пайларга эгалик қилиш ёки бошқа усуллар орқали фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа муҳим натижага эришиш мақсадини кўзлайди.
Ҳозирда краудфандингнинг турли хиллари мавжуд бўлиб, улар орасига янгилари ҳам қўшилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз мақсад ва хусусиятларига эга. Асосий тўрт тури қуйидагилар:
1 Хайрияга асосланган краудфандинг (donation-based crowdfunding) – ижтимоий ёки хайрия мақсадларида қўлланиладиган модель бўлиб, унда молиялаштирувчилар пул хайрия қилиб, эвазига ҳеч нарса кутмайдилар. Бу усул тадбиркорларга анъанавий молиялаштиришдан фарқли равишда, ўз маҳсулотини олдиндан кичик хайриялар орқали сотиш имконини беради. У хайрия ташкилотлари томонидан табиий офатлар, тиббий ёрдам ва инфратузилмани тиклаш каби ҳолатларда кенг қўлланилади.
2. Мукофотга асосланган краудфандинг (reward-based crowdfunding) – молиялаштирувчилар қўшган ҳиссаси учун мукофот оладиган модель. Мукофотлар оддий сувенирдан тортиб маҳсулот прототипигача бўлиши мумкин. У асосан ижодий лойиҳалар (санъат, технология ва бошқалар) учун мўлжалланган бўлиб, бозорга чиқишдан олдин олдиндан сотиш воситаси ҳам ҳисобланади. Бу модель маблағни қайтариш талаб этилмагани учун тадбиркорлар учун аҳамиятли ва қулай ҳисобланади.
3. Кредитга асосланган краудфандинг (lending-based crowdfunding) – инвесторлар истеъмолчилар ёки бизнесларга қарз беради ва фоиз олади. У P2P ва P2B шаклларида мавжуд. Банкларга нисбатан осонроқ шартларда кредит бериш имконини беради. Нобанк кредит ташкилотларидан фарқли равишда, бу модель одатда гаровсиз амалга оширилади ва фоиз ставкалари инвесторлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
4. Акцияларга асосланган краудфандинг (equity-based crowdfunding) – инвесторларга компания акцияларини харид қилиш орқали унинг акциядори бўлиш имконини беради. Инвесторлар бизнес фойдасига шерик бўлишади. Crowdcube, Wefunder ва StartEngine каби онлайн платформалар орқали амалга оширилади. Бу модель анъанавий капитал жалб қилиш усулининг рақамли шакли ҳисобланади.
Краудфандинг: имконият ва хавф
Краудфандинг механизми кўплаб ижобий имкониятлар яратади. Хусусан, у стартаплар учун анъанавий банк кредитисиз маблағ жалб қилиш, оддий фуқаролар учун қизиқарли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва улардан фойда олиш, шунингдек, ижтимоий лойиҳалар ҳамда маданий тадбирлар учун янги молиялаштириш манбаи яратиш имконини беради.
Бироқ краудфандинг фаолияти билан боғлиқ хавфлар ҳам йўқ эмас. Маблағнинг мақсадсиз ишлатилиши, инвестицияни қайтариш кафолатлари йўқлиги, фирибгарлик ва инвесторларнинг ҳуқуқий ҳимоясизлиги каби хатарлар шулар жумласидан.
Мамлакатимиз қонунчилигида краудфандинг
2018 йил август ойида хорижий мамлакатлар тажрибасидан ўрнак олган ҳолда юртимизда ҳам краудфандинг платформа майдончаси ишга туширилди. Аммо MFond.uz деб аталувчи ушбу платформа оммалашмагани боис унинг фаолияти тўхтади. 2013 йилда ҳам ОАВда турли лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ жалб этиш билан шуғулланадиган Factor.uz онлайн майдончаси ишга туширилгани, унинг доирасида бир неча лойиҳа таклиф этилгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Аммо орадан бир йил ўтгач, бу платформа иш фаолиятини тўхтатган. Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг стартаплари ва лойиҳаларини молиялаштиришнинг муқобил механизмларини жорий этиш мақсадида 2020 йил 30 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Краудфандинг платформаси орқали ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни оммавий молиялаштириш механизмларини яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга Ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни оммавий молиялаштириш (краудфандинг) тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом илова сифатида берилган. Ушбу низомда краудфандинг платформаси фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни краудфандинг платформасига жойлаштириш ва уларни молиялаштириш тартиблари каби масалалар акс этган.
Бу замонавий молиялаштириш майдончасидан фойдаланиш эҳтимоли мамлакатимизда паст даражада бўлса-да, краудфандинг платформаси фаол ҳаракатларни амалга оширмаяпти, деб айтиш ҳам ноўрин. Халқ томонидан молиялаштириш имкониятини такомиллаштириш муайян вақтни талаб этади. Бунда аҳоли краудфандинг майдончасидан фойдаланиши ва унда тақдим этилаётган лойиҳаларни молиялаштириши учун билим ҳамда малака талаб этилади. Шу боис, мамлакатимизда краудфандинг платформаларини ривожлантириш, самарали ишлашини таъминлаш учун, аввало, омманинг ҳам бу борадаги билимларини, қизиқишларини орттириш йўлида тарғибот ва тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Мамлакатимиз қонунчилигида ҳозирча краудфандинг муносабатлари тўлиқ тартибга солинмаган. Бу эса мазкур соҳада ҳуқуқий ноаниқликлар ва инвесторлар учун хавф туғдиради. Бироқ умумий молиявий, шартнома ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нормалар айрим ҳолларда краудфандинг платформаларига ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Фуқаролик кодексидаги шартнома эркинлиги принципи асосида платформа ва фойдаланувчи ўртасида шартнома тузилади. “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар краудфандинг платформаларида фойдаланувчиларнинг манфаатларини қисман ҳимоя қилиши мумкин.
Молиявий фаолиятнинг айрим турлари (масалан, сармоя жалб қилиш) учун лицензиялаш талаблари мавжуд бўлиб, краудфандинг платформалари фаолиятига ҳам татбиқ этилиши эҳтимоли бор.
Кўплаб давлатларда краудфандинг алоҳида қонунлар билан тартибга солинади. Масалан, АҚШда Jobs Act орқали краудфандинг тартибга солинган. Европа Иттифоқида эса 2020/1503-регламент краудфандинг хизматларини кўрсатиш қоидаларини белгилайди. Бу ҳуқуқий тартиботлар инвесторларни ҳимоя қилиш, платформалар фаолиятини шаффофлаштириш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Қандай ҳуқуқий чора-тадбирлар зарур?
Мамлакатимизда краудфандинг соҳасида бир неча ҳуқуқий чора-тадбирларни кўриш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Краудфандинг тўғрисида махсус қонун қабул қилиш, инвесторлар ва маблағ олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш ҳамда платформаларга лицензия бериш ва фаолиятини назорат қилиш тизимини яратиш шулар жумласидан.
Краудфандинг замонавий молиявий механизмлар қаторида тез ривожланиши ва ўзига хос имкониятлари билан ажралиб туради. Мазкур модель орқали стартаплар, ижтимоий лойиҳалар ва ижодий ташаббуслар учун анъанавий молиялаштириш усулларидан чекланмаган ҳолда маблағ жалб қилиш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, оддий фуқаролар учун ҳам ўз маблағини муайян лойиҳаларга инвестиция қилиш имконияти кенгаймоқда. Шу билан бирга, краудфандинг жараёнлари билан боғлиқ хавф-хатарлар — маблағнинг мақсадсиз сарфланиши, фирибгарлик ва инвесторларнинг ҳуқуқий ҳимоясизлиги каби муаммолар мавжуд.
Юқорида таъкидлаганимиздек, краудфандинг муносабатлари ҳали тўлиқ ҳуқуқий тартибга солинмагани мазкур соҳада ривожи секинлашувига олиб келиши мумкин. Шу сабабли келгусида краудфандинг тўғрисида махсус қонун қабул қилиш, платформаларни лицензиялаш ва қатъий назорат тизимини яратиш долзарб аҳамият касб этади. Краудфандинг маданиятини ривожлантириш учун эса кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш зарур.
Зеро, халқаро тажриба ва технологик имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда краудфандинг юртимизда ҳам инновацион молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бирига айланиши имкониятлари юқори.
Аминжон ҚАЛАНДАРОВ,
Тошкент давлат юридик университети
бизнес ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси









