Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик борлигини биласизми?

    2024 йилнинг 19 январида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-899-сон Қонуни қабул қилинди.

    Мазкур Қонунга кўра, 2024 йилнинг 20 апрелидан бошлаб крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш дастлаб маъмурий жавобгарлик, агар бир йил ичида яна такрорланса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

    Крипто-актив нима?

    Жиноят кодекси VIII бўлимига мувофиқ, крипто-актив деганда эса, маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндисини ифодалайдиган, қиймати ва эгасига эга бўлган мулкий ҳуқуқ тушунилади.

    Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун қандай жавобгарлик бор, биласизми? Дастлаб маъмурий жавобгарлик, агар бир йил ичида яна содир этилса жиноий жавобгарлик вужудга келади.

    Киритилган ўзгартиришга кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг

    1554-моддаси билан жавобгарликка тортилади ва мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш крипто-активларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш эса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Шунингдек, мазкур қилмишни маъмурий жавобгарликка тортилган кейин шахс томонидан бир йил ичида такроран содир этилиши жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Жиноят кодексининг 2788-моддасига кўра, Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ёхуд крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2022 йил 14 июлдаги 32-сон буйруғига 1-илова бўлган «Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари деганда, жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар тушунилади. Хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахсларига берилади. Хизматлар провайдерлари фаолиятининг турлари қуйидагилардан иборат:

    – крипто-биржа;

    – майнинг-пул;

    – крипто-депозитарий;

    – крипто-дўкон.

    Хизматлар провайдерлари фаолиятининг ҳар бир тури бўйича алоҳида лицензия берилади.

    Бундан ташқари, ЖКнинг 2788-моддасининг 2-қисмида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун оғирроқ жазо белгиланган бўлиб, агар юқорида келтирилган ҳаракатлар а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; б) кўп миқдорда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Шунингдек, ЖКнинг 2788-моддасининг 3-қисмига кўра Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ёхуд крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш жуда кўп миқдорда; хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят қонунчилигимизда юқоридаги қилмиш билан боғлиқ рағбатлантирувчи норма ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.

    Феруз ХУДОЙҚУЛОВ,

    Тошкент давлат юридик университети

    Жиноят ҳуқуқи, криминология ва

    коррупцияга қарши курашиш

    кафедраси доценти, ю.ф.д (DSc)