Кутубхоналар тараққиёти: кeча ва бугун

    Фикр 22 сентябр 2020 12953

    “Кутубхона – инсон ички олами руҳиятининг энг катта хазинасидир” файласуф Лейбнис

    Ўзбекистон шаҳарлари азалдан илм-фан маркази сифатида машҳур бўлиб, бунда кутубхоналар катта роль ўйнаган. Айниқса, IХ-ХII асрларда, Амир Темур ва Темурийлар даврида мамлакатда улкан кутубхоналар ташкил этилди, илм-фан юксалди. Кейинги асрлар, хусусан, хонликлар даврида ҳам минтақадаги йирик шаҳарлар, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон шаҳарларида ҳукмдорлар саройларида йирик кутубхоналар фаолият юритган.

    Садри Зиё маълумотларига қараганда XX асрнинг бошида биргина Бухоро шаҳрида 13 та кутубхона, 96 та қироатхона бор эди. Бухоро шаҳридаги ҳукмдор саройидаги кутубхонада хитой, уйғур, пушту, форс, араб ва бошқа тиллардаги қўлёзмалар сақланган. Кутубхонада китобдор, мушриф, рисолачи ва мирзолар хизмат қилганлар. Сарой кутубхонасида амирларнинг шахсий коллекциялари билан бирга 47.500 жилд турли тиллардаги қўлёзма ва тошбосма китоблар сақланган.

    Бухоро шаҳрида энг бой шахсий кутубхона амирзода Ҳашматга тегишли бўлган. У Бухоро амири Музаффарнинг ўғли бўлиб, ўзидан бир неча асарлар ҳам қолдирган. Мамлакатда яна бир нечта йирик шахсий кутубхоналар бўлган.

    XX аср бошида жадидчилик ҳаракати раҳнамолари минтақа шаҳарларида маърифатни кенг тарғиб қилиш мақсадида дастлабки оммавий кутубхоналарга асос солдилар. Уларнинг шахсий маблағлари ва хайриялар ҳисобидан ташкил қилинган ушбу кутубхоналарда жамланган адабиётлар мазмуни ва йўналиши жиҳатидан сарой кутубхоналаридан анча фарқ қилиб, замон руҳини акс эттириб турар, халқ оммаси, айниқса, ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эди.

    Хусусан, 1908 йилда Наманганда Исъҳоқжон ўғли Ибрат томонидан «Матбааи Исъҳоқия» номли илк нашриёт қошида «Кутубхонаи Исъҳоқия» номли кутубхона ташкил этилди.Шунингдек, Бухоро шаҳрида ҳам «Ёш бухороликлар» ҳаракати томонидан «Маърифат» кутубхонаси ташкил этилади. «Маърифат» кутубхонасида мамлакатда ва хорижда чиқарилган янги адабиётлар, газета ва журналлар жамланган эди. Кутубхонада Истанбулда чоп этилган «Ҳикмат», “Сиротил мустақим”, «Таърифи муслимин» журналлари, Россияда чоп этилган «Таржимон», «Иршод», «Вақт» газеталари ва «Шўро» журнали, Туркистонда чоп этилган жадид матбуоти намуналари жамланган эди. 1913 йилда Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан янги усул мактаблари учун дарсликлар чоп этиш, маҳаллий матбуотни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган «Нашриёти Беҳбудия» кутубхона ташкил этилади. Кутубхонада замонавий адабиётлар билан бир қаторда ўша давр матбуот намуналари, диний, тарихий адабиётлар ҳам жамланган эди. 1914 йилда Тошкентдаги «Турон» жамияти қошида ҳам кутубхона ташкил этилади. 1915 йилда Қўқон шаҳрида Ҳамза Ҳакимзода томонидан «Ғайрат» кутубхонаси ташкил этилади.

    Ўша даврларда кутубхоналарни ташкил этишдан асосий мақсад энг аввало ёшлар, мактаб ўқитувчилари, мадраса талабалари, зиёлиларни янги адабиётлар, дарсликлар, матбуот билан мунтазам таништириб бориш эди. Чунки бу адабиётлар ва газеталарни бошқа бирор жойдан топиш амри маҳол эди.

    Бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онггу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, 2017 йил 13 январь ҳамда шу йилнинг 13 сентябрь куни Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ва китобхонликни тарғиб этиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги Қарор ва фармойишлари жойларда маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир шаҳар ва туманда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини текин фойдаланиш учун берилишини таъминлаш,.уларнинг моддий техник базасини шакллантириш, ва энг асосийси жойларда замонавий типдаги китоб дўконлари ташкил этиш кўзда тутилган.

    Жумладан, Бухоро шаҳри марказида замонавий китоб дўкони фаолияти жойлардаги сектор биносида кутубхоналар ва туман марказларида «Маърифат бекати» ташкил этилди. Биргина «Бухоро китоб олами» дўконида ҳар куни минглаб бухоролик ёшлар қатнаб, китоб мутолаа қилиши ёки китоб сотиб олиши мумкин.

    Шунингдек, 2019 йил 19 мартда ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида «5 муҳим ташаббус» дастурида ҳам айнан ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш ташаббуси илгари сурилган эди. Бу борадаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази бир қатор танловлар, ижодий кечалар, акциялар ўтказилди. Биргина китобхонлик йўналишида жойларда «Болаларга маърифат улашиб» акцияси ҳамда «Болаларга китоб улашинг» тадбирлари давомида маҳалла кутубхонасига ва фаол ёшларига бадиий адабиётлар жамланмаси тақдим этилди.

    Бу борадаги ишлар албатта бир кун келиб ўз самарасини беради албатта. Зотан, Президентимиз, «Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди». – Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, – деб таъкидлайдилар.

    Азиз ҲАКИМОВ,

    РМММ Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари,

    «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.