Лазги – ўзбек мусиқа ва рақс санъатининг ташриф қоғози

    Лазги – дорул фано, яъни инсоннинг бу дунёга келиши ва бу ердаги хаётнинг фалсафасидир.

    Ўзбекистон ҳудудида шунчалик кўп моддий ва номоддий маданий мерос намуналари мавжудки, уларнинг юз йиллаб қарамликда яшаган халқ қандай омон сақлаб қолинганига ҳайрон қоласиз. Шунчалик бой моддий ва маънавий бойликнинг бу заминда тўпланишига асосий сабаб – Ўзбекистоннинг Буюк Ипак Йўли чорраҳасида жойлашганидир. Бу заминда жуда кўп маданиятлар қоришиб, ўзига хос толерант миллат ва маданиятни юзага келтирган. Қолаверса, Россия истилосигача даврда Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган уч давлатнинг марказлари ҳам Ўзбекистон ҳудудида жойлашганлиги бу жараёнда жуда муҳим роль ўйнаган. Бунинг натижасида номоддий маданий мероснинг мусиқа ва рақс йўналишларида алоҳида мактаблар, ижрочилик услублари шаклланишига эришилган. Мусиқа ва рақс соҳасида Хива хонлигида «Хоразм мақомлари» ва Хоразм рақс мактаби, Бухоро амирлигида «Шашмақом» ва Бухоро рақс мактаби, Қўқон хонлигида эса «Фарғона-Тошкент мақомлари» ва Фарғона-Тошкент рақс мактаби шаклланганлиги фикримизни исботлайди. Бу кўрсаткич мумтоз даражага эришган мусиқа ва рақс санъатига хос белгилар бўлса, оддий халқнинг мусиқа ва рақс маданиятида буларга қўшимча мактаб ва услублар ҳам шаклланганки, бу – қорақалпоқ мусиқаси ва рақсида ҳамда Сурхондарё-Қашқадарё воҳасига хос рақс услуби ва фольклор мусиқасида яққол кўзга ташланади.

    Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг мусиқа ва рақс маданиятини хорижий мамлакатларда намойиш этиш ёки мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий меҳмонларга юртимизнинг мусиқа ва рақсини кўрсатишда доимий равишда фойдаланиладиган «ташриф қоғоз»ларимиз борки, уларнинг ичида биринчилардан бўлиб «Лазги» мусиқаси, қўшиғи ва рақси туради. Хўш, бунинг сабаби нимада, деган савол туғилади. Фикримизча, бунинг сабаби «Лазги»нинг мусиқа ва рақс сифатида жуда соддалиги, жозибадорлиги, эсда сақлаб қолиш учун қулайлиги, ва энг асосийси унинг халқчиллигидадир.

    Лазгининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у аввало рақс мусиқаси сифатида дунёга келганининг гувоҳи бўламиз. Машҳур ҳофизимиз, Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов унинг куйига «Кимнинг севар ёрисан» шеърини мослаб айтгунга қадар Лазги фақат рақс куйи сифатида ижро этилган. Ҳатто, унинг қўшиқ тури пайдо бўлиши ҳам Лазгини на алоҳида (рақссиз) чалинадиган куйга ва на алоҳида айтиладиган қўшиққа айлантира олди. Лазги куйининг ёки қўшиғининг ҳар қандай даврада ижро этилиши рақс бошланишидан далолат беради ва у рақси билан қизиқ.

    Лазгининг бундай сеҳри нима билан боғлиқ эканлигини унинг тарихидан, моҳиятидан изласак, тўғри бўлади. Тарихчилар ва мутахассисларнинг фикрича Лазги – дорул фано, яъни инсоннинг бу дунёга келиши ва бу ердаги хаётнинг фалсафасидир. Дарҳақиқат, рақс аввало қўлларни силкитишдан бошланиб, кейин бирданига бутун ҳаракатларнинг тўхташи, кейин эса аста-секин тананинг жонланишини ифодаловчи ҳаракатларнинг пайдо бўлиши, ундан кейин мусиқанинг тезлашиши билан ҳамоҳанг рақс ҳаракатларининг ҳам тезлашиб бориши ва ўта жўшқин ҳаракатлар билан якунланишини кузатамиз.

    Мусиқадаги ва рақс ҳаракатларидаги бу ривожланиш на тингловчини ва на томошабинни эътиборсиз қолдиради. Бунинг натижасида у ёки рақсга қўшилади, ёки чапак чалиб ўзининг муносабатини билдиришга ҳаракат қилади. Бу жараёнда мусиқанинг ҳар тўрт тактни ичига олган квадратдаги бир неча бор қайтариғи ва қадамба-қадам ривожи ҳам жуда катта роль ўйнайди. Яъни, бир неча марта қайтариладиган мусиқий бўлак тингловчининг хотирасида қолади, унинг босқичма-босқич ривожланиб бориши ва темпнинг илдамлаши юракни ҳапқиртиради ва тингловчи ўз ихтиёрига бўйсунмаган ҳолда мусиқа ва рақс билан бирга нафас ола бошлайди.

    Лазгининг ана шу хусусияти нафақат Хоразмнинг, балки Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ўтадиган хурсандчилик тадбирлари, оилавий маросимларида ижро этилишини таъминлайди ва унга эркагу-аёл, ёшу-қари бирдай рақсга тушаверади.

    Мутахассислар Лазгининг тўққизта тури борлигини айтишади. Бизнинг фикримизча, бундай қатъий тасниф, чегара қилиш нотўғри бўлса керак. Чунки, ўша «тўққизта Лазги бор» деб айтилган вақтдан кейин ҳам ўнлаб лазгилар пайдо бўлмоқда. Масалан, Комилжон Отаниёзов томонидан биринчи марта қўшиқ сифатида ижро этилган лазгидан кейин жуда кўплаб санъаткорлар ўз талқинларида янгича лазгиларни яратишди. Буларнинг қаторида Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Раҳматжон Қурбонов каби эл таниган санъаткорларни, шунингдек Гулсанам Мамазоитова, Бунёдбек Саидов, Ҳулкар Абдуллаева каби ёш ижрочиларни келтириш мумкин. Ахир Фарғона водийсига хос бўлган санъаткорлар қанчалик «Танавор»ларни қайта-қайта «ихтиро» қилса, «хоразмликлар» ҳам ўз «Лазги»ларини ижод қилишмоқда. Бунинг асосий сабаби – номоддий маданий мероснинг замонга мослашуви, ривожланиши ва ўзгаришидадир. Агар номоддий маданий меросда бу жараён кузатилмаса, у йўқолиб кетишга маҳкум.

    Энди, «Хоразм рақси Лазги»нинг Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилиши жараёни ҳақида икки оғиз сўз.

    Ўзбекистондан ушбу рўйхатга киритилган номзодларнинг биринчилари (Бойсун тумани маданий муҳити, Шашмақом мусиқаси, Катта ашула, Аския сўзамоллик санъати), тўғрисини айтганда, соҳа мутахассислари ва раҳбарларнинг танловига кўра ҳужжатлари тайёрланиб, тақдим этилган эди. «Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси» томонидан «Ош маданияти ва анъаналари»ни рўйхатга киритиш бўйича ташаббус бу соҳадаги биринчи тажриба бўлди ва унинг давоми сифатида қатор жамоат ташкилотлари, давлат муассасалари у ёки бу меросни шу рўйхатга киритиш таклифи билан чиқа бошлади. «Олтин мерос» халқаро жамоатчилик фондининг Хоразм вилояти бўлими ҳам шундай таклиф билан чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси кўмагида Фонднинг асосий офиси Тошкент шаҳрида ташкилий ишлар бошланди.

    Номинация ҳужжатларини тайёрлашга Хоразм вилояти ҳокимлиги жуда жиддий эътибор билан ёндашди ва Хоразм Маъмун Академияси олимлари, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова раҳбарлигидаги қатор маҳаллий мутахассислар, номоддий маданий мерос соҳасидаги тажрибали экспертлар жалб этилди. Тошкент шаҳридаги жараённи ташкил этишда «Олтин мерос» халқаро жамоатчилик фондининг раиси Амирқул Каримовнинг алоҳида хизматларини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.

    Ҳужжатларнинг бекаму-кўст тайёрланишида эса номоддий маданий мерос соҳасидаги тажрибали экспертлар, фото ва видео материалларни тайёрлаган мутахассислар ва шу ишларга бош қош бўлган Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссиясининг собиқ котиби Алишер Икромовнинг хизматлари эътиборга лойиқ. Камина ҳам шу жараёнда иштирок этганлигим, юртимизнинг бебаҳо меросларидан бири бўлган «Хоразм рақси - Лазги»нинг Инсоният томонидан эътироф этилган Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси сифатида тан олинишига ўз ҳиссамни қўшганлигимдан хурсандман.

    Номзоднинг рўйхатга киритилиши янги жараённи бошлаб беради. Яъни, энди нима қилиш керак, деган савол туғилади. Энди Лазги бутун дунёнинг эътиборига тушди, унинг ҳимояси ЮНEСКО назоратида бўлади. Бизнинг зиммамизда эса уни асраш, тарғиб қилиш, ёш авлодга етказиш орқали мамлакатимизда шундай мерос борлигини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этишдек шарафли бурч туради. Мана шу ишларни амалга оширишда нафақат мутахассислар ва олимлар, балки ҳаммамизнинг иштирокимиз ўта муҳимдир.

    Ўрозали ТОШМАТОВ,

    Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

    институти профессори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates