Маданий меросимиз — миллий мулкимиз

    Республика бўйича 2019–2021 йил ҳолатига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича 234 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилган. Улар бўйича 70 та иш судга, 160 таси прокуратурага, 4 та иш Ички ишлар бўлинмаларига юборилган.

    Мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кўлами йил сайин кучайиб бормоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан бу фаолият қонуний жиҳатдан янада мустаҳкамланди.

    Айни пайтда Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу жойларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

    Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНEСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишга халқаро экспертлар ҳам кенг жалб этилган.

    ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда моддий ва номоддий мерос объектларини асрашга доир турли халқаро анжуманлар ташкил қилиняпти. Мазкур тадбирлар маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий меросни сақлашга доир миллий тизимни такомиллаштириш, бу йўналишдаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконини беради.

    Таъкидлаш жоизки, режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Масалан, 2020 йилда 11 та лойиҳа Умумжаҳон мероси марказига юборилган. Сентябрь ойида Бухоро шаҳар тарихий марказида қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган объект лойиҳаси эса Умумжаҳон мероси марказининг ижобий хулосасини олди.

    Жорий йилнинг 18–24 май кунлари Франция шаҳарсозлик ва архитектура институти мутахассислари Эрик Хайбрехтс (меъмор ва шаҳарсозлик ҳамда ҳудудий лойиҳалар бўйича эксперт), Кристина Иаманди (меъмор, ИКОМОС ташкилотининг маданий мерос бўйича эксперти), доктор Пьер-Мари Трико (шаҳарсозлик ва ландшафт меъмори), Пьер Рено (шаҳарсоз қурувчи), Карим Бен Мерием (шаҳарсоз қурувчи ва меъмор, маданий мерос бўйича эксперт), Ксавье Опигес (ГИС бўйича эксперт) Шаҳрисабзга ташриф буюрди.

    Норасмий учрашув жараёнида Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов шаҳарни ривожлантириш бўйича аниқ тавсиялар бўйича иш олиб борилаётгани ва шу билан бир қаторда шаҳар аҳолиси турмуш тарзининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда шаҳарни регенерация қилиш иш режаси тузилишини маълум қилди.

    Ўзбекистонда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган 846-сон қарори билан тасдиқланган. Республика бўйича жами 8 минг 208 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти мавжуд бўлиб, шундан 4 минг 748 таси археология, 2 минг 250 таси архитектура, 678 таси эса монументал санъат ёдгорлиги, 532 таси диққатга сазовор жойлардир. Миллий рўйхатга киритилган объектларга нисбатан гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмас (хусусий мулк ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно).

    “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларга тааллуқли жавобгарлик белгиланди.

    Республика бўйича 2019–2021 йил ҳолатига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича 234 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилган. Улар бўйича 70 та иш судга, 160 таси прокуратурага, 4 та иш Ички ишлар бўлинмаларига юборилган.

    Жорий йилнинг апрель ойида Буюк Британия музейи билан артефактларнинг олиб чиқиб кетилиши контрабандасининг олдини олиш бўйича ўтказилган семинар-тренинг ўтказилди. Унда чегарада ушлаб қолинган ва мусодара этилаётган артефактлар ва маданий мерос ашёларини аниқлаш ҳамда расмийлаштириш бўйича жаҳон тажрибаси бўйича мутассадилар билан фикр алмашилди. Шунингдек, музейга ташриф буюрувчилар сонини ошириш, иннавацион воситалардан кенг фойдаланиш, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.

    Маданий мерос агентлигида археологик тадқиқотга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Жумладан, 60 дан ортиқ археологик тадқиқот ишларининг 15 таси Англия, АҚШ, Германия, Россия, Франция, Хитой, Япония каби мамлакатларнинг етук олимлари иштирокида амалга оширилмоқда.

    Маданий мерос департаментининг Туризм ва спорт вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, Маданий мерос агентлигига айлантирилиши унинг ваколатларини янада кенгайтирди. Жумладан, эндиликда маданий мерос объектларига фақат қўриқланувчи ҳамда муҳофаза қилинувчи иншоат эмас, балки мамлакатнинг моддий имкониятини кенгайтирувчи, ички ҳамда ташқи туризмини ривожлантиришга хизмат қилувчи имконият сифатида қаралмоқда.

    Реставрация ва таъмиршунослик соҳасининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, ҳудудларда узоқ йиллар давомида шаклланган меъморчилик мактабларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида давлат муассасаси шаклида “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” ва босқичма-босқич равишда унинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилади. Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар учун ажратиладиган маблағлар устувор равишда тўғридан-тўғри шартнома асосида “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси”га йўналтирилади.

    Бундан ташқари, дирекция ва минтақавий реставрация марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланади. Бу эса шубҳасиз, юртимизда неча асрлар оша яшаб келаётган моддий-маданий мерос намуналарининг мангуликка дахлдор бўлишига хизмат қилади.

    Нигора УМАРОВА,

    Маданий мерос агентлиги ходими.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates