Маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Заковат” турнирининг республика босқичи якунига етди

    Биринчи ўрин (Қарши тумани “Гулистон” МФЙ) 100 миллион сўм, иккинчи ўрин (Косон тумани “Пахтазор” МФЙ) 60 миллион сўм ва учинчи ўрин (Олмазор тумани “Беруний” МФЙ) соҳиблари 40 миллион сўм билан тақдирланди.

    Авваллари “Заковат” деганда ойинаи жаҳонда болаликдан кўрганимиз – торгина хонада 10-15 билимдон қуршовидаги столда ўтирган 6 кишилик жамоанинг саволларга жавоб бериши тушуниларди. Ўйиннинг бундай кўриниши ҳам ўзига хос завқли ва қизиқарли кечган, албатта. Бироқ бугун манзара бутунлай бошқача. “Заковат” интеллектуал ўйинининг бир нечта тармоқлари, кўринишлари пайдо бўлди. Давлат томонидан катта маблағ ажратилиб, интеллектуал мусобақалар маҳаллаларгача кириб борди.

    Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, интеллектуал ўйинларни ёшлар ва аҳолининг барча қатламлари ўртасида тарғиб қилиш, миллий интеллектуал ўйинларни шакллантириш, уларни оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, мактаб, олий ўқув юртлари ва маҳалла ёшлари ўртасида шундай миллий интеллектуал танловлар янгича руҳда ташкил этилди.

    10 декабрь куни “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Заковат арена” биносида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Заковат” турнирининг республика босқичи бўлиб ўтди. Беш босқичда ўтказилган ушбу турнирнинг финалида 294 нафар ёшлардан иборат 42 маҳалла жамоаси иштирок этди.

    Турнир тўрт турдан иборат бўлиб, ҳар бир тур якунига етгач, 3 дақиқалик танаффус ташкил этилди. Финал Абдуғофур Камоловнинг “Заковат” ўйинлари мадҳиясига айланиб улгурган қўшиғи билан бошланди:

    Бу оламнинг жумбоғи кўп,

    Бу оламнинг сўроғи кўп.

    Бу оламда савол чексиз,

    Бу оламда хаёт чексиз...

    Дарҳақиқат, бу оламда савол чексиз. Турнир давомида ҳаётимиздан олинган, биз эътибор бермаган турли саволларни эшитиб, биз ҳам бунга амин бўлдик.

    ТОМ МАЪНОДА ХАЛҚ ИЧИГА КИРИБ БОРГАН ЎЙИН

    Ёшлар ўртасида шу кунгача жуда кўплаб кўрик-танловлар, мусобақалар, фан олимпиадалари ўтказилгани маълум ва уларда ҳар доим ҳам ташкилий ишлар кўнгилдагидек амалга оширилмаган. Қиш кунларида ўтказиладиган бундай танловларда фарзандини қўллаб-қувватлаш учун келган ота-оналар совуқ ҳавода қолиб кетиши, натижаларни кутиб, овора бўлиш ҳолатлари кўп учраган. Шундай ҳолат такрорланишидан ички хавотир билан тадбирга борганимизда ота-оналар ва жамоаларни қўллаб-қувватлашга келган томошабинлар учун залнинг ярми алоҳида ажратилиб, стол-стуллар ўрнатилгани, текин ширинликлар, чой, қаҳва павильонлари ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.

    – Ҳар бир қадамимиз маҳалладан бошланади, – деди турнирнинг очилиш маросимида сўз олган “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти президенти Абдурасул Абдуллаев. – Дунёга келганимиздан то катта ҳаётга “учирма” бўлгунимизча маҳалланикимиз. Узоқларда яшасак ҳам қалбимиз ўз маҳалламизда қолади. “Ватан ичидаги Ватан”, деб бежиз айтилмайди. Бугун ҳар бир жамоа ўз маҳалласи учун курашади. Ҳар бир столда ўша маҳалланинг шаъни, обрўси турибди. Ушбу лойиҳамиз ҳақида турли фикрлар айтилган. Мен лойиҳани ташкил этаётганда кўп ўйлаганман, айтилган барча мулоҳазаларни инобатга олганмиз.

    Қачонлардир ушбу интеллектуал ўйинлар бошланганда, ҳали ўттиз йиллардан кейин ҳам мана шу “Заковат” қўшиғи турнирларни очиб беради, мактабларда, олийгоҳларда мусобақалар ўтказилади, деб ният қилганмиз, – дейди клуб президенти. – Бугун “Заковат” катта миқёсли анъанавий турнирга айланди. Ниятларимиз амалга ошди. Давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилди, катта маблағ ажратилди. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман. “Заковат” том маънода халқ ичига кириб борди.

    “ЗАКОВАТ”ДАГИ ЗАКО ОНАЛАР

    Томошабинлар бўлмасида ўйинни кузатарканмиз, ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган чақалоқни кўтариб ўтирган онахонга кўзимиз тушди. У болани меҳр билан эркалар, шу орада берилаётган саволларга қулоқ тутиб, ёнидагилар билан жавобини муҳокама қиларди. Ўйинга танаффус эълон қилингач, иштирокчи формасидаги ёшгина аёл келиб, болани онахоннинг қўлидан олди ва шоша-пиша овқатлантирди. 3 дақиқалик танаффус якунлангач, яна болани бериб, катта залга кириб кетди. Қандай куч ёш болали онани ушбу майдонга етаклаб келгани бизни қизиқтирди ва онахоннинг ёнига бориб, бу ҳақда сўрадик.

    – Андижон вилоятиданмиз, қизим “Заковат” турнирига қатнашяпти, – дейди Ҳосиятхон опа. – Уйимизда катта кутубхонамиз бор, меҳмон бўлиб келганлар, кўриб ҳайрон қолади. Аввалдан “Заковат” интеллектуал ўйинларини оиламиз билан томоша қиламиз. Болаларимга “Сизлар ҳам шунақа ўйинларда қатнашиб, телевизордан чиқсанглар, жуда хурсанд бўламан”, дердим. Мана, бугун орзуларим ушалди.

    Ҳосиятхон опанинг маълум қилишича, оилавий муҳит фарзандларининг ўз йўлини топишида муҳим ўрин тутган. Опанинг ўзи 32 йилдан буён таълим тизимида ишлайди. Шунча йиллик меҳнати қадр топиб, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Фарзандларининг ҳаммаси олий маълумотли. Оилада китоб ўқишга, илм-маърифатга эътибор кучли. Биз ёш болали “Заковат”чи онанинг фикрларига ҳам қулоқ тутдик:

    – Марҳамат тумани “Бозорбоши” МФЙ жамоаси аъзосиман, – дейди Нилуфар Шокирова. – Уч нафар фарзандим бор. Ўқитувчи бўлиб ишлайман, турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи. Қайнота-қайнонам кечагина Умра сафаридан келди, уйимизда меҳмонлар келди-кетдиси тингани йўқ, шундай бўлса ҳам улар мени қўллаб-қувватлаб, финалга юборди. Болалигимдан Жобир Аҳмедовнинг жамоасига мухлислик қилардим, бирорта ҳам ўйинни ўтказиб юбормас эдим. Доим “Заковат”га қатнашиш катта орзум бўлган. Мактабда ҳам ўқувчиларим билан клуб тузиб, мунтазам “Заковат” ўйинларини ўтказиб келамиз.

    – Бу йил 30 ёшга тўламан, – дейди Н.Шокирова. – Бир қарашда мен учун худди ёшларга берилаётган барча имкониятлар тугагандек. Лекин аслида бундай эмас. Тўғри, энди ёшлар ўртасида ўтказиладиган танловларда иштирок эта олмайман. Аммо тўплаган тажрибам ўқувчиларим, фарзандларим учун асқатишидан қувонаман. Қолаверса, “Заковат”да ҳам олий лига ўйинларида иштирок этишим мумкин.

    Нилуфар Шокировадан фарзанд тарбиясидан ортиб, шундай танловларда қатнашиш қийин эмасми, деб сўраганимизда, оиласининг қўллаб-қувватлови билан ҳам ишга, ҳам фарзандлар тарбиясига, турли танловларга иштирок этишга куч ва вақт топаётганини билдирди. Бунгача у “Ёш китобхон” танловида ҳам бир неча бор иштирок этиб, вилоят босқичида фахрли ўринларни қўлга киритган. Демак, қизиқиш ва иштиёқ бўлса, ҳамма нарсанинг имкони топилади.

    УМИД, ҲАЯЖОН ВА ҚУВОНЧ ЁШЛАРИ

    Турнир эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида давом этди. Тўрт тур якунига етгач, жамоалар интизорлик билан натижаларни кута бошлади. Иштирокчилар кўзида умид, қўрқув, ҳаяжон акс этарди.

    Ниҳоят, жами 31 очко билан Қарши тумани “Гулистон” МФЙ жамоаси биринчи ўринни, Косон тумани “Пахтазор” МФЙ жамоаси 30 очко билан иккинчи, Олмазор тумани “Беруний” МФЙ жамоаси эса 27 очко билан учинчи ўринни эгаллади.

    Ташкилотчилар томонидан биринчи ўрин 100 миллион сўм, иккинчи ўрин 60 миллион сўм ва учинчи ўрин соҳиблари 40 миллион сўм билан тақдирланди.

    Рашид ХЎЖАМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates