Пойтахтимизда илк бор “Заковат” I Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтди. 12-13 августь кунлари давом этган халқаро турдирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикикстон, Туркманистон, Арманистон, Россия, Латвия, Кипр, Белорусь, Германия, БАА, Исроил, Дания каби 14 давлатдан жами 55 та жамоа, 330 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Улар орасида Россиянинг “Нима? Қаерда? Қачон” телевизион кўрсатуви орқали машҳур бўлган Борис Белозёров, Денис Галиакберов, Михаиль Новосёлов каби билимдонлар ҳам бор эди.
Иштирокчилар ўйиннинг спортча версияси ҳамда брейн-ринг турлари бўйича билимларини синовдан ўтказди. Жамоалар бир неча турда ўзаро беллашиб, энг кучлилар финалгача етиб борди.
Кеча, 13 августь куни халқаро турнирнинг финал мусобақаси ҳамда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Саида Мирзиёева очиб берди ва барча иштирокчиларни халқаро билимлар беллашуви билан қутлади.
Шундан сўнг Қозоғистоннинг “Басенджи” ҳамда Ўзбекистоннинг “Мистерия” жамоалари турнирнинг 3-ўрини учун ўйин мусобақасига киришди. Томошабинлар кўз ўнгида бўлиб ўтган ўйин 2 тур давом этди ва унда “Басенджи” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Миллий массмедиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ҳамкорлигида ташкил этилган чемпионат ғолиблари шу ернинг ўзида тантанали тақдирланди. Ғолиб жамоаларга пул мукофотлари топширилди.
Шундай қилиб, “Заковат” ўйини бўйича I Осиё очиқ чемпионатининг 3-ўрни Қозоғистоннинг “Басенджи” жамоасига насиб этди ва 40 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Россиянинг “Борский корабел” жамоаси 2-ўрин соҳиби ва 60 миллион сўм, Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистоннинг “GG” терма жамоаси эса 1-ўрин ғолиби ҳамда 100 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.
I Осиё очиқ чемпионати бош соврини — махсус “Заковат” кубоги эса Қозоғистоннинг “Басенджи” жамоасига насиб этди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири