Макроиқтисодий ривожланиш ва «Сайхунобод тажрибаси»

    Мамлакатимизда 20 март 2024 5006

    2023 йилда мамлакатимизнинг Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 6 фоизга ўсишга эришиб, ЯИМ ҳажми 90,8 миллиард долларга етди (1067 триллион сўм), минтақадаги иқтисодий ва геосиёсий вазиятнинг нисбатан мураккаблигига қарамасдан мамлакатимиз нисбатан юқори ўсиш суръатларига эришяпти.

    Хусусан, Бутун дунёда иқтисодиёти нисбатан йирик мамлакатлар юқори инфляцияга қарши курашиш мақсадида монетар сиёсатнинг қаттиқ фазасига ўтди, Хитой иқтисодиётидаги секинлашиш ва Россия -Украина ўртасидаги низолар иқтисодий ўсишни секинлаштирувчи омиллар бўлиб хизмат қилаётганлигига қарамасдан, иқтисодиётимиз соғлом суратлардан ўсиб боряпти.

    2023 йилда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаган асосий омилларидан бири инвестициялар ҳажмининг ўсиши бўлган. Хусусан 2023 йилда инвестициялар ҳажми 30 миллиард долларлик инвестициялар амалга оширилиб ўсиш суръати 2022 йилга нисбатан 22,1 фоизни ташкил этган.

    Тошкент шаҳри (9,3 фоиз), Навоий (5,8 фоиз), Самарқанд (5,6 фоиз), Сирдарё (5,9 фоиз) вилоятларидаги юқори ўсиш умумий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этган. Жумладан, Иқтисодий ўсиш Тошкент шаҳрида 2022 йилга нисбатан 0,3 фоиз бандга, Сирдарё вилоятида 0,3 фоиз бандга, Сурхондарё вилоятида 0,5 фоиз бандга, Самарқанд вилоятида 0,5 фоиз бандга, Жиззах вилоятида 0,8 фоиз бандга тезлашган.

    Аммо баъзи ҳудудларда иқтисодий ўсиш секинлашганлигини ҳам кузатишимиз мумкин. Жумладан, 2023 йилда иқтисодий ўсиш Андижон -3,4 фоизга, Хоразм -1,9 фоизга, Қашқадарё -1,7 фоизга, Наманган вилояти -1,2 фоизга, Тошкент вилояти -0,8 фоизга, секинлашган. Бу ҳолат мазкур ҳудудларда иқтисодий ўсиш учун қўшимча потенциал мавжудлиги ва бу ҳудудларда иқтисодий ўсишни тиклаш орқали мамлакатимиз бўйича ўсиш кўрсаткичини 2024 йил учун мўлжалланган 6 фоиздан ҳам оширишга тўлиқ имконият мавжудлигини англатади.

    Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги йиғилишида Сайхунободда йўлга қўйилиши режалаштирилаётган янги тажрибани бутун республика бўйлаб қўллашнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Хусусан Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига 1 тадан мини трактор, 4 тадан мото-культиватор олиб берилди.

    Эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси «1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад» деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади.

    Шунингдек, туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимян уруғини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади. Бундан ташқари, маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади. Хонадонлар кооперация асосида эскпортчи билан боғлаб берилади, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш комплекси ташкил этилади. Тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади.

    Сайхунобод тажрибаси ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади.

    Бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш орқали аҳоли томорқаларидан янада самарали фойдаланишга эришиш имконияти мавжуд. Бу эса нафақат ўша туман ёки вилоятдаги иқтисодий ўсишни балки бутун республикада иқтисодий ўсишнинг янада юқори бўлишга замин яратиши шубҳасиз. Бундан ташқари, республика ҳудудлари ўртасидаги умумий муаммоларни «Сайхунобод тажрибаси» каби тажрибалар орқали ечиш имконияти мавжуд.

    Халқаро валюта жамғармасининг прогнозларига кўра, 2024 йилда асосий савдо ҳамкорларимиздан, Хитойда иқтисодий ўсиши 2023 йилдаги 5,2 фоиздан 4,6 фоизга секинлаши, Россияда иқтисодий ўсиш эса 3 фоиздан 2,6 фоизгача секинлашиши кутиляпти. Дунё иқтисодий ўсиши эса 2023 йилдаги каби 3,1 фоизни ташкил этиши прогноз қилиняпти. Аммо хомашё нархларининг ўсиши (яқин шарқдаги можаролар туфайли), йирик давлатларда нисбатан қаттиқ монетар шароитларнинг сақланиб қолиши, Хитой иқтисодиётида давом этаётган секинлашишнинг янада кучайиши каби омилларда дунё иқтисодий ўсишини пасайтирувчи омиллар бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шундай шароитда ҳудудларнинг ички имкониятларини ўрганиш орқали уларда мавжуд қўшимча потенциалларни ишга солиш глобал иқтисодий шароитларнинг мураккаблигига қарамасдан мамлакатимизда нисбатан юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишга замин яратиши шубҳасиз. Яъни ҳудудий ривожланиш макроиқтисодий ривожланишнинг ажралмас қисмига айланади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги.