Мактаб таълими сифатини яхшилаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

    Ҳукумат 26 январ 2024 6489

    Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни мактаб таълими сифатини яхшилаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

    Мамлакатимизда 10 минг 284 та мактаб бор. Сўнгги йилларда улардаги шароитларни яхшилаш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Мактабларни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 170 минг нафари таълимни давом эттирмоқда. Ривожланган давлатларда 50 фоиздан зиёд битирувчилар профессионал таълим муассасасига киради.

    Ҳозиргача 208 та мактабнинг юқори синф ўқувчиларига 3 та йўналиш бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони охирги икки йилда 6 минг нафардан 18 мингга етди.

    Шу билан бирга, бу ишларни изчил давом эттириш зарур. Таълим сифатини ошириш узлуксиз жараён.

    Тақдимотда шу мақсаддаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

    Бугунги кунда ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган.

    Келгуси ўқув йилига қадар ушбу баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш зарурлиги айтилди. Мактабларнинг ўзи ҳам аккредитациядан ўтказилади. Бу халқаро баҳолаш мезонларини миллий тизимга жорий қилиш, мактабларни бошқариш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

    Педагогларнинг билим ва маҳорати масаласига эътибор қаратилар экан, Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслиги қайд этилди. Шу боис 14 та ҳудуддаги бундай марказларни фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш дастурларини жорий этиш вазифаси қўйилди.

    Мактабларда хорижий тил бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини бу билан уйғунлаштириш зарур. Хорижий тилни интенсив тарзда ўргатиш амалиётини ҳам кенгайтириш лозим.

    Маълумки, юртимизда хусусий мактабларга имконият берилгани натижасида уларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бу давлат мактабларига юкламани камайтириш ва соғлом рақобатга хизмат қилмоқда. Шу боис хусусий мактаблар учун лицензия талабларини янада соддалаштириш, кредит, солиқ ва коммунал тўловлардан қўшимча енгилликлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.

    Мутасаддиларга таълим ташкилотлари фаолияти ва таълим сифати мониторинги платформасини ишга туширишга топшириқ берилди.

    Йиғилишда таъкидланганидек, таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади. У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади.

    Давлатимиз раҳбари мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади.

    – Маҳалладаги муҳит, аҳоли бандлиги кўп жиҳатдан ёшлар таълим-тарбиясига боғлиқ. Шундай экан, маҳалла раиси ота-оналар билан бирга мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Дарҳақиқат, мактаб масаласи фақатгина таълим соҳасининг эмас, ота-оналар, маҳалла фаоллари, бутун жамиятнинг иши. Чунки мактаб мамлакат келажагининг замини. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол замирида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам. Шунда ота-оналар ҳам ўз фарзандлари тарбиясига янада эътиборлироқ бўлади. Тобора глобаллашаётган ҳозирги замонда бу жуда муҳим.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates