Мактабгача таълимнинг янги шакли болаларни ўқишга тизимли тайёрлайди

    Таълим 25 июл 2023 2112

    Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Бу даврда бола дунёни англайди, она тилини ўзлаштиради, ота-онаси, оиласи, маҳалласи, Ватанига меҳри уйғонади.

    Умри давомида олинадиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий роль ўйнаса, мактабгача таълим ташкилотининг ҳиссаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз ўқитиш тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, пойдеворига айланган.

    Тўпланган халқаро тажрибаларга кўра, сифатли мактабгача таълимга сармоя киритиш болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, ижтимоий мослашуви, зарурий билим ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди.

    Ўтган йили ноябрда Тошкентда ўтказилган ЮНЕСКОнинг кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II бутунжаҳон конференциясида Тошкент декларацияси қабул қилинганди. Унда кичик ёшдаги болаларни эрта ривожлантиришда ЮНЕСКОга аъзо мамлакатларнинг маслаҳатлашуви ҳамда ўзаро ҳамкорлиги давом этиши белгиланган. Шунингдек, “Таълим кутиб турмайди” шиори остида кичик болаларга таълим-тарбия беришни қўллаб-қувватлаш учун келгусида халқаро кўмакни сафарбар қилиш ва кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

    Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида 2019-2023 йилларга мўлжалланган таълим соҳасини ривожлантириш режасига мувофиқ, Жаҳон банки билан ҳамкорликда юртимизнинг олис туманлари ва чекка ҳудудларида мактабгача таълимнинг янги — муқобил шакллари амалиётга татбиқ этилди. Жумладан, Наманган вилояти Косонсой педагогика коллежи ва Самарқанд вилояти Тайлоқ педагогика коллежида “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида тажриба-синов тариқасида ҳар бири 20 та ривожлантирувчи ўйин гуруҳини ўз ичига олган “Илк ривожланиш марказлари” фаолияти йўлга қўйилди.

    Боланинг ёши ва индивидуал имконияти, қобилияти ва эҳтиёжига мос равишда кейинги жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланиши, ижтимоий мослашуви, алоҳида эҳтиёжли болаларга индивидуал таълим дастурлари, шунингдек, замонавий инклюзив мактабгача таълим-тарбия олиш имконини берувчи қулай муҳит яратиш куннинг муҳим вазифасидир. Лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад ҳам шу. Бу ўз ўрнида болаларда Ватанга муҳаббат, оиласига, халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига, атроф-муҳитга ҳурмат туйғусини шакллантириш, бошланғич таълимга тайёрлигини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнида болага ва ота-оналарга ҳар томонлама ёрдам бериш ҳамда мактабгача таълимга қамраб олинмаганлар учун тенг имконият яратишга хизмат қилади.

    Лойиҳа доирасида Самарқанд ва Наманган вилоятларида имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини тажриба сифатида жорий қилиш мақсадида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун педагоглар танлаб олиниб, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича семинар ташкил этилди.

    “Илк ривожланиш марказлари” Самарқанд ва Наманган вилоятларида уч модель асосида фаолият кўрсатмоқда. Биринчи модель бўйича 3–6 ёшли болалари бўлган, мактабгача таълимга қамраб олинмаган, шунингдек, чекка қишлоқ жойларда яшовчи ва мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлмаган оилаларга борилади. У ерда болалар билан ишлаш оилаларда, ота-оналарнинг фаол иштирокида “Илк қадам” давлат ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади.

    Иккинчи модель ўйин гуруҳлари асосида ишлайди. Бу гуруҳлар 3–7 ёшли болалар учун “Илк ривожланиш маркази”да очилади. Таълим-тарбия жараёни “Илк қадам” давлат ўқув дастурига мувофиқ амалга оширилади, ота-оналар ихтиёрий равишда иштирок этса бўлади. Ўйин гуруҳлари муайян ёш ёки турли ёшдаги болалардан ташкил топади. Ушбу гуруҳдаги болалар 15 нафардан 20 нафаргача бўлиши мумкин.

    Учинчи модель бўйича соғлиғи туфайли имконияти чекланган 2–6 ёшли болалари бўлган оилаларга борилади. Алоҳида таълимга муҳтож болалар билан ишлашда ота-оналарга зарур психологик-педагогик ёрдам кўрсатилади. Уйга дефектолог, психолог, тарбиячилар боради. Ушбу лойиҳа доирасида бугун Самарқанд вилоятида 794 та, Наманган вилоятида 939 та оила қамраб олинган.

    Ўтган даврда биринчи модель бўйича Самарқанд вилоятида 276 та, Наманган вилоятида 536 та оила қамраб олинган. Иккинчи модель бўйича Самарқанд вилоятида ташкил этилган 11 та ўйин гуруҳига 277 нафар ўғил-қиз жалб этилган. Наманган вилоятида эса 14 та ўйин гуруҳида айни пайтда 353 нафар бола таълим-тарбия олмоқда.

    Учинчи модель бўйича Самарқанд вилоятида 60 та оиланинг қарийб 800 нафар, Наманган вилоятида 53 та оиланинг 980 нафардан зиёд фарзанди қамраб олинди. Гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёни “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида бир кунда 2 смена (навбат) билан 3-3,5 соат вақт оралиғида олиб борилади. Мазкур гуруҳларда фаолият кўрсатадиган педагог-тарбиячилар лойиҳа доирасида ташкил этиладиган тренингларда халқаро экспертлар ёрдамида малака оширади.

    Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг пойдеворидир. У боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, ўқишга иштиёқ уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлайди. Шундай экан, бу тизимни янада кучайтириш, нафақат мактабгача таълим ташкилотлари, балки оилаларда ҳам ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади.

    Норой СОАТОВА,

    Мактабгача таълим агентлиги

    бош мутахассиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates