Учрашувда Республикада немис тилини ўргатишни янада ривожлантириш ҳамда маҳаллий немис тили ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, бунинг учун Германиядан тажрибали немис тили ўқитувчиларини жалб этиш масалалари муҳокама этилди.
Немис тили фани дарсликларини таълим жараёнига жорий қилиш, немис тилига ихтисослашган мактаблар сони ҳамда дарс соатлари сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек кун тартибидан мактабларда мавжуд немис тили дарсликларини янгилаш масалалари ҳам жой олди.
Бундан ташқари вазирлик вакиллари томонидан умумтаълим мактабларининг 7-синфидан бошлаб ўқувчиларни касбга йўналтириш, юқори синф ўқувчиларини мураккаб бўлмаган касбларга ўқитиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан вариатив ўқув режалари асосида IT соҳасига оид ўқув курслари тадбиқ этилганлиги қайд этилди. Томонлар бу борада GiZ ва KfW ваколатхоналари билан биргаликда қўшма лойиҳа таклифларни тайёрлашга келишиб олди.
Маълумот учун: 2020-2021 ўқув йилида 1139 та умумтаълим мактабларида 297 953 нафар ўқувчига немис тили хорижий тил сифатида ўқитилади. Мазкур мактабларда 3016 нафар немис тили ўқитувчиси фаолият юритмоқда.
2021-2024 йилларда, қўшимча 12 та немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларини ташкил этиш режалаштирилган.
Янги ташкил этиладиган ихтисослашган мактабларнинг ўқув режасида немис тили фани соатларини ошириш кўзда тутилмоқда.