Шунингдек, Буюк Британия ҳамда А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институт ҳамкорлигидаги "Future English in Uzbekistan" лойиҳаси доирасида ташкил этилган малака ошириш курсларида фаол қатнашган 4 нафар умумтаълим мактаб ўқитувчилари, хусусан, Фарғона вилояти, Қува тумани 49-мактаб ўқитувчиси Давлатов Носир Эргашалиевич, Тошкент шаҳар 195-мактаб ўқитувчиси Бурҳонхўжаева Ҳушнамо Мадаминовна, Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар 9-мактаб ўқитувчиси Абдуазимова Сурайё Шодмонқуловна ва Фарғона вилояти, Қува тумани, 40-мактаб ўқитувчиси Хўжаева Садоқат Ҳабибуллаевналар ҳам мазкур конференцияда қатнашди.
Конференцияда институт раҳбари Аюбхон Раджиев иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими, хусусан малака ошириш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни, илк натижалар бўйича қисқача маълумот берди.
Буюк Британия кенгаши ташаббуси билан конференцияда турли мамлакатдан иштирок этаётган малака ошириш тизимидаги мутасадди раҳбарлар учун инглиз тилининг келажаги қандай бўлиши бўйича савол ўртага ташланди. Бошқа давлатлар масъуллари каби А.Раджиев ҳам ўз фикрини билдирди. Инглиз тилининг келажаги, малака ошириш тизимининг муқобиллаштирилиши, амалиёт ва илмий-тадқиқот ишлари биргаликда амалга оширилиши муҳимлиги таъкидланди. Бунда фақат малака оширишдаги дарсларнинг ўзига урғу бермасдан, ҳозирги ҳолат юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ўқитувчиларнинг қайси компетентликларда оқсоқланаётганликларини ўрганиш каби масалаларга илмий ёндашган ҳолда ечим бериш ва мана шу тадқиқотлар натижасига кўра, янги методикаларни жорий этиш, тизимни ислоҳ қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Инглиз тилининг келажагида онлайн, ишдан ажралган ва ажралмаган ҳолда синхрон ва асинхрон шаклларидаги малака ошириш курсларининг жадаллашиши эҳтиёжга, индивидуал траекторияга асосланган курс контентларини яратишга эътибор берилиши ушбу тилнинг келажагидаги муҳим омил сифатида таъкидланди.
Делегация Буюк Британия кенгаши раҳбарияти билан учрашди. Унда ҳамкорликнинг кейинги босқичлари, хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан мактаб ўқитувчиларига янги, илғор методикаларни жорий қилишда хорижлик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилишдаги масалалар муҳокама қилинди.
Буюк Британия кенгаши вакиллари томонидан ҳамкорликнинг кейинги босқичида нафақат инглиз тили фани, балки бошқа фанлар, хусусан STEAM-табиий фанлар йўналиши бўйича ҳам хорижлик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, Буюк Британия кенгаши раҳбарияти ва А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти раҳбарияти кейинги босқичдаги навбатдаги халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикасида ўтказишга келишди.
Бу бўйича июль ойида бўлиб ўтадиган учрашувларда аниқ тўхтамга келинади.
А. Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институт
Матбуот хизмати










