Ташкилотнинг асосий мақсади — республикамиз иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотларда, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш. Шунингдек, уларнинг маҳаллий ҳамда халқаро майдондаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашишдан иборат. Ассамблея қошидаги халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, халқаро бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ўз йўналиши доирасида тадбиркорларга хизмат кўрсатади.
Ассамблея дастурида халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича фаолият олиб бориши ҳам белгиланган. Бундан ташқари, миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш унинг фаолият доирасига киради.
Иқтисодий ташкилот мамлакатга инвестициялар жалб қилиш билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун хориж бозорларини мунтазам ўрганади ва таҳлиллар олиб боради. Ва бир вақтнинг ўзида ҳамкор давлатларда ўзбек маҳсулотлари учун шоу-румлар ташкил этиш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, ташкилот 2021 йил 10 февраль куни 970-сон тартиб рақами билан Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.