Мамлакатимиз учун битта ажрим ҳам кўп

    Фикр 7 январ 2022 3314

    Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши, ўзаро можаролар, ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масала.

    Хўш, нима учун бундай ҳолатлар вужудга келяпти? Асл сабаблар нимада? Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили — уларнинг ҳуқуқий билимга етарли даражада эга эмасликлари, оилавий муносабатларга учинчи шахснинг аралашуви ва турмушдаги турли моддиятлар сабаб бўлаётир.

    Рақамлардан гапирамиз

    Фарғона вилоятида 2021 йилда 32 минг 604 та никоҳ қайд этилди. Мавжуд 21 та ФҲДЁ бўлимларида 100 мингдан ортиқ чақалоққа туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 минг 413 тага кўп дегани. Бу рақамлар орқали мамлакатимизда ҳаёт бир маромда одатий давом этаётганидан қувонасиз.

    Бироқ...

    Оила кодексининг 13-моддасига асосан, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Фарзандга туғилганликни қайд этиш гувоҳномасини олиш учун ҳам ўртадаги никоҳ гувоҳномаси бўлиши шарт. Агар никоҳ шаръий бўлса фарзанд биринчи ўринда оталикка олиниб унинг туғилганлиги қонуний равишда қайд этилади.

    Ўтган давр мобайнида вилоятда расмий никоҳсиз 6 мингдан ортиқ фарзанд дунёга келган. Янада тушунарлироқ айтганда, ҳудудда сўнги олти ой давомида ФҲДЁ органлари томонидан фақатгина шаръий никоҳда яшаб келаётган шунча оилалар аниқланган.

    Шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан деярли ўзгаришларсиз қолаётганининг асосий сабаби - ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштирилмайди. Бундан ташқари, ажралишаётган оилаларнинг аксарияти судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олишмайди.

    Яна рақамларга юзланамиз. Ўтган 2021 йил давомида Фарғона вилоятида ажримга оид 4 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шундан 2 минг 403 таси суд қарори билан ажрашиш ҳолати ҳисобланади.

    Ажримларга нималар сабаб бўлмоқда?

    Фарғона вилоятида оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, 647 та ҳолатда фарзандсизлик, 46 тасида хиёнат, 170 тасида узоқ вақт бирга яшамаслик, 2 698 тасида (!) оилавий келишмовчиликлар, 311 тасида учинчи шахснинг оилавий муносабатларга аралашуви ва қолган ҳолатларда ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлаш, фарзандларни маънан ҳамда жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари, деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди.

    Биламизки, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигида оила бошлиғи — эркакларнинг ўрни ҳамда масъулияти жуда катта. Чунки ҳаётнинг қийинчиликларини улар ўз елкаларига оладилар. Афсуски, амалиётда кўриб турибмизки, эркакларнинг оилавий муносабатларда ўз ўрнини йўқотиб қўяётгани, яъни иккинчи даражага тушиб қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

    Шу мавзуда яна фикрлар...

    Шарқ мамлакатлари тажрибасига таянадиган бўлсак, келинга ҳам, куёвга ҳам қўйиладиган талаблар жуда юқори.Унинг устига аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган. Хонадонда «келин хизмат қилиши керак, ойлигини қайнонаси ва ёки қайнотасига бериши шарт, деган тушунчалар умуман йўқ. Ушбу тамойиллар эртага оиланинг ажралиш ёқасига келиши ҳар икки томон учун ҳам қаттиқ ижтимоий ва молиявий зарба бўлишини жуда яхши билади. Биздачи? Аксарият ажримлар айнан мана шундай майда-чуйда, бемаъни шартлардан келиб чиқаётгани бор ҳақиқат.

    Минг афсуски, учинчисига, тўртинчисига ҳам тўй томоша қилиб қиз бола келин олаётган оилалар ҳар бир вилоятда учрайди. Бунинг устига, ҳар бир қурган оиласидан бир, икки нафар фарзанди борлари ҳам йўқ эмас. Эртага албатта алимент, никоҳ ажрим масалаларида бу оилаларда жанжал, чигал вазият юзага келиш эҳтимоли юқори. Бу эса жондан азиз қизларимизга «арзон», деган тамғани босиш эмасми? Ахир зарнинг қадри унинг ноёблигида, «ҳа» деганда топилавермаслигида эмасми?

    Ажримларни олдини олиш учун нима қилиш керак?

    Бизнингча, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр қимматини имкон қадар ошириш лозим. Нега? Чунки бизда никоҳ арзонгаров бўлиб қолган. Асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилади. Маросимлар биринчи ўринга қўйилади.

    Ким нимага қийинчилик билан эришса, уни шунчалар қадрлаши табиий, албатта. Ҳозирда эса ўзимизнинг шахсий орзу-ҳавасларимиз туфайли ёшларимизга никоҳ ва келин бўлмишни осонгина бериб қўяётгандекмиз.

    Хўш, муаммоларнинг олдини қандай олиш зарур? Аввало, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш шарт. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Унда бир қатор омилларга эътибор қаратиш лозим.Масалан, оиладаги ажримларни олдини олишда, асосан, ёшларни оила илмига ўргатиш мақсадга мувофиқ. Уларда оила муқаддас қўрғон эканлиги тўғрисидаги тарғибот-тушунтириш ишларини бутунлай янги босқичда, ноодатий усул ва ёндашувлар асосида олиб бориш керак.

    Оила қураётган ёшлар учун оилавий муносабатларни тўлиқ тушунтирадиган ва эр-хотин ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал англатадиган, диний ва дунёвий билимлар бир тизимга солинган махсус ўқув дастур ишлаб чиқилиши керак. Қонуний никоҳ тузилмасидан аввал мана шу дастурни мажбурий тартибда ёшларга ўқитиш зарур. Шундагина уларда оила ва унинг муқаддаслиги, диний арконлар ва мажбуриятлар ҳақида ҳар иккала ёшда тўлиқ тушунча ҳосил бўлади. Бу эса, албатта, оила мустаҳкамлигига хизмат қилади.

    Улуғбек Маҳмудов,

    ДХА Фарғона вилоят

    бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates