Мамлакатимизда 2030 йилга бориб энергияга бўлган талаб 2 баробарга ортади

    Энергетика 13 январ 2022 932

    Жорий йил 13 январда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегиясидаги устувор йўналишлар мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    Унда сенаторлар, қўмита экспертлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Иштирокчилар дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди.

    Таъкидланганидек, углеводородлар заҳиралари йил сайин камайиб бориб, жаҳон бозорида нефть ва газ нархи кўтариляпти, бу эса ўз навбатида инсониятга қуёш, шамол ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этишни тақозо этади.

    Мамлакатимизда ислоҳотларнинг жадаллашуви, саноатнинг ривожланиши, аҳоли сони кўпайиши натижасида энергияга бўлган талаб кескин ошиши, 2030 йилга бориб қарийб 2 баробарга ортиши кутиляпти.

    Шундан келиб чиққан ҳолда барқарор ривожланиш соҳасидаги энг муҳим мақсад ва вазифалардан бири 2030 йилгача қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия улушини жиддий равишда кўпайтиришдан иборат.

    Йиғилишда қайд этилганидек, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигининг пастлиги, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, технологиялар янгиланишининг сустлиги, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда хусусий сектор иштироки етарли эмаслиги мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги устувор миллий мақсадлар ва вазифаларга эришишга ўзининг таъсирини кўрсатиши мумкин.

    Бу борада иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, аҳолини арзон ва қулай энергия билан таъминлашда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳозирда долзарб йўналишлардан биридир.

    Шу мақсадда 2022 йилда Қорақалпоғистонда 1 700 МВт.лик шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа битими имзоланиши режалаштирилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

    Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни тизимли равишда ташкил этиш юзасидан дастур ишлаб чиқиш таклифи берилди.

    Шунингдек, йиғилишда бугунги кунда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегия лойиҳасида ҳам мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш орқали иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этиб ўтилди.

    Ҳужжат лойиҳасида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

    «Энергетика соҳасида хусусий сектор улушини оширишни инобатга олган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини жадал ривожлантириш учун замонавий «яшил» ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш Стратегияда ўз аксини топганлиги иштирокчилар томонидан таъкидланди.

    Стратегия лойиҳасида 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 40 миллиард кВт/соатга ошириб, жами 110 миллиард кВт/соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб/метр табиий газни тежаш ҳамда ҳавога чиқариладиган зарарли газларнинг ҳажмини 8 миллион тоннага камайтириш ҳам мақсад қилингинлиги тилга олинди.

    Йиғилиш иштирокчилари саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш, уй-жой-коммунал ҳўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилларидан бири эканлигини алоҳида қайд этди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates