Мамлакатимизда ҳароратни мўътадиллаштирувчи “ақлли“ плёнка ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

    Фан 20 апрел 2025 718

    Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан дунёда илк бор иссиқхоналар учун мўлжалланган плёнкалар таркибига қўшилувчи, ҳароратни мўътадиллаштириш вазифасини бажарадиган нано-композит заррачалар синтез қилинди.

    Қайд этилишича, бу нано-заррачалар қуёш нурининг ультрабинафша нурланишини яқин инфрақизил диапазонга айлантиради. Шу билан бирга, бундай фотонларнинг иссиқлик энергияси 17-22°C га тенг бўлади. Натижада, ташқи ҳарорат -3…-7 °C бўлган ҳолатда ҳам, иссиқхона ичидаги ҳарорат қўшимча қиздиришсиз +5…+7°C гача сақланади (одатий плёнкаларда бу кўрсаткич 0…+2°C бўлади). Иссиқ кунларда эса иссиқхона ичидаги ҳарорат 5–8°C га пасаяди.

    Инфрақизил диапазондаги фотонлар сони кўпайиши туфайли фотосинтез тезлашади ва ўсимликлар 1,5–2 баравар тез ўсади. Шу билан бирга, энергия сарфи 60% дан ортиқ камаяди, ҳосилдорлик 35–50% га ортади, суғориш учун сув тежалиши 30% ни ташкил этади, агар гидрогеллар қўлланилса, бу кўрсаткич 90% гача етади. Плёнканинг мустаҳкамлиги 3 баравар ошади.

    Синовлар Тошкент, Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилган.

    Ҳозирги кунда Шанхай Қишлоқ хўжалиги академияси томонидан Хитой Халқ Республикасининг турли тупроқ-иқлим шароитида кенг кўламли синовлар олиб борилмоқда.

    Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан Ўзбекистонда Материалшунослик институти базасида нано-порошокларни қўшма тажриба-саноат ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

    Тажриба-саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш режасига кўра, 2025 йилда 1 тонна, 2026 йилда эса 10 тонна нано заррачалар ишлаб чиқарилади.

    Ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2 000 тоннага етказиш учун нано-порошоклар ишлаб чиқариш заводи қурилади.

    Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.