Стартап глобал исишни секинлаштириш учун Қуёшни “тўсиб қўйиш”ни таклиф қилмоқда

    Мазкур лойиҳага кўра қуёшни тўсиб, сайёрамиз ҳароратини бошқариш тизимини “ўчириш” технологияси таклиф қилинган. Бироқ ҳамма экспертлар ҳам бу ғояни хавфсиз деб ҳисобламайди.

    Американинг “Politico” ахборот портали хабар беришича, 25 нафар кишидан иборат Америка-Исроил стартапи глобал исишни секинлаштириш учун Қуёшдан “тўсиш” имкониятини берадиган технология устида ишламоқда. Stardust Solutions компанияси иссиқликни қайтарувчи махсус заррача яратди. Стартап шунингдек, ўша моддани атмосфера юқорисига тонналаб сочиш имконини берадиган технология устида ишлаяпти. Компания шу тарзда қуёш нурини пасайтириш ва глобал исишни орқага қайтармоқчи.

    Стартап 2024 йил БМТнинг иқлим бўйича юқори мартабали собиқ амалдори Янош Пасторга мурожаат қилди. Stardust Solutions бош директори Янаи Едваб истагига кўра Пастор бу ишга кўмак бериши керак бўлганди.

    Пастор эса стартап фаолияти кўламидан ҳайратга тушди. У бу билан бирор бир компания шуғулланади деб кутганди, бироқ яхши молиялаштирадиган жамоа пайдо бўлиши олдинга кутилмаган қадам ташлашга сабаб бўлди. Очиғи, бундай технологиялар илмий мақолаларда, шунчаки баҳсларда ва илмий-фантастик китобларда бўларди.

    Едваб илгари Атом энергияси бўйича Исроил комиссиясида етакчи олим ўринбосари лавозимида ишлаган ядро физиги бўлиб чиқди. У борада қандай қилиб расмий ишонч уйғота олиш учун Пасторнинг маслаҳати керак эканлигини баён қилганди.

    Бундай таклифни эшитган Пастор иккиланиб қолди. Олимлар агар атмосфера махсус зарра-чанг билан қопланса глобал исишни вақтинчалик тўхтатиш мумкин деб тахмин қилиб келарди. Аммо саноқли тадқиқотчиларгина бу фикрни қўллаб-қувватлаган. Ҳеч ким бу ғоя қанчалик хатарли ёки хавфсиз эканлигини, об-ҳаво тизимини бузиб юбориши мумкинлиги, озиқ-овқат занжирини узилишига сабаб бўлиши ва дунё сиёсатига нечоғлик таъсир кўрсатиши мумкинлигини айта олмади. Олимлар фикрига кўра, бу технология оқилона чорами ёки аксинча эканлигини англаш учун бир неча йил талаб қиланади.

    Стартап ғояси ҳозирда барқарор бўлмаган дунёда сайёра ҳароратини бошқариш учун тегишли восита таклиф этиш ғояси Пасторга хавотирли туюлган. Айни пайтда у бундай технологияни қўллашни бошқарувчи бирор бир халқаро қонунлар йўқлигига алоҳида эътибор қаратди. Бироқ эксперт бу вариант ягона бўлиши мумкинлигини рад этолмади. Иссиқхона газлари ташланмаси ўсишда давом этмоқда. Иқлим ўзгариши қурғоқчиликка, ўрмон ёнғинларига, рекорд даражадаги сув тошқинларига олиб келмоқда.

    Хуллас Пастор командага маслаҳатчи сифатида қўшилишга қарор қилди. У компания иши нисбатан ошкора бўлишига ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш мумкинлигига умид қилмоқда, деб хабар берди naked-science.ru.