Маънавий зарар қандай ундирилади?

    Биласизми? 23 сентябр 2020 12648

    Ҳаётда киши турли хил ҳолатларни бошидан кечириши мумкин. Масалан, кимнингдир эҳтиётсизлиги ёки қандайдир кўнгилсиз ҳодиса туфайли ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрган тақдирда, қандай йўл тутилади? Маънавий зарарни ундириш тартиби қандай ҳал этилади? Унинг миқдори қандай тартибда белгиланади?

    Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, амалдаги Фуқаролик кодексида зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари белгиланган. Бу борадаги муносабатлар фуқаролик ҳуқу­қининг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида қайд этилганидек, маънавий зарар, уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

    Маънавий зарар фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиш, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Конститу­ция­си билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини бузиш орқали етказилиши мумкин.

    Маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ ишларни кўришда Олий суд Пленумининг «Маънавий зарарни қоп­лаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори муҳим ўрин тутади. Маънавий зарар уни етказишда айбдор бўлган жавобгарлар томонидан қопланади ва уни қоплаш номоддий бойликларни ва номулкий ҳу­қуқларни ҳимоя қи­лишнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади.

    Шунга кўра, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги та­лабларга даъво муддати жорий қилинмайди.

    Агар фуқаро ўзига маънавий зарар етказилган деб ҳисобласа, унинг миқдорини аниқлаш ҳуқуқига эга бўлган судга мурожаат қилади.

    Маънавий зарар, мулкий зарар қопланишидан қатъи назар, ундирилади.

    Аниқроқ айтганда, жабрланувчи судга даъво тақдим этганда, маънавий зарарни қоплашни мулкий зарар билан бирга ёки алоҳида талаб қилиши мумкин.

    Даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда, ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далилларни келтириши унинг мажбурияти ҳисобланади.

    Олий суд Пленумининг 2007 йил 2 октябрдаги «Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори далилларни қабул қилиш, уларга баҳо бериш, ишни тўғри ташкиллаштириш ва адолатли ҳамда қонуний қарор қа­бул қилинишида муҳим аҳа­миятга эга.

    Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, даъвогар А. жавобгарлар — масъулияти чекланган жа­мият­ ва М. га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 50 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

    Туманлараро суднинг ҳал қилув қарори билан А. нинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, масъулияти чекланган жамият ва М. дан солидар тартибда А. нинг фойдасига 5 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

    Вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 18 январдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, масъулияти чекланган жамият ва М. дан солидар тартибда А. нинг фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундириладиган бўлган.

    Аниқланишича, 2017 йил 15 май куни соат 11.30 ларда жавобгар М. масъулияти чекланган жамиятга тегишли юк ташувчи автоуловни бошқариб кетаётган вақтида автомашинанинг орқа ўнг ғилдираги чиқиб кетиб, йўл четида кетаётган даъвогарнинг 1989 йилда туғилган ўғ­ли Ҳ. га урилган.

    Оқибатда йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва Ҳ. воқеа жойида вафот этган.

    Мазкур йўл-транспорт ҳодисасига «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 4, 11, 12 ва 53-бандлари юзасидан масъулияти чекланган жа­мия­т автотранспорт воситасини йўлга чиқаришдан олдин техник созлиги, тозалиги ва тўлиқ жиҳозланганлигини текширмаслиги сабаб бўл­ган.

    Бу қилмиши учун жавобгар М. жиноят ишлари бўйича туман судининг 2017 йил 16 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқу­қидан маҳрум этган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ҳамда манфаатдор шахсларга маънавий зарарни ундириш ҳу­қуқи тушунтирилган.

    Судлар иш ҳолатлари ва Фуқаролик кодексининг 985, 1021, 1022-моддаларига асосланиб, даъвогар А. га маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган.

    Суд Фуқаролик кодексининг 999-моддасига биноан, фуқаровий жавобгарликни — ушбу ҳодиса жавобгар М.­ нинг бевосита хатти-ҳаракатлари туфайли содир бўлиши билан бирга, тегишли автомашина мулкдори — масъулияти чекланган жамиятнинг ҳаракатсизлиги оқибатига ҳам боғлиқлиги боис — солидар белгилаш ҳақида хулосага келган.

    Шундай бўлса-да, биринчи инстанция суди содир бўлган воқеа ва унинг натижаси бўйича маънавий зарар оқибатига объектив мезонлар асосида баҳо бермаган. Шунинг учун маънавий зарар миқдорини кам белгилаган.

    Хусусан, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, содир бўлган воқеа туфайли Ҳ. ушбу ҳу­қуқдан маҳрум бўлган.

    Даъвогар А. нинг даъво аризасидаги важлар ва судлардаги тушунтиришида аниқланишича, марҳум Ҳ. даъвогарнинг ёлғиз ўғли бўлган, автоҳалокатдан уч ой олдин эса, даъвогарнинг қизи бевақт вафот этган. Ушбу мудҳиш воқеалар оқи­батида даъвогар А. нинг турмуш ўртоғи фарзандлар доғида изтироб чеккани туфайли доимий даволаниб келган.

    Олий суд Пленумининг 2000 йил 20 апрелда қабул қилинган «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 2-бандига биноан, маънавий зарар деганда, жумладан, яқин қариндошини йўқотиш, яъни унинг ўлими са­бабли маънавий қайғуриш тушунилади.

    Ушбу ҳолатда даъвогар А. билан бирга унинг турмуш ўртоғи ота-она сифатида қис­қа муддатда иккинчи фарзандининг ҳам бевақт ўлими изтиробида руҳий азобланган ва бу ҳол уларнинг соғлиғига бевосита салбий таъсир кўрсатган.

    Шу боис, апелляция инс­танцияси жавобгарларнинг айб даражаси ва шахси ҳам­­да мулкий аҳволи каби эътиборга молик жиҳатларни инобатга олиб, ҳал қилув қарорини ўзгартирди.

    Суд адолат ва даъвогарнинг оқилона талаблари асосида даъвогар фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

    Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

    Жамшид Тиркашев,

    Олий суд судьяси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates