Маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак бўлган масала

    Фикр 20 январ 2021 4628

    Маънавият миллатни тараққиётга етакловчи, давлатнинг қудратини оширувчи муҳим омил саналади. Зеро, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади.

    Сўнгги йилларда юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш бўйича қатор қарорлар қабул қилиниб, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ўзгариш эса маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.

    Аммо бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Ачинарли жиҳати, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда.

    Бундай таҳликали вазиятда ёшларни маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларни китоб мутолаасига жалб қилиш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини манзилли қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш энг асосий масала ҳисобланади. Чунки, баркамол авлодни вояга етказишда китобнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс. Айнан мутолаа инсонга билим ва ахборот беради, унинг маънавий оламини бойитади.

    Шу жиҳатдан, бугун бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш ҳаётий заруратдир. Қолаверса, кутубхоналарни янада янгилаш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган адабий асарлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш лозим.

    Жорий йилнинг 19 январь куни Президентимиз раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият эканини таъкидлади.

    Ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этаётгани, жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаётганини айтган ҳолда, Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этди.

    Видеоселектор йиғилишида ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифи илгани сурилгани, айтиш мумкинки, маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди.

    Ҳозирги кунда маънавият тарғиботи билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин, уларнинг фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмаётгани, ягона тизимга бирлашмагани сабабли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатиляпти. Йиғилишда бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланди.

    Бу жараёнда марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминоти кескин кучайтирилиши, унинг фаолияти илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилиниши, аминманки, халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ўсишига, инсон ресурслари сифати ошишига, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда инновацион тараққиётига хизмат қилади.

    Йиғилишда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилиб, барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши таъкидланди. Мақсад битта – эркин фикрлайдиган, жамият мақсад ва манфаатларини тушуниб етадиган, ҳар томонлама етук комил инсонни тарбиялаш.

    Яна бир муҳим жиҳат, бугун мактабларда ёшларга таълим ва тарбия бериш билан бир қаторда, уларга маърифат ва маънавиятни чуқур ўргатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Бу борада жойларда яшаб ижод қилаётган профессор-ўқитувчи ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, уларнинг ижод ва истеъдодларидан унумли фойдаланиш юқори самара бериши тайин.

    Йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши айтилди. Бундай англаш мумкинки, эндиликда маҳаллаларга, оилаларга китоблар билан бирга, маънавият, маърифат кириб боради.

    Бир сўз билан айтганда, маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак бўлган масала ҳисобланади. Шундай экан, маҳаллаларга янги нур, янги зиё кириб бориши ҳар бир раҳбар, депутатларнинг ҳам асосий ишига айланиши лозим. Зотан, ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир.

    Фахриддин САМАТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати,

    ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates