Бугун юртимизда “бунёдкор” сўзининг моҳияти ўзгарди. Янги Ўзбекистон шароитида биз бу сўз моҳиятига анча яқинлашдик: аслида ҳаётни, жамиятни, ўзи ва ўзгаларнинг дунёқарашини ич-ичидан янгилашга интиладиган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан ўзини шу ишга сафарбар эта оладиган инсон чинакам бунёдкор эканлигини англаб етдик. Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳот ва ташаббусларга қанот бағишлаётган безавол қудрат ҳам ана шу руҳий-ботиний сафарбарлик эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу борадаги эзгу ташаббусларнинг Бухоро вилояти мисолидаги сарҳисоби ана шундай ёруғ умидлар бахш этади, кишига.
Ҳудудлар обод – кўнгиллар обод
Бугун вилоятнинг қай бир гўшасига борманг, шаҳар ёки қишлоқ бўладими, марказдан юзлаб чақирим олис чўл бағрида жойлашган овул бўладими, қурилиш-бунёдкорлик тадбирлари устидан чиқасиз.
Бухоро шаҳрига бундан атиги тўрт-беш йил олдин ташриф буюрган меҳмон бугун бу қадим кент кўчаларида адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Аввалги икки ёхуд тўрт қаватли уй-жойлар ўрнида қад кўтарган етти ёки саккиз қаватли турар жойлар, уларга ёндош қурилган кўркам савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, кенг ва чароғон истироҳат боғлари, хиёбонлар ана шу қисқа муддат ичида шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз.
Бухоро шаҳрининг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчаларига туташ ҳудудларда самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар эгаллаган жами 83 гектар майдонда барпо этилаётган “Bukhara City” мажмуасиконцепциясига мувофиқ, лойиҳанинг жами қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 550 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Унда 24,9 гектарда 38 та ҳудуддан иборат турар-жой (биринчи ва иккинчи қаватларида тижорат объектлари) мажмуаси, 6,6 гектардан иборат 12 та ҳудудда замонавий меҳмонхоналар, 3 гектар майдонда банк ва офис бинолари, 1,7 гектардан иборат 5 та ҳудудда халқ таълими муассасалари, 5,3 гектарда спорт комплекси, тиббиёт клиникаси ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар ўрин олиши белгиланган.
Шунингдек, лойиҳага кўра, Бухорода илк бор 1,1 гектар майдонда 32 қаватли бино, 1,7 гектарда экспо-марказ ҳамда 1,4 гектарда технопарк ҳам айнан ушбу ҳудудда қурилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 26 та ҳуддудда 1 минг 810 та хонадонга мўлжалланган турар-жой (ер майдони 14,1 гектар) мажмуаси, 5,3 гектар ерда 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилаётган муҳташам савдо комплекси, 80 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва кафе бинолари учун ер майдонлари ажратилган. Қувонарлиси, “Bukhara City” таркибидан Бухоро тарихи музейи, илмий марказ, кутубхона, Ёшлар маркази сингари маънавий-маърифий масканлар ҳам ўрин олиши белгиланган.
Бухоро шаҳрида “Ёпиқ бозор” номи билан машҳур бўлган, ўтган асрнинг 60-йилларида барпо қилинган “Дилкушо” савдо мажмуаси ўрнида сўнгги икки йилда ҳажм қамровига кўра, ҳозирча мамлакатимизда ягона бўлиб турган янги савдо-кўнгилочар мажмуа қад кўтарди. Маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар саъй-ҳаракати билан барпо этилган ва босқичма-босқич иш бошлаётган мазкур мажмуада Бухоро шаҳри ва шаҳар атрофида истиқомат қилаётган 5000 нафарга яқин аҳоли вакилларининг мунтазам иш ўрни, демакки, даромад манбаи билан таъминланиши кўзда тутилган. Мажмуа таркибидан катта ва кичик кинозал, китоб дўконлари ўрин олиши кўзда тутилгани эса келгусида бу маскан вилоят марказидаги зиё тарқатувчи гўшалардан бирига айланишидан далолатдир.
Одамларни рози қилиш, уларга муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган бу каби ислоҳотлар нафақат вилоят, шаҳар ва туманлар марказларини, балки олис ҳудудларни ҳам қамраб олаётгани эътиборли. Бугун вилоятнинг ҳар бир гўшасида кичик шаҳарчалар, маҳалла марказлари қад кўтармоқда. Шаҳарсозлик ва қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш йўналишидаги ислоҳотлар асносида ҳар бир манзилга янгича нафас, янги дунёқараш кириб бормоқда. Бу жараёнда, айниқса, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухорога ташрифи давомида вилоятдаги 90 та ижтимоий ҳолати ўта оғир бўлган ҳудудларни белгилаб, улардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ ва мақсадли кўрсатмалар берилган эди. Ортда қолган йилда давлатимиз раҳбари тавсияси асосида танлаб олинган мазкур ҳудудларда ободонлаштириш тадбирлари якунланиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар тўлиқ бартараф қилинди. Жорий йилда яна ўттизга яқин ҳудудда шундай хайрли ишлар амалга оширилаётгани аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Республика вазирлик ва идораларининг Олот тумани инфратузилмасини яхшилаш бўйича ташаббуслар билан чиқиши туман аҳолиси қувончига қувонч қўшди. Айни шу ташаббуслар натижасида, жумладан, республика Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш мажмуаси томонидан туманнинг “Кўлчовдир” маҳалла фуқаролар йиғинида юз ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туманнинг “Асажам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида республика Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан 330 ўринли мактаб, туман марказида “Ўзбекнефтгаз” АЖ саъй-ҳаракати билан муҳташам Маънавият ва маданият маркази қурилиши якунига етказилиб, фойдаланишга шай ҳолга келтирилмоқда.
Шундай фикрни Шофиркон туманининг чўлга туташ “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси йиллар давомида чеккан заҳматлар ва сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам айтиш мумкин. “Обод маҳалла” тадбирлари доирасида ялпи ободонлаштириш ишлари амалга оширилган “Мингчинор” аҳолиси учун ҳудуддан “Бухоро Агро” эркин иқтисодий зонаси учун ер ажратилганлиги, бу ерда бир пайтлар Мингчинорнинг ўзига хос брендига айланган боғдорчилик, қовунчилик ва асаларичилик анъаналарини тиклашга жадал киришилгани айни муддао бўлмоқда.
Вилоят марказидан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган, асосан, қозоқ миллатига мансуб ватандошларимиз истиқомат қиладиган “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди 2019 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасидаги ишлар туфайли тамомила янгича қиёфа касб этган, таъбир жоиз бўлса, чўл ичида гулистон бунёд этилган эди. 2021 йилда бу ташаббус қозоқ ва туркман миллатига мансуб қондошларимиз яшайдиган “Қизилравот” маҳалла фуқаролар йиғинига кўчди. Жорий йилда эса яна икки олис ҳудудда – худди шундай ватандошларимиз истиқомат қиладиган “Чуруқ” ва “Оғитма” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ободлик тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Энг муҳими, мазкур тадбирлар моҳиятида фақат ҳудудларни обод қилиш мақсади тургани йўқ. Асосий мақсад, мазкур ҳудудларга маданиятни олиб кириш, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш, китоб мутолаасига муносабатини яхшилаш ва шу тариқа улар маънавий ҳаётига ўзгариш олиб киришдан иборатдир.
Маърифатли жамият сари
Вилоятдаги таълим соҳаси ҳақида гап кетганда, дастлаб Қоракўл халқаро математика мактаби ютуқларини эътироф этиш урфга киргани рост. Бироқ бугун нафақат мазкур мактабда, балки воҳадаги кўплаб умумтаълим мактабларида зарур инфратузилмани шакллантириш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бу жараёнда Бухоро шаҳрида Президент мактаби иш бошлагани, ўқитувчилар меҳнатининг муносиб қадрланаётгани, малака тоифаларини эгаллаш тизимида шаффофлик таъминланаётгани, хусусий секторга қўшимча имкониятлар берилаётгани, бир сўз билан айтганда, рақобат муҳитининг шаклланаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Мисоллар кўп. Бироқ биргина жорий йил дастлабки чорагида қўлга киритилган ютуқлар ҳам сарҳисоби ҳам анча-мунча салмоқ касб этади:
Ромитан туманидаги 24-мактабўқувчиси Жаҳонгир Рамазонов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги “International Robotics Challenge” мусобақасида ғолибликни қўлга киритди. Бу ғалаба ёш ихтирочига Туркиянинг Анқара шаҳридаги Остин техника университетида грант асосида ўқиш имкониятини туҳфа этди.
Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича 18-Халқаро Жаутиков олимпиадасида иштирок этган Қоракўл халқаро математика мактабиўқувчиси Лазизбек Ражаббоев кумуш, Олот туманидаги 10-мактаб ўқувчиси Ҳумоюн Абдурасулов ҳамда Пешкў туманидаги 18-мактаб ўқувчиси Анваржон Саъдуллоевлар бронза медаллар соҳибига айланишди.
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан математика, физика, кимё ва биология фанларидан ўтказилган онлайн олимпиадада Ғиждувон туманидаги 32-мактабўқувчиси Жасур Олимов ҳамда Қоровулбозор туманидаги 2-мактабўқувчиси Мира Раҳмоновалар ғолибликни қўлга киритишди.
Жорий йил 11-16март кунлари бўлиб ўтган 7-Кавказ халқаро математика олимпиадасида мамлакатимиз терма жамоаси таркибида иштирок этган Қоракўл халқаро математика мактабиўқувчиси Анварбек Раҳматов олтин, мазкур мактабнинг яна бир ўқувчиси Жасурбек Рўзибоев ҳамда Олот туманидаги 31-ИДУМ ўқувчиси Нурмуҳаммад Отамуродовлар кумуш медалларга сазовор бўлишди.
Қувончли хабарларга бой март ойи аввалида Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабиўқувчиси Муштарийбегим Шоназарова Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўрилган бўлса, Жондор туманидаги 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳаррам Камолова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
“Ёш китобхон” танловининг Республика босқичида 10-14 ёш тоифасида иштирок этган Бухоро шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Мухлиса Насимова фахрли биринчи ўрин, 20-30 ёш тоифасида қатнашган Бухоро шаҳридаги 24-сон кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Шамшода Ҳамдамова 2-ўрин соҳибасига айланди.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ҳамкорлигида “Замонавий мактаб”ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳоланган 751 та мактаб орасида Бухородаги юқори кўрсаткичларни қайд этган 14 та мактаб борлиги, ёшларимизнинг 2608 нафари халқаро IELTS сертификатини қўлга киритгани қувонарли, албатта.
Бугунги кунда вилоят мактабларида фаолият кўрсатаётган 60 фоиздан зиёд ўқитувчи-мураббийнинг махсус тоифага эга эканлиги, вилоятдаги 6 та олий таълим муассасаси илмий салоҳияти йилдан-йилга ошиб, уларда таҳсил олаётган талабалар ўртасида зукко ва ташаббускор ёшлар кўпайиб бораётгани соҳа истиқболи билан боғлиқ ишончимизни янада мустаҳкамлайди.
Аёл – ҳаёт гултожи
Жамиятимизда аёллар нуфузининг ошиб бораётганлиги бухоролик хотин-қизлар фаолияти ва интилишлари мисолида ҳам яққол намоён бўлаётир.
Айни пайтда вилоятда 1 нафар аёл туман ҳокими лавозимида, 1 нафар аёл вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида, 2 нафар аёл бошқарма бошлиғи, 2 нафар аёл олий таълим муассасаси проректори, 5 нафар аёл декан, 160 нафар аёл умумтаълим мактаби директори, 78 нафар аёл маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 2 нафар аёл банк раҳбари ўринбосари лавозимларида – жами 500 нафардан ортиқ хотин-қиз раҳбарлик лавозимида меҳнат қилмоқда. Яқинда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Бухоро минтақавий вакили лавозимига ҳам аёл киши тайинланди.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг 25 фоизи фалсафа доктори (PhD), 20 фоизи фан доктори (DSc) илмий даражасига эга эканлиги ҳам уларнинг бу борадаги пешқадамлигидан далолатдир.
Бугун воҳада 7 мингдан зиёд тадбиркор хотин-қизлар фаолият юритмоқда.Ўз ишини бошламоқчи бўлган ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш доимий эътиборда. Биргина 2019-2021 йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ва ўз ишини бошлаган 1857 нафархотин-қизнинг билим ва кўникмаси оширилди. Шундан 678 нафари ўз фаолиятини йўлга қўйиб, янги иш ўринларини яратди.
Тадбиркор аёллар сафида “Ташаббус”, “Йил аёли” сингари нуфузли Республика танловлари ғолиблигини қўлга киритган, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган опа-сингилларимиз кўпчиликни ташкил этади. Жорий йилда Хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра давлат мукофотларига муносиб кўрилган 7 нафар бухоролик хотин-қизлар сафида Моҳтоб Адилова, Хуршеда Рузаева, Дилором Файзиева сингари тадбиркор аёлларимиз борлиги воҳада хотин-қизлар тадбиркорлиги янада ривожланишига омил бўлиши шубҳасиз.
Воҳада оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни “Аёллар дафтари” орқали манзилли қўллаб-қувватлаш; хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш;оиланинг тарбиявийсалоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш мунтазам эътибор қаратиб келинаётгани ҳам жамиятда аёллар нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Вилоятдаги бу каби тажрибалар республика жамоатчилиги эътиборини тортиб, мамлакатда хотин-қизлар билан ишлаш борасида “Бухоро тажрибаси” жорий этилгани ҳам ислоҳотларнинг ўзига хос самарасидир. Бу борадаги тажрибалар жорий йил 26-27 май кунлари Бухорода ўтказилган камбағалликни қисқартириш форуми доирасида Бухорога ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, эксперт-мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилди. Хусусан, Бухоро вилояти мисолида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимларининг амалий натижалари таҳлил қилиниб, дунё иқтисодий инқирози шароитида мазкур тамойил аҳоли, айниқса, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишда энг мақбул йўл эканлиги алоҳида қайд этилди.
Жараёнда форум иштирокчилари вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашишди. Айниқса, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларига қамраб олинган хотин-қизлар фаолияти истиқболлари муҳокама марказига қўйилиб, жойларда бу борада бошланган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш зарурлиги эътироф этилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун Бухорода ҳам аёл ўз мавқеи ва мақомини тикламоқда. Жамиятни ҳаракатлантирувчи куч сифатида нималарга қодирлигини амалда намоён этмоқда.
Маънавиятга эътибор – келажакка эътибор
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, фаолиятни янги босқичга кўтариш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада азал-азалдан илм-маърифат, дину диёнат маскани сифатида бутун дунёда ўз ўрни ва мавқеига бўлган Бухорои шарифда амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор.
Бу жараёнда Президентимизнинг 2021 йил 26 март куни қабул қилинган “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар ва туманлардаги бўлинмаларига хизмат машиналари ажратилганлиги, тузилма салоҳиятини ошириш мақсадида қўшимча штатлар берилганлиги, республикадаги барча умумтаълим мактаблари сингари Бухородаги мактабларда ҳам ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимлари жорий этилиб, муносиб кадрлар танланганлиги ўз самарасини бермоқда.
Бу каби имконият ва имтиёзлар маънавият тарғиботчилари зиммасида турган залворли вазифалар, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва урф-одатларимизга садоқат руҳида камол топтириш жараёнида муҳим аҳамият касб этаётир.
Яна бир муҳим далил. Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тасдиқланган 2021-2023 йилларда Маънавият ва маърифат масканларини барпо этишнинг манзилли рўйхати асосида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканларини ташкил этиш мақсадида Бухорода ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилди. 2021 йилда Когон, Қоровулбозор ва Жондор туманларида шундай масканлар ўз фаолиятини бошлаган бўлса, айни кунларда Олот, Ғиждувон, Ромитан, Вобкент туманлари ва Когон шаҳрида ҳам Маънавият ва маърифат масканлари қурилиши давом этмоқда.
Аҳолининг мутолаа маданиятини ошириш, ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун давлат даражасида эътиборда эканлиги вилоят шаҳар ва туманларидаги ташаббуслар мисолида яққол намоён бўлмоқда. Бугун Когон, Вобкент, Шофиркон, Қоракўл, Бухоро туманларидаги ахборот-кутубхона марказлари аҳоли, айниқса, ёшлар билан гавжум. Вилоят ахборот-кутубхона марказида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари туфайли бу ерни ҳам китобсевар юртдошларимизнинг севимли масканига айлантириш тадориги кўрилмоқда. Нафақат шаҳар ва туманлар марказлари, балки маҳалла гузарларида ҳам ихчам кутубхоналар ташкил этилаётгани аҳолига қувонч бағишламоқда. Шофиркон туманидаги академик Иброҳим Мўминов туғилиб ўсган “Тезгузар” ҳамда Қоровулбозор туманининг чекка ҳудуди бўлган “Жарқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўз фаолиятини бошлаган маҳалла кутубхоналари бугун бошқа маҳаллаларда ҳам шундай масканларни ташкил этиш ташаббусларига қанот бағишламоқда.
Айниқса, май ойининг сўнгги ўн кунлиги бухороликлар учун ниҳоятда ҳаяжонли кечди. Мамлакатимиз пойтахтида бошланган нуфузли анжуман – “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумининг якуний тадбирлари 19-20 май кунлари бутун дунёда илм-маърифат маскани сифатида эъзозлаб келинаётган Бухорои шарифда ўтказилиб, форумнинг якуний ҳужжати сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Ўзбекистонни зиёрат туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги “Бухоро декларацияси” қадим шаҳарнинг нафақат ўтмишда, балки бугунги кунда ҳам юксак маънавият, дину диёнат, илм-маърифат марказларидан бири сифатидаги мавқеини сақлаб келаётганлиги эътирофи бўлди.
21-25 май кунлари Бухорода яна бир нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтди. Кўҳна кентда илк маротаба ўтказилган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ҳамда унинг доирасида ташкил этилган Каштадўзлик санъати фестивали 60 га яқин давлатдан ташриф буюрган юзлаб олимлар, мутахассислар, уста-ҳунармандларни ўз бағрига чорлади. Фестиваль доирасида ташкил этилган илмий-амалий конференция, зардўзлик, заргарлик ва каштадўзлик санъати намуналари кўргазмаси, маҳорат дарслари, маданият ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастурлари Бухоронинг дўстлик ва маданиятлар алмашинуви маскани сифатидаги қиёфаси яна бир маротаба дунё миқёсида эътироф этилишига замин яратди. Айниқса, фестиваль якунида Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши қарорига кўра Бухоро шаҳрига “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилганлиги воҳада камол топган асрий қадриятларга, маънавият ва маърифатга берилган юксак баҳо бўлди. Нуфузли анжуман доирасида ёш ижрочиларнинг “Шашмақом” республика фестивали ўтказилгани эса қадим кентда асрий қадрият ўлароқ эъзозлаб келинаётган мазкур санъатга эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида воҳа аҳлига катта ғурур бағишлади.
3-4 июнь кунлари Бухорода Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми ўтказилди. Мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар ёшлари иштирокида кечган форум якунида Бухоро шаҳрига “Биринчи туркий дунё ёшлари ташаббуслари пойтахти” мақоми берилиб, вилоят Ёшлар маркази ҳудудида “Биринчи туркий дунё ёшлари ташаббуслари пойтахти”монументи очилди ва “Туркий дунё ёшлари боғи”га дўстлик ва ҳамкорлик рамзи бўлган ниҳоллар ўтқазилди. Воҳа ёшларига чексиз ғурур бағишлаган мазкур форум уларнинг янги ташаббуслари, илм-фан, маданият, санъат ва спортдаги янги ютуқларига пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Хуллас, бугун бунёдкорлик ташаббуслари воҳанинг ҳар бир гўшасига кириб бораётгани эътиборли. Шу билан бирга, одамлар онги ўзгараётгани, юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч туйғулари мустаҳкамланаётгани қувонарли. Зеро, азал-азалдан илм-маърифат ва юксак маданият бешиги бўлган, дунёга буюк ташаббусларни ҳадя этган жонажон юртимиз бугун яна ўша улуғлик чўққиси сари дадил одимламоқда. Янги Ўзбeкистoнни бунёд этиш ғояси одамлар қалбидан мустаҳкам ўрин олаётир, юртдошларимиз ўзини ана шу умидбахш ғоя рўёби учун масъул ҳис этаётир. Демак, хулоса қатъий: бобомерос анъаналаримиз давом этаверади, улар ёққан маънавият чироғи ҳеч қачон ўчмайди!
Марҳабо ПАРДАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Бухоро вилояти бўлими раҳбар









