Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилганлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Пойтахтнинг Хотира майдонидаги Мотамсаро она – Ватан рамзи. “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!” – деган сўзларини она гўё Ватан бўлиб, халқ бўлиб айтаётгандек...
Ўтганларни хотирлаш ва ёзилмаган маълумотларни тарихга муҳрлаш мақсадида Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ "Мангу хотира" лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра лойиҳа иштирокчилари ўзларида сақланиб қолган тарихий фотоплёнкалар, медаллар, маркалар, газета ва журналлар, ўша йилларда чоп этилган китоб нашрларини ҳам суратга олиб мазкур қисқача маълумот билан юборишлари мумкин. "Bilim" AKM жамоаси ушбу суратларни жамлаб, алоҳида "Bilim" музейи учун тайёрлаб, тарихга муҳрлаб қўяди. Албатта, бу маълумотлар ёшларнинг Ватанга бўлган муҳаббатини, садоқатини янада мустаҳкамлайди.
Лойиҳада нафақат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар, шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасига бағишланган манбалар ҳам қабул қилинди.
“БИЛИМ АКЦИЯ/УЙДА ҚОЛИНГ!” шиори остида ташкил этилган телеграм каналида юртдошларимизга ҳавола этилган қизиқарли ва хаяжонли воқеалар, хотиралар кенг китобхон оммасини бефарқ қолдирмайди.









