Мақсад тўғри қўйилса, албатта, натижа бўлади

    2021 йил 13 август. Президент Шавкат Мирзиёев Токиодаги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувда шундай деган эди: “Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпиадада медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор!”.

    2024 йил 11 август. Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг сўнгги куни. “Ўзбекистон спортчилари медаллар жамғариш бўйича Топ-15 таликка кирди”, деган хабарлар бутун оламни тутди.

    Бу мамлакатимизнинг Олимпия ўйинларидаги тарихий натижасидир. Спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ўз рекордини янгилади. Мусобақада эришилган натижанинг тарихийлиги шундаки, мамлакатимиз спортчилари

    “Париж — 2024” Олимпиадасида дунё бўйича 13-, Осиёда 4-, МДҲ, Марказий Осиё, туркий, мусулмон давлатлар орасида 1-ўринни қўлга киритди.

    Эришилган натижалар ва олдинда турган режалар ҳақида Ўзбекистон Миллий ­Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек ҚОСИМОВ билан ­суҳбатлашдик.

    — Парижда қўлга киритилган тарихий натижа барчамизга фахр ва ифтихор бағишламоқда. Биз бунга ўзимиз кўрган томондан баҳо беряпмиз, яъни дунё бўйича 13-ўрин, мамлакатимиз тарихидаги энг яхши натижа. Энди биз билмаган рекордлар ҳақида ўртоқлашсангиз.

    — Ҳақиқатан, бу йилги ёзги Олимпиада олдингиларидан кескин фарқ қилади. Сабаби, бунгача бўлган энг яхши кўрсаткич билан, яъни спортнинг 19 йўналиши бўйича 75 та лицензияни қўлга киритиб, 90 спортчимиз иштирок этгани қувонарли. Яна бир жиҳати, бу Олимпиада тарихида илк маротаба футбол, камондан ўқ отиш, сувга сакраш ва аёллар кураши бўйича спортчиларимиз қатнашди.

    Бу йилги иштирок орқали дунёга Ўзбекистонда гендер тенгликнинг амалдаги кучини ҳам кўрсатдик, дея оламиз. Мисол учун, биринчи маротаба дзюдо бўйича 13 лицензия қўлга киритилган бўлса, бу йўналишда 5 аёл спортчи қатнашди. Бокс бўйича турли вазн тоифаларида 4 спортчи қиз иштирок этиши ҳам шундан далолат. Умумий қилиб айтганда, 90 спортчидан 32 нафари аёл эди.

    Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан илгари сурилаётган гендер тенглик талабларига мос. Асосийси, мамлакатимизда аёллар спортига эътиборнинг ўзига хос натижаси. Ана шу алоҳида эътибор ортидан улар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Буни Диёра Келдиёрова, Светлана Осипова қўлга киритган медаллар ва бошқа аёл спортчилар эришган натижалар яққол тасдиқлайди. Бунга қадар фақат 2008 йил Пекинда ўтказилган ёзги Олимпиадада Екатерина Хилько медаль қўлга киритган эди.

    Яна уч спортчимиз икки карра Олимпиада чемпиони бўлгани ҳам қувонарли. Бундан ташқари, кўплаб спортчиларимиз ўз ­кўрсаткичларини янгилади. Бу эса кейинги Олимпиадаларда медалларни қўлга киритиш учун умид беради.

    — Нима деб ўйлайсиз, биз бундан ҳам яхши натижани қўлга кирита ­олармидик?

    — Спортчиларимизнинг умумий ютуқларидан келиб чиқсак, режамизни тўқсон фоизга амалга оширдик. Олимпиадада чемпион бўлишга ҳар бир спортчи интилади ва шунга яраша тайёргарлик кўради. Бу ергача етиб келишнинг ўзи ҳам аслида, ғалаба. Ҳеч бир спортчи майдонга мағлуб бўламан, ютқазаман деб тушмайди. Баъзан омад, баъзан эса тажриба етишмайди.

    Албатта, биз медаль олишини умид қилган ва буни уддалашга яқин келган спортчилар бор эди. Таэквандо бўйича Озода Собиржонова ва яна бошқа қатор спортчилар, айниқса, медалга яқин келди.

    Давлатимиз раҳбари Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувда “Мақсад аниқ қўйилса, натижа, албатта, бўлади”, деганди. Бугун бу натижани қайсидир маънода қўлга киритдик. Сиз Парижгача бўлган тайёргарлик жараёнида бошидан охиригача бевосита иштирок этдингиз. Айтинг-чи, мусобақага тайёргарлик жараёнида қандайдир қийинчиликлар бўлдими?

    — Авваламбор, бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш керак. Ҳамма ерда ҳам спортга давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилмайди. Бизнинг катта ютуғимиз шуки, Президентимиз бевосита спортга қизиқиб, уни тушуниб, ҳар бир майда деталларигача эътибор беради. Йилда бир неча маротаба барча соҳа вакиллари билан учрашиб, муаммоларини ўрганади. Айниқса, кейинги йилларда спортни ривожлантириш борасида бир қанча фармон ва қарорлар имзоланди. Ҳар бир спорт турини алоҳида ривожлантириш учун махсус дастур тасдиқланди. Ҳеч бир давлатда бунақа тажриба кузатилмаган.

    Токиодан сўнг Париж Олимпиадасига тай­ёрланиш учун махсус дастур ишлаб чиқилди ва Президент қарори билан тасдиқланди. Бу дастурда соҳа учун керак бўлган барча масалалар ўртага ташланган ва ҳал қилиб берилган. Республика комиссияси шакллантирилиб, у кундалик равишда кўтарилган масалаларни ҳам ҳал қилиб борди. Бизнинг ютуғимиз, аввало, шунда деб ўйлайман. Чунки биз бугунги кунда ривожланган давлатлар спортчилари билан бир қаторда тайёргарлик кўришга эришдик. Спортчилар учун мунтазам ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилдик. Спортчиларимиз халқаро стандартларга жавоб берадиган спорт жиҳозлари билан ўз вақтида таъминланди. Яратилган шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб муносиб тайёрланишга эришди.

    Биз спорт тиббиётига алоҳида эътибор бердик. Тайёрланиш босқичида спорт — диетологияси, психологияси ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар спортчилар билан алоҳида ишлади. Спортчиларни тайёрлайдиган мураббийларга ҳар ойда тўлаб бориладиган стипендиялар жорий қилинган. Яъни спортчилар фақат спорт билан шуғулланиб, ижтимоий масалаларга ортиқча вақт сарфламаслиги учун уларга барча шароитлар яратилди. Ўз навбатида, спортчиларимиз халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, керак бўлган лицензион рейтинг балларини жамлаб борди. Буларнинг барчаси Олимпиадага тай­ёрланиш жараёнида режа асосида амалга оширилган ишлар. Бунинг мантиқий якуни эса Олимпиадада иштирок этиш учун лицензияларни қўлга киритиш бўлди.

    Бир пайтлар Олимпиадада ғолиб чиқиш мисоли эришиб бўлмас чўққи эди. Президентимиз томонидан “Париж — 2024” мусобақаларида кучли 15 таликка кириш вазифаси қўйилганда ҳам кўпчиликда шубҳа бўлганди.

    Бу биз учун катта вазифа эди. Уни бажаришни эса барчамиз бурч сифатида қабул қилдик ва ушбу вазифа уддаланди.

    Олдинги Олимпиадаларда бошқалар қатори қўшни давлатлар спортчилари билан ўзаро рақобатга ўхшаган муҳит шаклланган. Парижда бунинг акси ўлароқ жипсликни намоён этишди. Бу жиҳат Президентимизнинг минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг спортдаги акси бўлди, деб ўйлаймиз. Сиз бу жараёнга бевосита гувоҳ бўлдингиз. Тўғрими?

    — Ҳақиқатан, Токио ёки Риода ўтган Олимпиадаларда қўшни давлатлар билан ўзаро рақобатга ўхшаган тушуниб бўлмас вазиятларга гувоҳ бўлгандик. Спортчилар медаль олса, қўшни давлат вакиллари ғайирлик билан қараган ҳоллар бўлгани рост. Сўнгги пайтларда бу каби қарашлар умуман, бошқа томонга ўзгарди. Париждаги Олимпиадада бизнинг спортчилар финалга чиққан ҳолатларда қўшни давлатлар спорт вазирлари ва бошқа давлат арбоблари ҳам биз билан елкама-елка туриб, спортчиларимизни қўллаб-қувватлади. Биз ҳам уларнинг спортчиларини қўлладик. Аҳамият берган бўлсангиз, финал босқичларида Марказий Осиё давлатлари байроқлари ёнма-ён туриб, минтақа бутунлиги, бирлиги, жипслашганини кўрсатди.

    Бунинг замирида Президентимиз томонидан 2016 йилдан бошлаб илгари сурилган устувор вазифалардан бири — қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш тамойили мужассам. Бу ерда жуда катта ғоя ётибди, давлатимиз раҳбари бошлаган ташаббус спорт соҳасида ҳам аксини топди. Буни бизнинг мураббийимиз қирғизистонлик боксчининг финалгача бўлган жангларида ҳамроҳлик қилганида ҳам кўрсак бўлади.

    Қўшни давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши, адашмасам, бутун дунёда камдан-кам кузатиладиган ҳодиса. Жараёнга бутун дунё ҳавас қилди. Умуман олганда, Марказий Осиёда яхлит руҳ пайдо бўлди, шундай эмасми?

    Албатта, ҳеч бир минтақадаги қўшнилар орасида бу каби ҳолат кузатилмади. Ўзбекистон мураббийси ўша вазнда ўз спортчиси бўла туриб, қирғизистонлик боксчини финалгача тайёрлаб боргани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу минтақада спортни жипслик билан ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

    Олимпия ўйинлари якунланганидан кейин бир оз кўнгилга оғир ботадиган ҳолатлар бўлди, назаримда. Масалан, Баҳодир Жалоловнинг профессионал боксчи бўла туриб, ҳаваскор боксда қатнашганини баъзи ОАВлар танқид қилди.

    Шахсан бу фикрларга қўшилмайман. Сабаби, Баҳодир бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У олдинги Олимпиадада ҳам ҳаваскор боксчи сифатида иштирок этиб келган. ­Аввалги қоидалар бўйича профессионал боксда иштирок этган спортчи ҳаваскор боксда қатнашиши мумкин эмасди. Ҳозир бундай эмас. Тегишли ўзгаришлар бўлди.

    Шу ўринда бир гап: профессионал боксда иштирок этиб, яна ҳаваскор боксга қайтиш осон эмас. Чунки ҳаваскор барча имкониятини учта раундга тенг тақсимлаши керак бўлса, профессионал боксчи 12 раунд давомида жанг қилади. Ҳаваскор боксдан профессионалга бирданига ўтиб кетиш осон эмас. Баҳодирда маҳорат бор экан, бу йўналишда ҳам ажойиб натижага эришди.

    Шу маънода, унинг бу йилги иштироки кутилган эди. Баҳодирни ўзбек халқи жуда яхши кўради. Барчамиз учун унинг Олимпиадада қўлга киритган олтин медали жуда қадрли.

    Бу Баҳодирнинг Олимпиададаги сўнгги иштироки бўлди. Унинг ўрнини босадиган, натижаларини такрорлашга қодир спортчилар тайёрланяптими?

    Бир неча кун аввал бокс федерациясида шу ҳақда гаплашдик. Албатта, яна бир Баҳодир Жалолов бир кунда етишиб чиқмайди. Лекин захирада ёш, умидли, унинг ўрнини босадиган муносиб спортчиларимиз бор.

    Зеро, ютуқларимиз бир маротабалик ёки тасодифий эмас. Ҳаммаси тизимли. Сўнгги пайтларда Осиё мусобақалари, халқаро турнирлар, Олимпия ўйинларида ҳам боксчиларимиз кўрсатаётган натижалар бизда бокс тизимли ривожланаётганини яққол кўрсатиб турибди.

    Баъзи манбаларда бокс кейинги Олимпиада дастуридан олиб ташланиши ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқаляпти.

    Ҳали бокс Олимпия ўйинларидан чиқиб кетади, деган аниқ хабар йўқ. Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан янги ташкилот тан олинса ва унга ишонч билдирилса, албатта, бокс давом этади. Зеро, бокс Олимпиаданинг ўзига хос асосий спорт турларидан биридир. Чунки баъзи спорт турлари икки ёки уч кунда тугаса, бокс нуфузли мусобақанинг бошидан охирига қадар давом этади.

    Агар дастурдан чиқарилган тақдирда ҳам бокснинг ўрнини босадиган бошқа спорт турлари бўйича спортчиларимиз етишиб келяптими?

    Албатта, биз Париж Олимпиадасидан сўнг нафақат ютуқларимиз, балки хато ва камчиликларимизни ҳам таҳлил қиламиз. Бу борада вазирлик билан ишлаяпмиз. Натижаларга қараб, кейинги Олимпиадага тайёргарлик кўриладиган спорт турлари географиясини ҳам кенгайтирамиз.

    Бу ўринда жамоавий спорт турлари, сузиш, енгил атлетикага алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки бу спорт турларида йўналишлар кўп бўлиши сабабли медаль қўлга киритиш имкони катта. Шу боис, бокс Олимпиада дастуридан чиқарилса ҳам унинг ўрнини босадиган турларни кенгайтирамиз.

    Париж Олимпиадасида биринчи бор жамоавий спорт тури — футбол бўйича қатнашдик. Кейингиларида жамоавий спорт турлари билан иштирок этишга қандай тайёргарлик кўриляпти?

    Жамоавий спорт турларида натижа кўрсатиш асосий вазифаларимиздан бири. Қолаверса, бу давлатимиз раҳбари томонидан ҳам алоҳида таъкидлаб келинади.

    Ҳақиқатан, Олимпиадада жамоавий спорт тури билан иштирок этиш шарафли. Бизда бунинг учун ҳамма имконият етарли. Биз Олимпиадага тайёргарлик кўриш даврида андоза сифатида миллионлар ўйини — футбол билан ишлашни бошладик. Бу борада хориж тажрибасини ўргандик. Спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва соҳа мутахассислари билан фикрлашиб, “Олимпик” жамоасини ташкил этдик. Жамоа йил давомида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб, улкан тажриба оширди.

    Бунда бир жамоа сифатида ягона тактика асосида тайёргарлик кўриш асосий мезон бўлди ва ўз натижасини берди. Футболчиларимиз ёш бўлишига қарамай, 2022 йил Тошкентда бўлиб ўтган U-23 Осиё кубогида ва жорий йил тенгқурлари орасида Доҳа мезбонлик қилган айни шу ёшдаги мусобақанинг финалига қадар етиб боришди ва кумуш медалларига эга чиқишди. Ханчжоу — 2022 ёзги Осиё ўйинларида эса бронза медали қўлга киритилди. Олимпиадада кучли 16 таликка кириш, футболи ривожланган давлатлар қаторида иштирок этиш, биринчи ўйинда амалдаги чемпион жамоа билан тенгма-тенг ўйнаш кейинги мусобақаларда натижага эришишимизга умид уйғотди.

    Албатта, бизда гандбол, волейбол ҳам ривожланяпти. Уларда ўсиб келаётган умидли ёшлар жуда кўп. Энди футболдаги андозани бошқа жамоавий спорт турларига ҳам татбиқ этиб, кейинги Олимпия ўйинларида натижага эришишимиз мумкин.

    2025 йилда Тошкентда илк бор катта спорт мусобақаси — ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Бунга жамоавий спорт турлари бўйича ҳам тайёргарлик кўриляпти. Келажакда уларни Олимпиада спортчилари сафида кўришимиз мумкин деб умид қиламиз.

    Паралимпия баъзан эътибордан четроқда қолгандай бўлади. Бироқ бу ҳам ўзига хос мусобақа. Спорт ихлосмандларига завқ, шукуҳ беради. Паралимпиячи спортчиларимизнинг тайёргарлиги ҳақида айтиб ўтсангиз.

    Ўзбекистонда паралимпиячиларга ҳам Олимпиадачиларимиз каби бир хил имконият яратилган. Қўлга киритган лицензиялари учун тўланадиган маблағлар, бериладиган мукофотлари ҳам бир хил. Бу жуда муҳим омил. Кези келса, паралимпиячилардаги матонат, куч, улардаги иштиёқ, ғайрат олимпиячиларда топилмайди.

    Имконияти чекланган шахслар спорт орқали натижалар кўрсатиб, давлатимиз байроғини баланд кўтариши мумкин. Совға-саломлар билан оила аъзоларини хурсанд қилиши жуда қувонарли. Спортга киргунча муддатда улар ўзларини ноқулай ҳис қилган бўлса, автомобиль, уй-жой билан ота-онасини хурсанд қилганида қанчалар севинганини ўз кўзим билан кўрганман. Насиб қилса, бу гал ҳам яхши натижаларни кўрсатишади.

    Бир-икки кун аввал интернет нашрларидан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш ишлари билан танишганингиздан хабардор бўлдик. Шу ҳақда ҳам айтиб ўтсангиз.

    Биласизми, ҳар гал шу ерга борганимда менда ғурур ҳисси уйғонади. Чунки биз кўп мусобақаларда, ҳатто Парижда ҳам бу каби ягона комплексни кўрмадик. Бунақа Олимпия шаҳарчаси саноқли давлатларда бўлса керак.

    Сув спорт турлари, енгил атлетика, вело­­спорт турларини ривожлантиришга керак бўладиган инвентарлар билан халқаро андозаларга мос келадиган яхлит бир мажмуа қурилиши жуда катта ютуқ, албатта. Қайси бир чет эллик келиб ўрганмасин, ўз таассуротини бўлишяпти.

    Қувонарлиси, бу фақат ўйинлар учун қурилмаяпти. Мажмуадан келажакда спортчиларни тайёрлашда ягона кластер сифатида фойдаланилади. Амалиёт ва назария бирлашади. Ташкил этиладиган Олимпия академияси, барча спорт турлари бўйича федерациялар, олий маҳорат мактаблари жам бўлади. Барча назарий билимларни олган спортчиларимиз — миллий терма жамоа ­аъзолари машғулотларни бирга ўтказиб, йирик мусобақаларга тайёргарлик кўради.

    Ўйлаймизки, бу шаҳарча фойдаланишга топширилганидан кейин Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта ва тўғри тайёргарлик кўриш учун ажойиб платформа бўлади.

    Абу Бакир ЎРОЗОВ

    суҳбатлашди.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates