Марказий Осиё бирлиги, сиёсий ирода, ўзаро ишонч ва қўшма ташаббуслар

    барқарор тараққиёт учун қулай шароит яратмоқда

    Йирик иқтисодиётга эга давлатлар ўртасида бошланган савдо урушлари ўзаро низолашув ва қуролли тўқнашувлар туфайли ўзи шундоқ ҳам қалтис бўлиб турган вазиятни баттар мураккаблаштирмоқда. Бу нафақат ривожланган, балки барқарор тараққиёт йўлига ўтаётган мамлакатлар учун ҳам ғоят хатарли.

    Дунёнинг ҳозирги умумий иқтисодий ҳолати узун қоронғи йўлакка ўхшайди. Нари борса, 2-3 қадамлик масофани кўриш мумкин, ундан нариёғида нима бор-йўқлиги, нима кутаётгани мавҳум. Бу шундай ҳолатки, йўлнинг ёруғ бўлишини, мавҳумлик тарқалишини кутадиган пайт эмас. Дунё мувозанати қайта қурилаётган ҳозирги шароитда янги ва истиқболли йўлларни, бу йўлда ишончли ҳамкор ва ҳамроҳларни излаб топадиган, барқарор тараққиёт учун замин яратадиган фурсат.

    Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бошланган шиддатли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, фаол ташқи сиёсат айни қоронғи йўлни ёритувчи маёқ бўлаётгани билан аҳамиятли.

    Масалан, жорий йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммитида эришилган келишувлар, аҳдномалар, битимлар ҳанузгача эксперт ва мутахассислар орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мазкур саммит Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун халқаро сиёсий майдонда муҳим бурилиш нуқтаси ўлароқ, кўп томонлама муносабатларда янги саҳифа очди.

    Зеро, глобал иқтисодий-сиёсий мураккаб вазиятда Марказий Осиёга қизиқиш ортиб бор­япти. Мана шундай шароитда Европа Иттифоқи барқарор ривожланиш, манфаатдорлик, ўзаро боғлиқлик ва сармоявий жозибадорлик тамойиллари асосида минтақа билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини намойиш этди. Ўзбекистон учун мазкур машварат Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, сармоя ва ­технологияларни жалб қилиш, жаҳон миқёсида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун ноёб имконият бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

    Европа Иттифоқи — Марказий Осиёнинг асосий учта ташқи савдо ҳамкоридан бири. Бундан ташқари, минтақа мамлакатларига йўналтирилган барча сармоянинг 40 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Энди Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-сотиқ тезлашадиган бўлди. Аввалгидек маҳсулотларни ташиш учун бир неча ой сарфлашнинг зарурати йўқ. Боз устига, Европа Иттифоқи минтақамизга сармоясини камайтирмайди, аксинча, кўпайтириш ниятида.

    Самарқандда бўлиб ўтган муҳокамаларда коммуникациялар, муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик, атроф-муҳит муаммолари, сув ресурслари, иқлим ўзгариши ва албатта, яқин атрофимиздаги хавфсизлик бўйича ҳамкорлик ҳақида сўз борди. Айни мавзулар бугун ҳар икки томонни ўйлантираётган, ҳамкорликка чорлаётган долзарб масалалардир.

    Бу қизиқишнинг асосий сабабларидан яна бири дунёда давом этаётган геосиёсий беқарорликдир. Халқаро майдондаги қарама-қаршилик Марказий Осиё минтақасига қизиқишни оширмоқда.

    Марказий Осиё давлатлари учун ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишда кўп қиррали ташқи сиёсат юритиш мақсадга мувофиқ. Минтақамиз тобора интеграциялашаётган экан, “Марказий Осиё+” форматидаги мулоқотларнинг ўрни катта деб ўйлайман.

    Бу мулоқот формати давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва минтақа етакчиларининг сиёсий иродаси билан фаол ишга тушди. Кейинги йилларда у чинакам интеграцион платформага эга бўла бошлади. Бугун эса ҳар йили халқаро майдоннинг етакчи томонлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу барча геосиёсий келишмовчиликларга нисбатан Марказий Осиё давлатларининг позицияси ўхшашлиги билан боғлиқ: минтақадаги барча давлат кескинликни камайтириш ва мамлакатлар ўртасидаги низоларни дипломатик тарзда ҳал этиш тарафдори. Бунинг асосли сабаби бор: қитъанинг ичида жойлашган, денгизга чиқиш имконияти йўқ, лекин айни пайтда икки геосиёсий гигант билан чегарадош, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан жуда яқин савдо-иқтисодий ва сиёсий алоқаларга эга бўлган Марказий Осиё қарама-қаршилик майдонига айланишдан, шубҳасиз, манфаатдор эмас.

    Шу боис, кўп векторли нафақат давлат, балки минтақавий сиёсатнинг ушбу нозик мувозанатини сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни амалга ошириш умумий манфаатларга тўғри келади. Бундай мунтазам тадбирлар, “куч марказлари” билан учрашувлар, юқори даражадаги мулоқотлар мутлақо табиий зарурат. Биз учун доимо барча тарафни Марказий Осиё минтақасининг саъй-ҳаракатлари, манфаатлари ҳақида хабардор қилиш, томонларни тинчликка чақириш, умумий позициямизни билдириш ниҳоятда муҳим, чунки жамоавий овоз кучлироқ янграйди.

    Агар Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири бир хил сўровлар билан алоҳида икки томонлама форматда учрашув ўтказса, жамоавий тадбирдан кўра камроқ самарага эга бўларди. Бизнинг бу борадаги интилишларимизни ЕИ қўллаб-қувватлаяпти. Жаҳондаги қарама-қаршиликлар шароитида ЕИ янги бозорлар қидирмоқда. Бу бозор, шубҳасиз, катта хомашё ресурслари, нодир металларга бой, салоҳиятли ишчи кучига эга Марказий Осиёдир.

    Шу маънода, иқтисодий ҳамкорликнинг иккита асосий йўналишини ажратиб кўрсатиш ўринли. Булар: энергетика ва қайта тикланадиган энергия манбалари. Чунки Марказий Осиё шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантиришга хизмат қиладиган кенг майдонлар туфайли қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича катта имкониятга эга. Ҳудуддаги муҳим хомашё, унинг ўзлаштирилиши алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Нодир ер материалларига келганда, ҳозир ЕИ мамлакатлари Хитойга бирмунча қарам. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё билан ҳамкорлик хомашё етказиб беришни ­диверсификация қилишга ёрдам бериши мумкин. Шу жиҳатдан ҳам Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланишига умид қилиняпти.

    “Буюк давлатлар” ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган, глобал таъминот занжирлари қайта тузилаётган ва Европа Иттифоқи иқтисодий барқарорликни стратегик мақсад қилиб қўйган бир пайтда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муҳим хомашё бўйича шериклик Евроосиёдаги геосиёсий иқтисодий сиёсатнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.

    Шу билан бирга, ЕИ улкан глобал экологик офат — Орол денгизи инқирозини енгиллаштиришда Ўзбекистон ва минтақамизга холис, беғараз ёрдам кўрсатаётгани эътиборга молик. ЕИ зарар кўрган ҳудудлардаги ерни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича қатор лойиҳаларни биргаликда амалга ошириб келмоқда. Самарқанд халқаро иқлим форумида минтақанинг “Яшил” тараққиёт концепцияси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бу Марказий Осиё давлатларининг иқлим ўзгариши соҳасида ягона минтақавий ёндашувини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилди. Унда етакчи халқаро ташкилотларнинг минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ёндашувлари тақдим этилди.

    Сув ресурсларини тежаш соҳасида Европа Иттифоқи катта тажрибага эга. Бу борада Европа Иттифоқи билан ирригация инфратузилмасини модернизация қилишдан тортиб, музликларни биргаликда кузатиш ва илғор сув тежовчи технологияларни жорий этишгача бўлган йўналишларда ҳамкорлик учун катта имконият мавжуд.

    Устувор йўналишлардан яна бири экотизимлар ва биохилма-хилликни тиклашдир. Таназзулга учраган ерлар, жумладан, Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли дастур — “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” лойиҳасини амалга оширишда Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қўл келади.

    Умуман олганда, Самарқандда ўтган тарихий тадбирлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги жадал ҳамкорликка янги суръат бағишлайди. Минтақамиз жаҳон сиёсатининг муҳим геосиёсий субъектига айланаётгани туфайли Европа дунёнинг бу қисмида ўз иштирокини кучайтириши керак қабилидаги чақириқлар кўҳна қитъада тобора баланд янграмоқда. Қолаверса, 27 аъзони ўзида ­бирлаштирган, 450 миллиондан зиёд фуқарога эга Европа Иттифоқи каби халқаро сиёсий ва иқтисодий кучлар билан мулоқотда тенг ҳуқуқли шерик сифатида иштирок этиш Ўзбекистоннинг дипломатик салоҳиятини мустаҳкамлайди. Шу сабабли “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро муносабатлар тизимида муҳим воқеа сифатида баҳоланди. У нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, балки минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва сиёсий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар эшигини очади.

    ЕИ минтақага иқтисодиётнинг асосий тармоқларидаги хусусий инвесторлар ҳамда иқтисодий ривожланиш ва ҳудудларимиз ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилашга ҳисса қўшадиган ташаббуслар орқали кириб келмоқда. Чунки очиғини айтганда, шунчаки маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас, маҳсулотни ташқи бозорларга етказиб бериш муҳим. Шу боис, ўзаро товар айирбошлашни ривожлантириш учун ҳудудларимиз ўртасида товар айирбошлаш узлуксизлигини таъминлайдиган савдо йўллари очиқ бўлиши, фаолият юритиши ва такомиллаштирилиши жуда муҳим.

    Бугун ЕИ юксак технологиялар, рақамлаштириш, сунъий интеллект соҳасида жадал ривожланган давлатлар ҳамжамиятидир. Бу борада кўҳна қитъанинг ­тажрибасидан фойдаланиш, минтақамизда татбиқ этиш фойдадан холи эмас. ЕИ доирасидаги рақамли хизматлар (DSA) ва сунъий интеллект тўғрисидаги қонунларни (AI Act) катта муваффақият сифатида таъкидлаш мумкин. Чунки булар орқали Европа Иттифоқи онлайн хавфсизлик учун замонавий ҳуқуқий асос ва сунъий интеллектни бошқаришнинг глобал стандартларини тақдим этди.

    ЕИ минтақамизга бу борада кўмак беряпти. Олайлик, Марказий Осиёнинг рақамли трансформацияси учун 55 миллион евро ажратилган. Молиялаштириш телекоммуникация соҳасидаги ислоҳотлар, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга йўналтирилади. Сунъий йўлдош алоқаси соҳасида ҳам Европа хусусий сектори билан ҳамкорлик давом этмоқда.

    Сув ресурслари ва энергияни барқарор бошқариш учун ЕИ 200 миллион евро сармоя киритди. Муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик учун 16 миллион евро, шунингдек, қайта тикланадиган энергия лойиҳалари учун 30 миллион евро сармоя кафолати ажратилди. 2021-2027 йилларда талабаларнинг ҳаракатчанлиги ва академик алмашинувини қўллаб-қувватлаш учун 73 миллион евро йўналтирилмоқда.

    Эътиборли томони, Марказий Осиё тоза технологиялар учун энг зарур хомашё ресурсларига, улкан салоҳиятга эга. Бироқ Европа Иттифоқи фақат хомашёни олиб кетиш эмас, балки тўлиқ қиймат занжири яратиш, яъни қазиб олишдан қайта ишлаш ва қайта тиклашгача бўлган жараённи шакллантиришни мақсад қилмоқда. Бу эса янги иш ўринлари очиш, юқори экологик ва ижтимоий стандартни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

    Дарҳақиқат, Европа билан кўп асрлик тарихий алоқаларимиз бор. Буюк ипак йўли асрлар давомида Европани Марказий Осиё билан боғлаган. Нафақат савдо, балки ғоя, маданият ва инновация алмашинуви ҳам бўлган. Энди ушбу бой меросга таянган ҳолда қадимий анъаналарни замонавий ва узоқ муддатли ҳамкорликка айлантириш даври келди. Зеро, бугунги беқарор дунёда Европа ҳар доимгидек очиқлик ва ҳамкорлик тарафдори бўлиб қоляпти.

    Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё муҳим ҳамкор. Шу ўринда тарихга мурожаат қилсак: олий даражадаги “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” форматини йўлга қўйиш ташаббуси 2022 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг Остонадаги учрашуви чоғида илгари сурилган. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий доктринасига мос. Унда Марказий Осиёни бирлаштириш, шунингдек, самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали минтақани барқарор тараққий эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар устувор.

    Самарқанд саммитида умумий йўналиш ва устуворликлар белгиланди. Бу савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, тоза энергия, ўта муҳим хомашё ресурслари, транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси — “Global Gateway” муҳокама марказида бўлди. Чунки ҳамкорликдан иккала минтақа ҳам манфаатдор. У 2027 йилгача бутун дунё бўйлаб 300 миллиард евролик давлат ва хусусий инвестицияларни жалб этиш, барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологиялар, энергетика, транспорт, ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, илмий тадқиқот тизимларини ривожлантиришга қаратилган.

    “Global Gateway”да Европа Иттифоқи билан иштирок этиш нафақат инвестицияларни жалб қилиш имконияти, балки Транскаспий халқаро транспорт йўналиши каби лойиҳалар доирасида транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш воситаси ҳамдир. Европаликлар назарида минтақамизда юқори малакали ва билимли ишчи кучи, ердан қазиб олинадиган ва етиштириладиган хомашё бор. Саноат товарлари ва тўқимачилик, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам шулар жумласидан. Европа бозорларига чиқиши мумкин ва керак бўлган маҳсулотлар мавжуд.

    Шу боис, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг келажаги жуда порлоқ. Марказий Осиё ўзини яхлит минтақа сифатида намоён этса, бу янада самарали бўлади. Яъни Марказий Осиёнинг ички интеграциялашуви улкан имкониятларни намоён этади. Европа Иттифоқи 70 йилдан кўпроқ вақт олдин кўмир ва пўлат иттифоқи сифатида бошланган ҳолда ҳозир дунёдаги энг қудратли иқтисодий ва сиёсий блоклардан бирига айланмоқда. Марказий Осиё ҳам келажакда шундай кучга айланиши мумкин.

    Таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик истиқболли. Охирги 10 йилда “Erasmus+” дастури доирасида 10 минг талаба ва мутахассис Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алмашинувда қатнашди. Бугун Ўзбекистон таълим ва кадрлар алмашинуви соҳасида Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозир Тошкент шаҳрида Италиянинг Турин политехника университети, Германиянинг Гёте институти филиаллари фаолият юритмоқда. Қолаверса, Президентимизнинг шу йил мартда Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистон — Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳамда француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома имзоланган эди. Шу боис, таълим, фан ва ёшлар сиёсатини ривожлантиришда ҳам саммит доирасида самарали платформалар яратиш кўзда тутилди.

    Мисол учун, “Erasmus+”, “Horizon Europe” каби дастурларда Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, академик алмашинувлар, тил ўрганиш ва инновацион тадқиқотлар соҳаларида Европа Иттифоқи тажрибаси шулар жумласидан. Президентимизнинг бу каби дастурларда Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, академик алмашинувлар, тил ўрганиш ва инновацион тадқиқотлар соҳаларида Европа Иттифоқи тажрибасини ўрганишга қаратилган навбатдаги ташаббуслари маърифатли, инновацион билимга эга ёшлар сафини кенгайтиришига шубҳа йўқ.

    Янги Ўзбекистонда Уйғониш маърифати, машъали кўтарилган. Президентимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини қуряпмиз, деган сўзлари бугунги хорижий давлатлар раҳбарлари билан мулоқотларда, юртимиздаги янгиланишлар, ўзгаришларда ўз нишоналарини кўрсатмоқда. Ренессанс — уйғониш маърифати, янги тараққиётнинг умуммиллий ҳаракати. У миллат тафаккуридаги тарқоқликни бартараф этиб, халқни ҳамжиҳат, кучли иқтидор, қудратли тўлқинга айлантиради.

    Қайси давлат юксак тараққиётга эришган бўлса, бу фақат таълимга эътибор, илм-фанни ривожлантириш туфайли содир бўлганига тарихда мисоллар кўп. Демократик жамият асоси бўлган таълим ислоҳотлар, тараққиётни тарғиб қилади ва инновацияларга йўл очади. Аксинча, илмсизлик оқибатида юзага келган барча муносабат низога айланиб, жамият тараққиётига рахна солади.

    Хавфсизлик ҳам устувор масалалардан бири. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё терроризмга қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштиради, хавфсизлик бўйича махсус мулоқотни йўлга қўяди. Ҳудудий хавфсизликни таъминлаш Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳар доим устувор йўналиш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.

    Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми “GSP+” тартиби туфайли барқарор ўсиб бормоқда. 2024 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш қиймати 6,4 миллиард долларга етиб, 2023 йилга нисбатан 5,2 фоиз кўпайгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

    2021 йилдан Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кириши савдо айланмасининг ижобий динамикасига кўмаклашди. Ушбу тизимнинг бенефициар аъзоси сифатида Ўзбекистоннинг матолар, кийим-кечак ва пластик маҳсулотлар каби қатор муҳим экспорт товарларига тарифлар бекор қилиниши экспортимизнинг ўсиши ва мамлакатимизга қўшимча сармоя жалб қилинишига имкон беради.

    Барқарор тараққиёт соҳасида “GSP+” олдидаги мажбурият Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқни кўра оладиган иқтисодий шерик сифатидаги позициясини янада мустаҳкамлайди. Имтиёздан энг кўп қўлланаётган маҳсулотлар таркибидан тўқимачилик, кийим-кечак, пластик маҳсулотлар, шунингдек, мева-сабзавот ва ёнғоқ ўрин олган. Бу эса Ўзбекистон экспорти тузилмалари ранг-баранглигини кўрсатади. Ушбу имтиёз туфайли савдо ҳажми йилдан йилга ўсиб бор­япти. Қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши эса Евроосиё қитъасининг индустриал харитасини тубдан ўзгартириб юборишга имкон беради. Чунки бундай ҳамкорликдан ҳар икки томон ҳам катта фойда кўради. Бунинг учун имкониятлар етарли.

    Масалан, мураккаб геосиёсий вазият ва глобал иқтисодиётдаги салбий жараёнларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ўсиш кўрсаткичини намоён этмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиларининг сўнгги ўрганишларига кўра, минтақадаги умумий иқтисодий ўсиш жорий йилда 5,3-5,5 фоизни ташкил қилади. Европалик экспертлар эса Ўзбекистонда йиллик ўртача 6,5 фоизлик ўсишни прогноз қилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз ўз олдига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига асосан ялпи ички маҳсулот ҳажми ва аҳолининг реал даромадини икки баробар ошириб, даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришни режалаштирган. Жадал саноатлаштириш сиёсати, жумладан, қайта ишлаш тармоқларига хорижий сармоя, хусусан, ЕИ давлатлари инвестицияларини кенг жалб этиш ушбу мақсадга эришишнинг асосий омили бўлади.

    Шу маънода, барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш устувор масала. Айниқса, Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириш муҳим. Бу йўл минтақанинг қиёфасини ўзгартириш, Хитойдан тортиб Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа каби бошқа минтақалар чегараларига уланиш, товар етказиш имконини беради. Мазкур йўлак Европага ҳам, Марказий Осиёга ҳам барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш учун ечимдир.

    Давлатимиз раҳбари мазкур саммит олдидан “Euronews”га берган интервьюсида алоҳида қайд этиб ўтганидек, “Марказий Осиё глобал транспорт занжирларининг муҳим бўғинига айланмоқда. Биз Транскаспий ва Трансафғон транспорт йўлакларини фаол ривожлантиряпмиз — бу мамлакатларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

    Шу тарзда Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда. Сиёсий ирода, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратди”.

    Хуллас, имзоланган келишувлар, ЕИ манфаатли лойиҳалар учун ажратган 12 миллиард евро маблағ, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар орқали тарихий алоқалар қайта мустаҳкамланди. Президентимиз бу билан дунёнинг Ўзбекистон ва минтақамизга ишончини тиклади. Буни ҳеч истисносиз Шавкат Мирзиёев феномени ва янги Ўзбекистонга ишончнинг амалий ифодаси дейишимиз мумкин.

    Юртимизда ўтказилаётган ҳар бир тадбир, ҳар бир учрашув Президентимизнинг “биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи бўлишимиз керак”, деган ғояларига мос келиши билан қалбимизда ифтихор уйғотади. Самарқанд декларацияси саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди. Бу ҳужжат томонларнинг стратегик шериклик ўрнатишга бўлган умумий интилишини акс эттирди. Декларация нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади.

    Исмоил САИФНАЗАРОВ,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates