Уни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Таъкидланганидек, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси 2025 йил 5-9 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Маълумки, 190 га яқин мамлакатлар парламентини бирлаштириб келаётган Парламентлараро иттифоқ Ассамблеяси йилда 2 маротаба ўтказилади. Мазкур тадбир фақатгина парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатлардагина ўтказилади.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоққа аъзолиги 2017 йилда қайта тиклангани таъкидлаб ўтилди. Ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимиз парламентаризм ва барқарор ривожланиш соҳасида жуда катта тажрибага эришган. Республикамиз ютуқлари йирик халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан алоҳида эътироф этиляпти.
Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясининг Ўзбекистонда бўлиб ўтиши тарихий воқеликдир, чунки бундай тадбир Марказий Осиё минтақасида илк маротаба ўтказиляпти.
Йиғилишда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган мазкур Ассамблеянинг асосий мавзуси «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» деб номлангани, унинг доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашиши қайд этилди.
Шунингдек, бир ҳафта давомида Парламентлараро иттифоқнинг қўмиталари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, ёшлар масалаларига бағишланган турли тадбирлар ташкил этилиши режалаштириляпти.
Ўз навбатида, Сенат Раиси мазкур тарихий ва нуфузли анжуманда барча бирдек фаол бўлиши кераклигига ҳамда уни юқори савияда ташкил этиш борасида қатор вазифаларга тўхталиб ўтди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.