Ўтган давр мобайнида дунё адабиётида назм ва насрдан тортиб илмий тадқиқотлар ва фалсафий асарларгача, сиёсий идеаллардан санъат намуналаригача тинчлик, халқлар ўртасидаги дўстлик ғояларини кенг тарғиб қилувчи беқиёс дурдоналар яратилди. Таъкидлаш лозимки, беқиёс асарларнинг буюк муаллифлари қолдирган мерос, уларнинг ўлмас ғоялари инсоният учун ҳаёт мактаби бўлиб келмоқда.
Жорий йил 7 июнда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва SCOLAR Network ёшлар платформасининг Тошкент хаби ҳамкорлигида ШҲТ мамлакатларининг буюк алломалари ижодида тинчлик ва бағрикенглик ғоялари таҳлилига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир ШҲТга аъзо давлатларнинг таниқли маданият, адабиёт, илм-фан соҳаси вакиллари асарларида илгари сурилган тинчлик ва бағрикенглик ғояларини ўрганиш, уларни ёш авлод вакиллари ўртасида оммалаштириш мақсадида ташкил этилди. Иштирокчилар ШҲТ маконида яшаб, ижод қилган алломалар ижодини чуқур таҳлил қилиб, Ташкилотга аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган турли ғоя ва тавсияларни илгари сурди.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, буюк шахсларнинг марварид фикрлари ёш авлодни тарбиялашда дастуриламал бўлиши лозимлигини таъкидлади. Марказ директори, шунингдек, ШҲТ давлатларининг буюк мутафаккир олимлари жаҳон маданиятига беқиёс ҳисса қўшганини эътироф этди. Уларнинг ноёб мероси билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида марказ томонидан ташкилотга аъзо давлатларда яшаб ижод қилган олим ва файласуфлар ҳақидаги маълумотлар тўпланган "Саккиз элнинг саксон буюк сиймоси" китоби нашр этилганини қайд этди. Қолаверса, тадбир иштирокчиларини маданиятлараро мулоқот, халқ дипломатиясини ривожлантириш учун самарали платформа яратиш, доимий равишда фикр ва тажриба алмашиб боришга чақирди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева буюк инсонларнинг ҳаёт йўли жамият, айниқса, ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилишини, улар қолдирган мерос эса, халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга замин яратишини таъкидлади.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бош мутахассиси Рисалот Ҳайдарова ШҲТ давлатлари буюк мутафаккирларининг мероси маданиятлар ўртасидаги тафовут, стереотиплар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга ёрдам беришини таъкидлади. Шунингдек, халқ дипломатияси ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатлар бардавомлигини таъминлашнинг муҳим воситаси эканини қайд этди.
Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада ШҲТга аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, тинчлик ғояларини кенг тарғиб қилиш ўзаро муносабатларнинг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатилган.
Мазкур саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маданиятлараро мулоқот учун рақамли платформалар ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш лозимлигини қайд этилган эди. Шунингдек, аъзо давлатлар халқларини яқинлаштиришга қаратилган виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий видеоконференцияларни ташкил этиб бориш, уларга ёш авлод вакилларини фаол жалб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган. Ташкил этилган мазкур давра суҳбати ушбу йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбир қатнашчилари буюк алломалар меросини чуқур ўрганишга қаратилган бу каби лойиҳаларни доимий равишда амалга ошириб боришга келишиб олди.