Мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланиш гидроэнергетика салоҳиятини қарийб уч баробарга оширади

    Энергетика 14 ноябр 2023 721

    2026 йилга бориб, мамлакатда ҳосил қилинадиган электр энергияси қувватининг 30 фоизини “яшил энергия” манбалари ташкил этиши мўлжалланган.Табиий равишда савол туғилади: башорат қилинаётган электр қувватларини яратишда ГЭСлар қандай ўрин тутади?

    Статистик маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 1991-2016 йиллар давомида ўртача йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 43 миллиард киловатт соатни ташкил қилган. 2021 йилга келиб, бу кўрсаткич 72 миллиард киловатт соатга етган. 2022 йилда эса 74,3 миллиард киловатт соат электр энергияси, яъни, 2021 йилдагидан 2,3 миллиард киловатт соат кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.

    Ўтган йили истеъмолчиларга 62,3 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилган ва бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 3,2 миллиард киловатт соатга ёки 5,5 фоизга кўп эканлигини англатади.

    Мамлакатимизда 1991 йилдан 2016 йилгача 2 655 МВт янги қувватлар ишга туширилган бўлса, 2016-2022 йилларда 5 000 МВтдан зиёд янги қувватлар ишга туширилди.Ўзбекистонда саноатнинг ривожланиши, аҳоли сони ва ишлаб чиқариш ҳажмининг йил сайин ўсиб бораётгани электр энергиясига бўлган талабни кундан-кунга оширмоқда.

    Шу ўринда аниқлик киритиб ўтиш жоизки, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85 фоизи газда ишловчи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келмоқда. Қолган қисми қайта тикланувчи энергия манбалари – ГЭСлар ва қуёш фотоэлектр станциялари томонидан етказиб берилмоқда. Жорий йил якунига бориб, улар сафига шамол электр станциялари ҳам қўшилиши кутилмоқда.

    Умуман олганда, 2026 йилга бориб, мамлакатда ҳосил қилинадиган электр энергияси қувватининг 30 фоизини “яшил энергия” манбалари ташкил этиши мўлжалланган.Табиий равишда савол туғилади: башорат қилинаётган электр қувватларини яратишда ГЭСлар қандай ўрин тутади?

    Аслида гидроэлектрстанциялар кундалик электр энергиясини барқарор таъминлашда самарали восита ҳисобланади. Улардан олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон ва экологик тозадир.

    Гидроэнергетика — асосий қайта тикланувчи энергия манбаи ҳисобланади. Бу жараёнда яшил энергетикани ривожлантириш аҳолини нафақат энергия билан таъминлашда, балки экологияни асрашда ҳам муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шу боис Ўзбекистонда соҳага катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”гиқарорига мувофиқ, 2023–2030 йилларга мўлжалланган соҳани янада ривожлантириш дастури тасдиқланган. Унга кўра, истиқболли лойиҳалар ҳисобига 2030 йилга бориб, амалдаги қувватлар ишлаб чиқариш ҳажмини 4 999 мегаваттга етказиш белгиланган.

    Шу нуқтаи назардан, Инвестиция дастури доирасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 1363 миллион доллар, қуввати 741 мегаватт ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2 118 миллион киловатт соатга тенг бўлган 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида жорий йилнинг ўзида жамият томонидан умумий қиймати 124 миллион доллар, ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 552 миллион киловатт соат, жами қуввати қарийб 200 мегаваттга тенг бўлган 7 та ГЭС ишга туширилади.

    Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 31 октябрь куни ўтказилган йиғилишда бу борада соҳада эришилган натижалар ижроси ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар мажуд салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда таҳлил этилди.

    Давлатимиз раҳбарига жамият тасарруфидаги корхоналар томонидан 2023 йилда 7 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳамда шу аснода давлат ғазнасига 714 миллиард сўмлик бюджет тушумлари амалга оширилиши, шунингдек, 1 423 миллиард сўмлик маблағлар инвестиция лойиҳаларини татбиқ этишга йўналтирилишини маълум қилинди. Шу билан бирга, гидроэнергетика дастурида кўзда тутилган лойиҳаларга қўшимча равишда 1 000 мегаватт қувват яратиш юзасидан ахборот берилди.

    Президентимиз 2030 йилни кутмасдан, 2024-2028 йилларда гидроэнергетика қувватини 6 000 МВтга (2,7 баравар), ўртача йиллик ишлаб чиқаришни 7 миллиард киловатт соатдан17 миллиард киловатт соатга етказиш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш ва бунинг учун соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

    Бунинг учун гидроэнергетиканинг янгиланган стратегиясига асосан, 37 та истиқболли лойиҳани жорий этиш ҳисобига амалдаги 2 225 мегаватт қувватга қўшимча равишдв 3 775 мегаватт қувват яратилиб, 2028 йилга бориб умумий энергия ҳосил қилиш ҳажмини 6 000 мегаваттга етказиш ва бу орқали ўртача йиллик ишлаб чиқаришни 17-19 миллиард киловатт соат ёки қарийб 3 бараварга ошириш лозим бўлади.

    Бу тарихий мақсадлар йўлида жорий йил якунига қадар:

    - қиймати 338 миллион доллар, қуввати 170 мегаватт бўлган Муллала ГЭС лойиҳаси бўйича Франциянинг ЭДФ компаниясидан тижорат таклифи олинади ва келгуси йилнинг биринчи чорагида очиқ тендер савдолари орқали хорижий инвестор аниқланади;

    - умумий қиймати 1 544 миллион доллар, қуввати 724 мегаваттга тенг бўлган 4 та ГЭС (Толдиқсой, Қоронғитўқай, Норин, Юқори Пском ГЭСдари) қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномаси ишлаб чиқилади ва хорижий инвесторларга таклиф этилади. 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида молиялаштириш юзасидан келишувлар имзоланиб, лойиҳани амалга оширишнинг фаол қисмига ўтилади.

    Бундан ташқари, мамлакатда сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, қуёш станцияларининг кенг кўламда қурилиши ҳисобига энергетика тизимида ростловчи қувватларни яратиш зарур бўлмоқда. Яъни, ГЭСнинг яна бир муҳим жиҳати, қуёш, шамол ва бошқа энергия ҳосил қилувчи манбалар муайян бир вақтда ишлаши оқибатида ишлаб чиқариш қувватларининг пасайишига сабаб бўлади. Бу даврда эса ГЭСлар томонидан ростловчи қувватларнинг ишга туширилиши айни муддао бўлиб, электр энергиясига бўлган талабнинг барқарорлигини таъминлайди.

    Шу жиҳатдан, жамият томонидан ана шундай лойиҳаларни барпо этиш мақсадида умумий қиймати 2 миллиард доллар, қуввати 1 200 мегаваттга тенг бўлган 2 та гидротўплаш электр станциясини (Хўжакент ва Юқори Пском) қуриш режалаштирилган. Бу каби муҳим аҳамиятга эга йирик лойиҳалар мамлакатимизда биринчи марта амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, уларнинг техник - иқтисодий асосномасини тайёрлаш бўйича соҳада бой тажрибага эга бўлган нуфузли хорижий ҳамкорлар жалб этилади.

    Ҳудудлар кесимида олганда, Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 700 мегаваттга тенг Муллала, Юқори Пском, Қоронғитўғай, Толдиқсой, Оқбулоқ ГЭСлари ва Ойгаин гидроэлектрстанциялари каскади ҳамда Хўжакент, Юқори Пском гидротўплаш электрстанциялари, Наманган вилоятида қуввати 224 мегаватт Норин ГЭС, Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 75 мегаватт бўлган Мизот ва Кштут ГЭСлари қурилиши мўлжалланган.

    Албатта, бундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни жалб этишда жамият ишончлилик мақомини янада мустаҳкамлашида жамиятнинг халқаро миқёсдаги нуфузи муҳим аҳамият касб этади.

    Маълумки, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тўрт йилдан буён жаҳонда етакчи “учлик” рейтинг тузилмаларидан бири ҳисобланган “Фитч Рейтингс” халқаро рейтинг агентлигининг“ББ-“ халқаро кредит рейтингини барқарор даражада сақлаб келмоқда. Қолаверса, 2023 йилда мустақил кредит рейтингини бир поғонага ошириб, узоқ муддатли эмитент рейтингини “Б+” даражага кўтаришга эришди. Шунингдек, жамият томонидан тез орада дунёнинг нуфузли агентлигини жалб этган ҳолда, “Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG)“ халқаро рейтингини олиш режалаштирилган.

    Жамият учун яна бир катта ютуқ, албатта, бу тасарруфидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналарда Марказий Осиёда илк бор “Яшил энергия” сертификати жорий этилганидир. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, энергия ҳосил қилувчи корхоналарда 2023 йил 1 июлдан эътиборан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун илк бор “Яшил энергия” сертификатлари тизими татбиқ этилди. Ҳозирги кунда “Яшил энергия” сертификатларининг биржа орқали хариди амалга оширилмоқда. Унга эга бўлиш , ўз навбатида, соҳага хорижий инвестицияларни янада кенгроқ жалб этишда ўзига хос кафолат вазифасини ўтайди.

    Бундан ташқари, ташқи беғараз кўмак (грант) маблағларини жалб қилиш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг октябрь ойида Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қуввати 20 мегаватт Чорвоқ шамол электр станциясини қуриш лойиҳасига Хитойнинг 28 миллион долларлик грант маблағларини ажратиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳа доирасида янги авлодга мансуб 4 дона, ҳар бирининг энергетик қуввати 5 мегаваттга тенг шамол электр станцияси қурилади. Бунинг натижасида йиллик ўртача 43 миллион киловат соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади.

    Мамлакатимиздаги мавжуд гидро салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш мақсадида жамият томонидан жорий йилда умумий қуввати 27 МВтга тенг бўлган 23 та микро ГЭС лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бугунги кунда умумий қуввати 0,4 МВтга тенг 2 та микро ГЭС, жумладан, Тошкент вилоятида Испайсой микро ГЭС ва Андижон вилоятида Завроқ микро ГЭСи ишга туширилди.

    Аҳамиятли жиҳати, амалиётга татбиқ этилган мазкур микроГЭСлар лойиҳаси республика бўйлаб “Андижон тажрибаси” сифатида ном олиб, барча маҳаллий ҳокимликларга намуна сифатида таклиф этилмоқда. Бу борада жорий йил якунига қадар умумий қуввати 14,4 МВтга тенг бўлган яна 13 та лойиҳа ишга туширилади. 2024 йилда умумий қуввати 17 МВтлик 18 та микро ГЭС лойиҳасини амалга оширилиши мўлжалланган.

    Соҳани ривожлантиришга, унга хусусий секторни кенг жалб қилишга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Бунинг учун барча ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар яратилган. Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида кичик ва микро ГЭСларни қуриш истагидаги тадбиркорларга ерларни 20 йил муддатга ижарага бериш, улар ишлаб чиқарган электр қувватини давлат томонидан кафолатли сотиб олиш тизими жорий қилинган. Тадбиркор аукциондан микроГЭС лойиҳасини ютиб олгандан сўнг, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Лойиҳа институтига буюртма беради. Танланган жойи ва ўзининг талабига мос лойиҳани олганидан сўнг асбоб-ускуналарни буюртма қилиб, қурилиш-монтаж ишларини бошлайди.

    Тадбиркорлар белгиланган тариф бўйича ишлаб чиқарилган электр энергияси истеъмолидан ортган қисмини давлатга кафолатли тарзда 1 350 сўмдан сотиши мумкин. Бу жамият тасарруфидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқилган электр энергияси таннархига нисбатан қарийб 3 (2,7) баробар қимматга сотиш имкониятини беради.

    Кўриб турганингиздек, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти халқ фаровонлиги ва саноати равнақи йўлида улкан марраларни забт этишни ўзининг бош мақсади сифатида белгилаб олган. Аминманки, жамият бошқаруви ва унинг таркмибидаги корхоналарда фаолият юритаётган ўз касбига садоқатли, шу билан бирга, фидойи ва меҳнаткаш ишчи-ходимларимиз сайъ-харакати билан бу мақсадларга, албатта, эришамиз.

    Абдуғани САНГИНОВ,

    “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси,

    сенатор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates